“Жадидлар” тўплами. Бу ташаббус нега бирдек илиқ қарши олинмади?
23 минг нусхада босилиб, текин тарқатилаётган “Жадидлар” тўплами 2 ойдирки, ижтимоий тармоқларда мақтов ва танқидлар остида қолиб кетди. Баҳслар асосан тўпламга сарфланган пул ва китоб савияси ҳақида бормоқда. Хўш, жадидлар ҳақидаги китобга ўзбек аудиториясида қандай эҳтиёж бор эди ва нашр ўзини оқлайдими, китобнинг ютуқ ва камчиликлари нимада?
“Жадидлар” тўплами ўзбек жадидчилигининг 8 нафар йирик вакили: Ғулом Зафарий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, асарлари ҳақида китобхонга қисқа маълумот беришга ҳаракат қилади. Тўплам Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан лотин алифбосида нашр этилган.
Ўртача 150 бетли 60х84 бичимидаги китобчалар қутиларга солинган шаклда китобхонларга тақдим этилди. Агентликнинг маълумот беришича, тўплам устида 4 ой давомида 20га яқин мутахассис ишлаган. Тўпламдаги 8 китобга 8 нафар жадидшунос олим муаллифлик қилган. Улар орасида жадидшуносликнинг дарғалари саналган Ҳамидулла Болтабоев, Баҳодир Каримов каби олимлар бор.
Ҳар бир жилд „Адиб ҳаёти“, „Фаолияти ва ижоди“, „Ҳикматли сўзлари“, „Эътироф“ ҳамда „Фойдаланилган адабиётлар“ бўлимларига бўлинган.
Лойиҳа учун 1,5 млрд сўм ажратилган
Агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаевнинг берган маълумотига кўра, “Жадидлар” тўпламини тайёрлаш ва 23 минг (ҳар бир тўпламда 8тадан жами 184 мингта китоб) нусхада чоп этиш учун агентлик томонидан 1 млрд 416 млн 800 минг сўм маблағ ажратилган.
“Жадидлар” тўпламидаги ҳар бир китобни ёзиш учун муаллифларга 10 миллион сўмдан гонорар ажратилган. Ҳар бир тўплам ўрта ҳисобда 61 600 сўмга, ҳар бир китобча эса 7 700 сўмга тўғри келмоқда.
Бюджетнинг бошқа харажатлари билан таққослаб, фойдали йўналишдаги китобларга ажратилган маблағни камтарона дейиш мумкин. Бироқ танқидчилар бу тўпламнинг жадидлар ҳақида чиқарилган биринчиси ҳам, мукаммали ҳам эмаслиги, мукамалликка даъво қилмайдиган тўпламни нашр қилиш нега керак бўлганини сўрашмоқда.
Алишер Саъдуллаевнинг айтишича, нашрдан мақсад – “Жадидлар” китоби тўпламини аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали маърифатпарвар жадид боболаримиз ҳақида ҳар бир ёшнинг хабардорлигини ошириш ҳисобланади.
Агентлик раҳбарининг фикри бир қараганда умумий гапга ўхшаб тасаввур уйғотади. Чунки жадидлар ҳақида олдин нашр этилган тўпламлар ҳам кенг оммага мўлжалланганди ва жадидларни танитиш мақсад қилган. Хўш, унда “Жадидлар”нинг ўзига хос жиҳати нимада?
“Китоблар мактаб ўқувчисига тушунарли бўлиши учун ёзилди”
Бу саволга тўпламнинг “Абдулла Қодирий” китоби муаллифи, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов жавоб берар экан, китобга ҳар қачонгидан ҳам ишончли бўлган, баҳсли бўлмаган маълумотлар киритилгани, айрим маълумотлар кенг жамоатчилик учун ҳам янги эканини таъкидлайди.
— Китобнинг 8та бўлишининг сабаби ён томондан қараганда “Жадидлар” деган ёзув кўриниши учун эди. Лекин жадидлар бундан анча кўп. Агентлик ташаббус қиладиган бўлса, яна 8тасини чиқаришимиз мумкин. Китоблар мактаб ўқувчисига тушунарли бўлиши учун ёзилди. Далиллар ўқувчиларни иккилантирадиган баҳсли, муаммоли бўлмаслиги керак эди. Ўқувчиларнинг қўлига етиб бораётган китобларга мутахассислар 1-2 йил эмас, 10 йил, чорак аср давомида йиғиб юрган фикрларнинг қаймоғини киритдилар.
