14:42 / 13.02.2020
6
48440

Қўқонда Хитойдан қайтган талаба ўлими ҳақида хабар тарқалди. Вазирлик у ис газидан вафот этганини маълум қилди

5 февраль куни Қўқонда Хитойдан қайтган 20 ёшли талаба вафот этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг ўлими сабаби ис газидан заҳарланиш бўлганини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги интернетда 5 февраль куни Қўқонда Хитойдан қайтган 20 ёшли талаба йигит вафот этгани, унинг ўлими коронавирус билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

«Жорий йил 5 февраль куни Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ҳаётобод қишлоғида яшовчи, 2000 йилда туғилган Абдуқодиров Муҳаммадбобур Мунаввар ўғли ўзи истиқомат қиладиган уй ҳаммомига ювиниш учун кириб кетиб, бир неча соат давомида қайтиб чиқмаган. Шундан сўнг унинг яқинлари ҳаммом эшигини бузиб киришганида йигит жонсиз ҳолатда ётганлиги маълум бўлган.

Гарчи фуқаро ҳаммомдаёқ ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, яқинлари Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган. Қабул диагностика бўлимида реаниматологлар томонидан жасад зудлик билан кўрилганда, биологик ўлим аллақачон содир бўлгани тасдиқланган. Бу ҳақда дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилган ва мурда суд тиббий экспертизадан ўтказиш учун Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасига юборилган. Дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида марҳумда ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган.

Маълум бўлишича, М. Абдуқодиров тил ўрганиш мақсадида Хитой давлатига борган бўлиб, жорий йил 31 январь куни Жанубий Корея давлати орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.

У юртимизга қайтиб келган куниёқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган бўлиб,унда ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмаган. Буни М.Абдуқодировнинг амбулатор картасидаги маълумотлар ҳамда яқинлари билан ўтказилган суҳбат ҳам тасдиқлади.

Дастлабки суд тиббий экспертиза хулосаларига кўра, М.Абдуқодировнинг ўлими ис газидан заҳарланиш оқибати бўлиб, айни пайтда Хитойда тарқалган коронавирус хасталиги билан ҳеч қандай боғлиқлик аломатлари аниқланмади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби Ўзбекистонда 12 февраль ҳолатига кўра коронавирусга чалинган беморлар йўқлигини маълум қилган.

Шу кунгача 834та намуна коронавирус инфекциясига текширилган ва ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган.

«Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 11 февраль куни хорижий давлатлардан 30та самолёт қабул қилиниб, 3873 нафар фуқаро, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ марказий санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6та санитария-карантин пунктидан 5та поездда жами 1121 нафар фуқаро, Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлар орқали 45 252 нафар фуқаро термометриядан ўтказилди.

12 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади», дейилади агентлик хабарида.

 
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top