12:14 / 23.08.2021
35808

Фарғонада президент мактабига қабул имтиҳонида адолатсизлик бўлгани айтилмоқда

21-22 август кунлари Фарғона вилоятида ўтказилган президент мактабига қабул имтиҳонида пастки ва юқори синф ўқувчиларига бир хил даражадаги тестлар берилгани, айрим номзодлар имтиҳонга тестларни ёдлаб киргани ва ўқувчиларга жавоблар белгиланган саволлар китоби тарқатилгани айтилмоқда.

21-22 август кунлари республика бўйлаб 14та ҳудудда президент мактабларининг 5-10-синфларига қабул имтиҳонларининг иккинчи босқичи ўтказилди. 2-босқичда номзодлар инглиз тили ва мантиқий фикрлаш фанларидан имтиҳон топширишди. Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фарғона давлат университети стадионида ўтган 2-босқич имтиҳонлари адолатсиз бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Ўқитувчи ва блогер Исроил Тиллабоев Facebook саҳифасида ёзишича, 21 август куни Фарғона давлат университети стадионидаги қабул имтиҳонларида 1-сменада 5-6-синфлар ва 2-сменада 9-10-синфларга бир хил - B тоифадаги тестлар тарқатилган. 5-6-синфлар ўзидан катта синфлар учун мўлжалланган, 9-10-синфлар эса ўзидан кичик синфлар учун мўлжалланган тестларни ечишган. Қоидага кўра, инглиз тили имтиҳонида саволлар қийинчилик даражаси 5-6-синфларга A даражали, 7-8-синфларга B даражали ва 9-10-синфларга C даражали тестлар берилиши керак.

Бундан ташқари, Исроил Тиллабоев худди шу ҳудудда 22 август куни ўтказилган тест синовларида ўқувчиларга жавоблари белгиланган саволлар китоби берилгани ҳақида ёзган.

“22 август куни 7-8-синфларга топширувчи ўқувчиларга ундан ҳам расво ишлар қилишди: аввал қоидага кўра инглиз тилидан тест бериш керак эди, булар кутилмаганда режани ўзгартиришди, биринчи мантиқий, танқидий масалаларни беришди, у тугагач 20 дақиқа танаффус берилиши белгиланган эди, негадир танаффус, бугунги иссиқда 45 дақиқага чўзилади, болалар иссиқда қолиб кетади ва уларга стадионга кириб келган Кобалт машинасидан инглиз тилидан тест беришади. Биласизми, қандай тест, кеча иккинчи сменада берилган худди ўша B тоифа тестлар берилади.

Энг шармандали ҳолат шуки, болалар тест саволномани очишса, жавоблар қаламда белгиланган ва ўчирилиб-ўчирилмаган жавобларни кўради”, дейилади постда.

Имтиҳон ўтказилиш тартибига кўра, Cambridge Assessment International Education 1-босқичдан муваффақиятли ўтган ўқувчилар сонига қараб инглиз тили имтиҳони учун тест саволлар китобини юбориши, имтиҳон бошланишидан олдин пломбаланган тест саволлар китоблари очилиб, ўқувчиларга тарқатилиши керак эди. Ўқувчилар тестни ечганидан сўнг жавоблар ва саволлар варақаси биргаликда Cambridge Assessment International Education’га юборилиши белгиланган.

Исроил Тиллабоевнинг айтишича, у тест саволларини ёдлатган ўқув марказларининг ўқувчилари суҳбатига гувоҳ бўлган.

“Саволни бир қатор ўқиб жавобни белгилаб кетавердим, кеча биз кўрган тестлар шундоқ тушиб берди, демоқда хурсандчиликдан ўзига сиғмаган ўқувчи. Нарироқда эса бу ишлардан бехабар, ўша тестларни ўз кучи билан ечишга ҳаракат қилган ўқувчилар эса саволлар узунлиги ва бир саволга 45 секундгина берилгани учун ечишга улгуролмаганидан йиғлаб ўтирибди”, дея ёзган блогер.

Kun.uz манбаларининг маълум қилишича, Сирдарё вилоятида ўтказилган президент мактабига қабул имтиҳонининг 2-босқичида ҳам юқоридаги ҳолатлар такрорланган бўлиши мумкин.

Президент таълим муассасалари агентлиги матбуот хизмати бу мурожаат агентлик томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. Тез орада Президент таълим муассасалари агентлиги масъуллари, Қабул комиссияси раиси ва Cambridge Assessment International Education ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стиве Кинг онлайн баёнот беришади.

Маълумот учун, президент мактабларига кириш имтиҳонларининг 1-босқичи 26-28 июль кунлари ўтказилганди. Унда ўқувчилар математика фанидан тест топширган. Натижалар 7 август куни Cambridge Assessment International Education ташкилоти веб-сайтига жойлаштирилган.

Top