Ва бу ерда муҳим бир жиҳат бор: жадидларнинг ўзи кимлар, жадидлар деган сўзнинг маъноси нима, жадидларнинг мақсадлари нимадан иборат бўлган, деган қирраларни қамраб олишга ва ўқувчиларга тақдим этишга ҳаракат қилинди. Бу китобнинг муҳим жиҳати – бугунги ўқувчи фикрини тарбиялайди, Ватан, миллат тақдирига бефарқ бўлмасликка ундайди.
Яна бир жиҳат бу – китобга киритилган айрим гаплар янги. Чунки муаллифлар айрим маълумотларини ноёб фондлардан топиб, илмий конференцияларда ёки 100-200 дона нашр қилинган китобларида маълум қилган. Улар кўпчилик учун янги, дейди олим.
“Мақсадимиз китобни ўқитиш эмас, манбани излаб топиб ўқишсин”
Тўпламни нашр этилиш мақсадлари ҳақида “Абдурауф Фитрат” китобини тайёрлаган профессор фитратшунос Ҳамидулла Болтабоев ҳам фикр билдирди. Олим китобнинг расмини ижтимоий саҳифаларга қўйгандан кўра, уни ўқиб хулосаларни оммага билдирган афзалроқ дейди.
— Китобни тарқатишда аввало уни эгасига, қизиқувчига бериш керак. Кимнидир тарғиб қилиб қизиқтириш масаланинг бир томони, лекин иккинчи томони – китоб ўз эгасига етиб бориши керак. Ижтимоий тармоқларда кузатиб боряпман. Кўпроқ китоб ўқиганлар эмас, китоб олмоқчи бўлган ва олганларнинг миннатдорчиликларидан иборат бўлиб қоляпти. Мана шу 8 улуғ жадид боболаримизнинг ҳаётини бирданига ҳаммасини ўқиб бўлмайди: танлаб олиб ўқиб, шулар бўйича савол-жавоб бўлишини истардим.
Эртага менинг китобимни ўқиган одам, Фитратнинг асарини ўқишга рағбат сезса, ана шунда мақсадимизга етган бўламиз. Мақсадимиз – китобни ўқитиш эмас, манбани излаб топиб ўқисин, дейди у.
Текинга тарқатилиш сабаби
Китобнинг жадидлар ҳақида олдин нашр этилганларидан яна бир фарқи – у текинга тарқатилмоқда.
Тўплам ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилганларга, профессор-ўқитувчиларга, талабаларга, ўқувчи-ёшларга, вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларига – барча мурожаат қилганларга бирдек етказиб берилади, деди Саъдуллаев.
Агентлик раҳбари тўпламни август-сентябр ойлари давомида мактаблар, профессионал таълим муассасалари, олий таълим муассасаларига – барча таълим ташкилотларининг кутубхоналарига мутлақо бепул етказиш режалаштирилгани, китоб барча таълим муассасаларига тўлиқ етказиб берилганидан кейин сотувга чиқарилишини айтди.
“Агар таълим муассасаларига тўлиқ етиб бормасдан туриб сотувга чиқса, битта нарсадан қўрқяпмиз, ярим йўлда ўша китоб сотувга чиқиб кетиши мумкин”, – дея тушунтирди Саъдуллаев китоб текин тарқатилиши сабабини.
“Абдурауф Фитрат” китоби таҳлили
Ютуқлар
Тўпламнинг Фитратга бағишланган китобини профессор Ҳамидулла Болтабоев ёзган. 144 бетдан иборат китоб адиб ҳаёти, ижоди, ҳикматли сўзлар, эътироф, фойдаланилган адабиёт каби 5 бўлимга ажратилган.
Фитратнинг ҳаёти ёзилган қисм мактаб дарсликларига киритилмаган, кўпчиликка номаълум бўлган маълумотлар билан тўйинтирилган.
