15:49 / 28.04.2018
77097

Уч опа-сингил ўлими билан боғлиқ иш. Экспертлар бошлиғи ваъда берди

Кеча, 27 апрель куни KUN.UZ сайтида “3 опа-сингил ўлими билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар берилди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда бир кунда нобуд бўлган уч нафар опа-сингил воқеаси тафсилотлари ёритилган ва воқеалар ривожи кузатиб борилиши айтилган эди. Маълумот ўрнида келтириш керакки, айни дамда жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида 3 опа-сингил ўлимида айбдор шахсларга нисбатан суд ҳаракатлари билан боғлиқ тафсилотлар кўриб чиқилмоқда ва ўрганилмоқда.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг 2017 йил 16 ноябрдаги 1996, 1998 ва 1999-сонли хулосаларига кўра, вояга етмаган Қосимова Моҳира, Мухлиса ва Мунисаларнинг ўлими “Эналаприл”дан ўткир заҳарланиш натижасида юз берган, деб айтилган.

Бироқ қизлар ўлимининг ҳақиқий сабаблари тўлиқ ўрганилмаган, болаларнинг “Эналаприл”дан заҳарланганликлари ҳақидаги экспертларнинг хулосаси бир-бирига зид. Яъни, қизлар “Эналаприл”ни оилавий поликлиникага боргунча – 2017 йил 8 ноябрь куни, соат 10.00гача қабул қилганлиги ҳақидаги хулоса “Эналаприл”нинг энг юқори концентрациясига етиб бориши - қўлланилгандан 1 соатдан кейин, фаол заҳарланиш ҳолатига етиши – 3-4 соатдан кейин юз беришидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, қизларнинг “Эналаприл”ни қабул қилган вақти ва уларнинг ўлими юз берган вақт орасидаги катта тафовут келиб чиқмоқда. Шу сабабли ўлим сабаби тўғрисидаги эксперт хулосасининг тўғрилигига шубҳа туғилмоқда.

KUN.UZ мухбирининг хабар қилишича, Суд мажлисида вафот этган қизларнинг ота-онаси З.Мўминов ва Д.Мўминова ҳамда бошқа гувоҳлар қизларга юқумли касалликлар клиникасида узоқ вақт давомида ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаганлигини баён қилишган. Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда, тез ёрдам автомашинасининг чақирув варақасида ёзилишича, тиббий ёрдам автомашинаси қизларни ЭМЮКИТИга (Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникаси) соат 22:30да олиб борган, бироқ ЭМЮКИТИ шифокори А.Мустафокулова томонидан тўлдирилган 2010 йилда туғилган Муниса Қосимова ва 2011 йилда туғилган Мухлиса Қосимоваларнинг 6794, 6795/2336-сонли касаллик тарихлари соат 22:55да очилган. Шу билан бирга қизлар ўлими ва келган вақтлари ораси ҳам 3-5 соатни ташкил қилади. Шифокорлар бу вақт орасида қаерга қарашган? Нега ўзларининг билимлари етишмаса мутахассисларга зудлик билан хабар қилишмаган? Бир оиладан уч фарзанднинг ўлими бу ҳақиқий фожиа эмасми?!

Демак экспертлар томонидан ЭМЮКИТИ шифокорлари Муниса ва Мухлиса Қосимоваларга кўрсатган тиббий ёрдам ва уларнинг ўлими сабаблари ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўрганилмаган.

2017 йил 25 декабрдаги 101-сонли қайта комиссиявий суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, қизларни ЭМЮКИТИ клиникасига олиб келингандаги аҳволлари бир вақтнинг ўзида турлича баҳоланган.

Юқумли касалликлар клиникасига келганда мутахассислар (навбатчи врач ва анестезиолог-реаниматолог) томонидан қизларнинг аҳволи терминал деб баҳоланган, болалар юқумли касалликлар клиникасига критик ҳолатда олиб келинган.

Юқумли касалликлар клиникасида вафот этган қизларнинг ота-онаси, уларнинг яқин қариндошлари, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, қизлар шифохонага ўз оёғида юриб кирган, ҳар иккаласининг ҳам ҳуши ўзида бўлган, гаплашиб ўтиришган, берилган саволларга аниқ-аниқ жавоб беришган.

Бирламчи ва қайта экспертизалар бир-бирига қарама-қарши топилиб, бирламчи экспертизани амалга оширган экспертлар ўз фикридан қайтмаган бўлса-да, дастлабки тергов органи томонидан улар сўроқ қилиниб, уларнинг хулосаси шубҳа остига олинган.

Жумладан, 2017 йил 20 ноябрдаги 68-сонли комиссиявий суд-тиббий экспертизаси эксперт хулосасини берган, ЎзР СТЭ Бош Бюроси қайта ва комиссиявий экспертизалар бўлими эксперти лавозимида ишловчи У.М.Мусаев ва Тошкент Врачлар Малакасини ошириш институти болалар анестезиология, реанимация ва интенсив терапияси кафедраси мудири лавозимида ишловчи И.А.Сатвалдиевалар гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганларида “Бирламчи комиссиявий суд-тиббий экспертизасини ўтказиш вақтида улар жиноят иши материаллари билан танишмаганликларини ва терговда аниқланган ҳолатлар ҳақида хабарлари бўлмаганлигини, маълумотларга эга бўлганида “балким бошқа хулоса берган бўлар эдик”, деб кўрсатма беришган.

Бундан ташқари, ЭМЮКИТИ қабул бўлимида қизларга бирламчи “озиқ-овқат токсикоинфекцияси ва номаълум модда билан заҳарланиш” ташхиси қўйилган, ЭМЮКИТИ врач-реаниматологи Х.Гиясов томонидан эса Муниса Қосимованинг ўлимидан кейинги эпикризида асосий касаллик “озиқ-овқат токсикоинфекцияси, асорати инфекцион-токсик шок”, деб ташхис қўйилган. Экспертлар ўз хулосасида Н.Тўлаганов қўйган “озиқ-овқат токсикоинфекцияси” ташхисини нотўғри деб, аммо шифокор Х.Гиясов томонидан қўйилган худди шундай ташхисни тўғри, деб баҳолашган.

Адвокат Л.Петриченко ва У.Мирзаевлар қайта комплекс суд-тиббий экспертизаси тайинлашни сўради.

Суд илтимосномада келтирилган важларни ўрганиб, жорий йилнинг 13 апрелида прокурорнинг фикрини тинглаб, қизларнинг ўлими сабаби ва уларга кўрсатилган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан ўтказилган экспертиза бўйича берилган хулосаларда айрим бўшлиқлар ва шубҳали, бир-бирига зид хулосалар мавжудлиги, мазкур бўшлиқларни тўлдириш ва хулосалардаги шубҳаларни, қарама-қаршиликларни бартараф этиш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатни аниқлаш ҳамда адвокатнинг илтимосномасини қаноатлантириб, мазкур ҳолат юзасидан комплекс экспертиза тайинлашни лозим топган эди.

Лекин Бош бюро бошлиғи А.И.Искандаров эса 25 апрель куни экспертлар таркибини ўзгартиришни сўраб судга мурожаат қилган. Сабаб сифатида экспертизани мукаммал ўрганиш учун соҳанинг профессионал ходимлари кераклигини асос қилган. 26 апрель куни эса қўшимча ажрим билан экспертлар таркибига ўзгартириш киритилди. Бюро бошлиғи А.И.Искандаров эса суд мажлисида виждони олдида экспертизани тўлиқ ва холисона ўтказишга номи ва шарафини ўртага қўйиб ваъда берди.

Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид
Top