Масалан, китобнинг 9-саҳифасида ўзбек тилидаги илк дарслик “Она тили”ни нашр қилдирган Фитрат бўлгани, у шунингдек, Бухоро илмий жамиятини тузгани ва жамият билан “Бухоро арки тарихи” асарини чоп эттиргани айтилган. Шунингдек, китобда фрунзечилар томонидан тўпга тутилиб, вайрона ҳолига келган Бухоро меъморий обидалари ва шаҳар сув иншоотларини тиклаш ишларига ҳам Фитрат бош бўлгани айтилган. Бу маълумотлар Фитрат асарлари жой олган 8-синф адабиёт дарслигидан топилмайди.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, жадид ҳаёти қисмига 1921 йил 23 сентябрда Фитрат таҳриридан чиққан Бухоро халқ шўролар жумҳурияти Конституцияси қабул қилингани маълумоти киритилган. Бу китобхонни ўша пайтда узоқ йиллар монархия йўли билан бошқарилган давлатни демократик ислоҳотларга етаклаган йўлбошловчилар ким бўлгани билан таништиради.
Ижодига бағишланган қисмида Фитрат асарларининг шираси: унинг шеърияти, публицистикаси, насрий асарлари, драмалари, илмий мероси, тилшунослиги, адабиётшунослигига оид сара намуналардан парчалар берилган.
Масалан, Фитратнинг “Қиёмат” ҳикоясидан берилган парчаларни ўқиб, китобхон уни топиб ўқишга рағбат сезади. Шунингдек, адибнинг “Худосизлар” журналида чоп этилган “Заҳронинг иймони”, “Қийшиқ эшон”, “Меърож”, “Оқ мозор” ҳикоялари босилгани ҳам кенг жамоатчилик учун янгилик бўлса керак.
Китобда Фитратнинг тилшунослик соҳасига қўшган ҳиссаси ҳам ихчам ва тушунарли усулда ёритилган. Унинг “Тилимиз” мақоласидан келтирилган ушбу парча бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган:
“Дунё саҳнасида ияру тақлиднинг ролин ҳеч бир миллат биз турклар каби адо эта олмаганлар. Биз қайси бир миллатнинг қайси бир нарсасига тақлид этмоқчи бўлсак, ўзимизнинг миллий руҳимизга қарамасдан тақлид этамиз”.
Камчиликлар
Китобнинг ўлчами ўқишга бироз ноқулайлик туғдиради. Тўғри, уни чўнтакда олиб юриш мумкин, лекин китоб кичиклиги учун мутолаа давомида қўлдан чиқиб кетаверади. Иккинчидан, сатрларнинг бир тарафи китоб саҳифаси тикилган жойга яқин, бу эса сатрни тўлиқ ўқишни қийинлаштиради. Бунинг учун китобни куч билан очиш талаб этилади ва натижада китобга шикаст етиши мумкин.
Фитратнинг ҳаёти ҳақида берилган маълумотлар тадрижийлик асосида берилгани китобхонни чалғитмай воқеаларни кузатиш имконини беради. Бироқ ҳаётига оид маълумотлар бироз хронологияга ўхшаб қолган. Яъни бўлган воқеа ва йили келтирилганидан ташқари, ўша пайтдаги сиёсий вазият ва воқеа сабабларига ойдинлик киритилиши керак.
Масалан, китобда “…. Бундай мактаблар Абдувоҳид Бурҳонов ва Миркомил Бурҳоновлар томонидан очилган бўлиб, 1919-1920 йилларда Бухоро инқилобий ходимларининг катта қисмини тайёрлаб бергани манба бўлди… Эски жадидларга А. Бурҳонов, сўл жадидларга Фитрат бошчилик қилди. Ниҳоят улар муросага келишиб, “Ёш бухоролилар” партиясини ташкил қилдилар”, деган маълумот бор. Шу ўринда савол туғилади, нега жадидлар 2 тоифага бўлинган ва матндаги “муросага келишиб” дейилгани нимага ишора? Жадидлар орасида қандайдир келишмовчилик бўлганми? Агар шундай бўлса, эски жадидлар нимани хоҳлаган ва янги жадидлар-чи, деган савол туғилади. Шуларга изоҳ бериб кетилса, фойдали бўлар эди. Чунки воқеанинг сабаби уни эслаб қолишни осон ва қизиқарли қилади.
“Сўл жадидлар” намойиш бошламоқчи бўлгани ҳақида гапирилган ўринда уларда намойиш ўтказиш фикри қандай пайдо бўлганига изоҳ берилмаган. Шунингдек, амир намойишчиларни ўққа тутгани ҳақида маълумот берилиб, дарҳол Фитрат Самарқандга кетгани ҳақида гапирилган.
Тарихий манбаларда амир ва “Сўл жадидлар” ўртасида жиддий тўқнашув бўлгани, жадидлар ҳалок бўлгани, намойишчилар нега енгилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Тахминимизча, бу каби маълумотлар китобни катталаштириб юбормаслик учун киритилмаган бўлиши мумкин. Лекин китобхон учун амир ва жадидлар орасидаги тарихнинг бурилиш нуқтаси доимо қизиқ. Бир сўз билан айтганда, Фитратнинг сиёсий фаолияти ҳақида кам маълумот берилган.
Фитратнинг Бухорода ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилдиришда қўшган ҳиссаси ҳақида ёзилган ўринда Бухорода ўша пайтда қайси тил давлат тили бўлгани ҳақида ҳам маълумот бериб кетиш ўринли бўларди. Тил масаласида қандайдир чалкашликлар ёки зиддият бўлгани тушунтирилиб, ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилишнинг аҳамиятини кўрсатиб бериш керак эди. Чунки тил масаласи ҳамма даврларда ҳам катта ислоҳот саналади.
Китобда Фитратнинг қамоққа олиниши, унга қандай айблар қўйилгани ва вафоти ҳақидаги маълумотларга ўрин берилмаган. Фикримизча, миллат фидойисининг сўнгги кунлари, унга қўлланган адолатсизликлар ҳақида авлодлар кўпроқ билишга ҳақли.
Китоб мақсадига эришганини билиш мумкинми?
Тайёр йўлларни бузиб, уларни қайта қуриш ёки турли тадбирбозликлар учун миллиардлар ажратишдан кўра, китобга маблағ ажратиб, уни ёзишни олимларга топшириш эътирофга лойиқ, албатта. Аҳолимизнинг жадидлар фаолиятидан хабардорлиги уюятли даражада эканини ҳисобга олсак, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп.
Афсуски, тўплаб тарқатила бошлаганига 2 ойдан ошган бўлса-да китоб ким учун қай даражада фойдали бўлгани ҳақида кам гапириляпти. Китобхонларнинг шахсий саҳифаларини асосан китоб билан тушилган расмлар эгаллаяпти, тақриз ва мутолаа мулоҳазаларини деярли учратмайсиз.
Яна бир очиқ қолаётган савол шуки, китобни текин тарқатиш уни кўпроқ одам ўқишига ёрдам берадими, бу тарғибот усули иш берармикан?
Балки китоб қанчалик ўз мақсадига эришганини билиш учун бир неча йил вақт керакдир. Агар китоб олганлар ўз саҳифаларида китобни олганлари ҳақида эмас, ўқиганлари, ундаги маълумотлар ҳақида ҳам постлар қўйсалар, китоб маълум маънода ўз мақсадига етган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, китобни олганлар ёки уни ўқиганлар ўртасида тадқиқот, сўровномалар ўтказиш орқали ҳам буни аниқласа бўлади.
Бироқ кўпчиликнинг ичида бир ҳадик кезиб юрибди: китобга меҳримиз билан мақтана олмай қолганимизни инобатга олсак, тўпламлар тарғиботи билан ҳар қанча шуғулланмайлик, улар мактаблар, ташкилотлар, ўқувчилар токчаларида чанг босиб қолмасмикан?
Умуман, мақсад аҳолининг, айниқса ёшларнинг жадидлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш экан, улар кунини ўтказаётган интернет ва медиада тарғиботнинг замонавий, оригинал ва бадиий таъсирчан усулларини ҳам қўллаш керак эмасмикан?
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист