Бензема шедевр гол урди, Месси музлаб қолди, «Реал»нинг омади келди, «Барса» ҳакамдан норози
Кескинлик ва драматизмга бой класико Мадрид ғалабаси билан тугади.
Испания чемпионати. Ла лига. 30-тур
«Реал» — «Барселона» — 2:1 (1:0)
Голлар: Бензема, 13 (1:0). Кроос, 28 (2:0). Мингеса, 60 (2:1).
«Реал»: Куртуа, Васкес (Одриосола, 43), Эдер Милитао, Начо, Менди, Каземиро, Кроос (Марсело, 72), Вальверде (Асенсио, 61), Модрич, Бензема (Иско, 72), Винисиус Жуниор (Диас, 72).
«Барселона»: тер Штеген, Дест (Гризманн, 46), Араухо (Мориба, 72), Мингеса, Лангле, Жорди Альба, Бускетс (Сержи Роберто, 64), де Йонг, Педри (Тринкан, 81), Месси, Дембеле (Брэйтуэйт, 81).
Огоҳлантиришлар: Педри, 23. Араухо, 26. Начо, 69. Жорди Альба, 84. Каземиро, 89.
Четлатиш: Каземиро, 90.
Ҳакам: Хиль Мансано.
10 апрел. Мадрид. «Альфредо ди Стефано» стадиони.
Куман «осон ўқилди»
«Бу машғулот майдони. Масалан биз «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндан олдин уларнинг шундай базасида тайёргарлик кўрамиз», — дея шов-шувли баёнот берганди Чемпионлар лигасининг Мадридда кечган биринчи учрашувидан кейин «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп. «Сантьяго Бернабеу»да катта кўламли реконструкция ишлари кетаётгани туфайли «Реал» рақибларни «Альфредо Ди Стефано»да қабул қилмоқда. Клоппга Зидан ҳам, Перес ҳам, клубнинг собиқ президенти Хорхе Вальдано (у реконструкциядан кейин «Сантьяго Бернабеу» билан солиштирганда «Энфилд» машғулот майдонига айланиб қолишини айтди) ҳам жавоб қайтарди. Аммо барибир класикони бундай стадионда кузатиш ноодатий ҳолат эди.
Бошқа томондан, футболчилар учун бу стадион ҳам синов майдони эди. Ҳақиқий талантлар ҳар қандай шароитда илҳом топа олишади. Худди кўп йиллар муқаддам бразилиялик Роналдо «Динамо» стадионининг «даҳшатли» чимида феноменал ўйин кўрсатгани каби.
Мадридда эса майдон идеал ҳолатда эди, юлдузлар ҳам ажойиб ўйин ваъда қилишарди. Мухлислар айниқса Лео Месси ижросидаги ўйинни кутишарди. Бунинг учун сабаблар етарли эди. Биринчидан, Серхио Рамоснинг жароҳати аргентиналик футболчига 45-класикосида мадридликлар сардорини испан футболидаги асосий ўйинларда иштирок этиш бўйича у билан тенглашиб олишга имкон берганди. Иккинчидан, «Реал»га қарши шанба кунги ўйин Месси учун кўк-анорранглилар либосидаги сўнгги ўйин бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида ҳаммаёқда ёзишди.
Лекин буни ҳатто рақиблар ҳам исташмаяпти, Зидан ўйиндан олдинги матбуот анжуманида шундай деди: «Бу Леонинг сўнгги класикоси бўлишини истамайман — у «Барса»да қола қолсин. Бу унинг ўзи учун ҳам, Ла Лига учун ҳам яхши».
Ла Лигада декабр ойи ўрталаридан бери мағлубиятга учрамай келаётган «Барса»нинг ҳар бир ғалабали баҳси Месси янги шартнома имзолашига бўлган шубҳаларни камайтириб келади. Хабарларга кўра, сардор Чемпионлар лигасини яна ютишга қодир бўлган жамоани қуриш режасини кўришни истайди. Жоан Лапортада эса бундай режа борлиги аниқ. Бундай жамоа ўзаги бўлиши керак бўлган ёш талантлар эса етарли. Шанба куни сўнгги 16 мавсумдаги класиколарда «Барса» энг ёш таркибни ўйнатди - жамоанинг ўртача ёши 25 йил-у 298 кунлик.
16 мавсум олдин бутунлай бошқа давр эди. Мессининг «Реал»га қарши илк ўйинини ўтказишига етти ой бор эди, ўйинда ҳисобни Зидан очганди. Ўшанда дунёнинг энг кучли футболчиларидан бўлган француз фаолиятининг сўнгги мавсумларини ўтказаётганди. Ҳозир ҳам у мураббий сифатида Роналд Кумандан кўра моҳирроқ эканини кўрсатди. Нидерландиялик мутахассис уч марказий ҳимоячи билан қурилган схемада (3-4-3 - Лангле, Араухо ва Мингеса ҳимояда, Альба ва Дест қанотларда) ўйнашини олдиндан айтиш мумкин эди. У кутилганидек Френки де Йонгни майдон марказига қайтарди. Бу орқали ўрта чизиқ мустаҳкамлангандек эди, аммо орқа чизиқда Рональд Араухо Карим Бенземага доҳиёна гол уришга йўл қўйиб берди, Винисиус Жуниорни жарима майдонига кириш жойида йиқитди ва бу Тони Крооснинг голига олиб келди.
Футбол шахмати ва омад
Куманнинг омадсиз чиққан тажрибаси ярим соат ўтмасданоқ ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйганди. Унинг эҳтиёткорона танлови фақат «Барселона» ҳимояда кординацияни йўқотишига ва ҳужумдаги учлик (Педри, Дембеле ва Месси) билан боғламлар узилишига сабаб бўлди.
«Реал» ҳар 15 дақиқа учун битта гол урди: Бензема товони билан мухлисларга эстетик завқ берувчи голни урди. 13-дақиқада мезбонлар қарши ҳужумга чиқишди, Феде Вальверде олдинга отилиб, бир неча сония ичида майдон ярмини босиб ўтди ва ўнг қанотда, рақиб жарима майдонига яқин жойда очилган Васкесни топди. У эса тез қарор қабул қилди ва тўпни дарвозабон майдончаси ҳудудига узатди, Араухо томонидан яқиндан қўриқлаётганига қарамасдан, бироз олдинга ўтиб кетгандек туюлган бўлса-да Бензема ҳақиқий футбол усталари каби ҳаракат қилиб, кутилмаган тарзда зарба берди.
27-дақиқада эса рақиб жарима майдонига ёриб кирмоқчи бўлган Винисиус Араухо томонидан фол билан тўхтатилди. Ҳимоячи сариқ карточкасини олди ва жонли деворга турди. Тўп олдига эса якунланаётган ҳафтани идеал даражада ўтказган Тони Кроос яқинлашди. Германиялик футболчи жуда кучли зарба бергани йўқ, аммо тўп Дестнинг елкасига теккан ҳолда йўналишини ўзгартирди - дарвоза чизиғи устида турган Альба ҳам ёрдам бера олмади - 2:0.
«Реал» ЕЧЛ чорак финалида «Ливерпуль»га қарши ўйинда бўлгани каби ўз вазиятларидан максимал фойдаланди. «Барселона» эса ўзига хос тарзда тўпга эгалик қилган бўлса-да (танаффусгача 69 фоиз), тўпни рақиб дарвозаси олдига олиб бора олмади. Гризманн ўрнига ҳужум чизиғида туширилган Педри рақиб жарима майдонида бирор марта тўпга тегинмади, Дембеледа эса тўртта тегиниш бўлди - ноаниқ зарба, икки марта тўп йўқотиш ва бир офсайд. Орқа чизиқда Каземиро ҳукмронлик қилди: 45 дақиқа ичида 10 марта ҳимоявий ҳаракат. Қанотда эса Вальверде Альбанинг барча уринишларини йўққа чиқарди. Иккинчи қанотда Дестда кўпроқ бўш ҳудудлар бўлди, аммо америкалик футболчи бу имкониятлардан фойдалана олмади. Қолаверса, бир неча марта Винисиусни ўтказиб юборди. Натижада, танаффусда мураббий уни Гризманнга алмаштириб юборди.
Биринчи бўлим охирида меҳмонлар ўйинни кучайтиришди ва стандарт вазиятлар юзага келтиришди. Месси аввалига бурчак зарбасини тўғри дарвозага йўллади, тўсин мадридликлар жонига оро кирди. Бир дақиқа ўтиб яна бир бурчак зарбасидан кейин Мессининг яқин масофадан берган зарбасини Куртуа тўсиб қолди.
Зидан эса яна ўзгача юришлар топа олди, бу орқали ўз кузирларини ишлата олди ва рақибнинг оғриқли нуқталарига зарбалар бера олди. Федерико Вальверде ўнг қанотга қўйилиши — деярли доҳиёна юриш эди ва бу тасодифий қарор ҳам эмасди. Асли марказий яримҳимоячи бўлган уругвайлик футболчи чемпионлик мавсумида қанотда ҳам юқори даражада футбол намойиш этган, ҳозир ҳам Лукас Васкес билан бу қанотни тўла назорат қилмоқда. Ҳимояда ишончли ўйнаш билан биргаликда, у Бенземанинг шедевр голи ижодкорларидан бўлди. У 35-дақиқада учинчи голни уриб «Барса»ни «кўмиб қўйиши» ҳам мумкин эди, аммо Вальверденинг узоқ бурчакка берилган зарбаси устундан қайтди, Васкеснинг қайтган тўпга берган зарбасини эса Марк-Андре Тер Штеген қайтарди.
Вальверденинг жароҳати — ўйинда бурилиш нуқтасидек эди. Зидан ишонч билдирмаётган Альваро Одриосола (у биринчи бўлим охирида жароҳатланган Васкеснинг ўрнига тушганди) ҳар томонлама кучсиз кўринди. Шу туфайли иккинчи бўлимда Жорди Альба бемалол бошини кўтариб ўйнай бошлади ва якунда Оскар Мингесанинг голи рўй берди. Албатта, бу голда бир ҳимоячидан воз кечган Куманнинг тактик қарорлари ҳам ўз ҳиссасига эга.
«Реал» тажрибали, аммо нисбатан ёши каттароқ жамоа, бу эса вақт ўтган сайин ўз таъсирини кўрсата бошлади, толиққан футболчилар ҳудудларни ёпишга улгурмай қолишди. Зидан нафақат футболчиларни алмаштирди (Кроос, Бензема ва Винисиус майдондан олиниб, Иско, Марсело ва Диас туширилди, аввалроқ жароҳатланган Вальверде ўрнига Асенсио ўйнай бошлаганди), балки схемани ҳам ўзгартирди (4-5-1), марказий ҳимоядаги муаммоларни футболчилар сонини ошириш орқали ҳал этишга тўғри келди - Каземиро орқароққа қайтди, Марсело ва Асенсио қанот яримҳимоячилари сифатида ўйнади.
Сўнгги 20 дақиқа бутунлай очиқ ўйин намойиш этилди: каталонияликлар тўпга эгалик қилиш бўйича қарийб 80 фоизлик кўрсаткич қайд этишди, мадридликлар эса қарши ҳужумларда ажойиб имкониятларга эга бўлишди (Марсело яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади).
Айрим паллаларда «Реал» сўнгги кучларини сарфлаб ҳимояланди. Жамоа яна голлар уриб рақибни синдира олмади, чунки «Ливерпуль»га қарши ўйинда бенефисини ўтказган Винисиус бу ўйинда ҳужумларни якунлашда ҳақиқий зараркунандага айланди. Одриосола яна бир хато қилди, бу хато эса можароли эпизодга сабаб бўлди. 83-дақиқага тўғри келган бу ҳужум вақтида Ферлан Менди дарвоза устуни яқинида Мартин Брейтуэйтни қўлидан тортиб йиқитди, бу вазиятда ҳеч қандай жиноят кўрмаган Хил Мансанони «Барса» футболчилари парчалаб ташлашига бир бахя қолди.
This is a clear penalty
— Cule Stegen (@CuleStegen) April 10, 2021
1. Mendy did not go for the ball
2. Mendy had contact with Braithwaite instead
3. Jordi Alba gets booked for complaining
4. Ronaldo Koeman gets booked for complaining
5. Where is VAR when you need them?
*Just spoiled El Classico for me pic.twitter.com/Znu1FyC1VQ
«Барселона» мухлислари мағлубиятга Хесус Хил Мансанонинг ҳакамлиги сабаб бўлганига шубҳа қилишмаяпти. Қизиғи, Испания чемпионатининг иккинчи даврасидаги энг асосий ўйинни ушбу рефери бошқариши режалаштирилмаганди, аммо ўйин бошланишига бир кун вақт қолганида Матеу Лаос жароҳатланди ва унинг ўрнини Мансано алмаштирди.
Каталонияликлар клубининг норозилиги бир неча эпизод билан боғлиқ. Уларнинг фикрича, «Реал»нинг биринчи голи урилган ҳужум Лео Мессига ишлатилган фол билан бошланганди. Аммо видеотакрорлар Мансано тўғри қарор қабул қилганини кўрсатди. Лекин биринчи бўлимдаги яна икки қарор жуда баҳсли. Тони Кроос гол урган жарима зарбаси белгиланмаслиги ҳам мумкин эди, чунки Винисиус Жуниор ўз ташаббуси билан йиқилганди. Усмон Дембеле «Реал» жарима майдонида Ферлан Менди билан контактдан кейин йиқилиши эса чиндан ҳам қоида бузилишига ўхшаб кўринганди. Агар Мансано Винисиус Жуниорга ишонган бўлса, унда нега Дембеле ва Менди ўртасидаги яккакурашга эътибор қаратмаган? Бундан ташқари, «Барселона» яна бир вазиятда пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин эди, ўшанда Каземиро жарима майдони ичида Клеман Ланглени тепганди, аммо ҳакам ҳужумда фол қайд этди.
Ўйин якунидаги шиддат
Очиқ футбол майдон марказидан ҳужумлар сонини оширди, натижада Каземиро сўнгги дақиқаларда икки сариқ карточка олди.
Аммо кучли ёмғир остида музлаб қолган ва футболкасини алмаштиришга мажбур бўлган Месси жарима зарбасидан яна гол ура олмади, умуман, у «Реал»га қарши ўйинларда қаторасига еттинчи ўйинда гол уролмаяпти (Криштиану Роналду кетганидан бери).
Меҳмонлар 90-дақиқадан кейин 6 марта зарба беришди. Куман ўйинни қутқариш учун туширган 18 ёшли Илайш Мориба Каталониянинг янги қаҳрамонига айлана олмади, Куртуа у берган зарбага ета олмади, аммо тўп тўсинга тегди. Сўнгги стандарт вазиятда тер Штеген ҳам рақиб жарима майдонига етиб келди, лекин у фақат Альбага халақит беришга яради, Альбанинг зарбаси ўйиндаги сўнгги ҳодиса бўлиб қолди.
Биринчи бўлимдаги ўйиндан кейин «Реал»нинг ғалабаси муқаррардек эди, аммо иккинчи бўлим кескин ва асабий кечди. Шунингдек, ҳиссиётларга бой ҳам — бу сўнгги йиллардаги энг ёрқин класиколардан бири бўлди. Бу куни испан грандлари хонаки майдонда ҳам ҳақиқий шоу уюштириб бера олишларини кўрсатишди. Балки, дуранг ҳисоб адолатли якун бўларди, аммо «Реал» муҳим ўйинларда ақл билан ҳаракат қилиб, натижага эришиш анъанасини давом эттирди. «Реал» ўз имкониятларидан максимум фойдаланди, «Барселона» эса йўқ. Лекин жамоа битта голдан кўпроққа муносиб ўйнади.
Энди чемпионатда интрига янада кучайди. Мағлубият «Барселона»ни чемпионлик пойгасидан чиқариб юбормайди, аммо энди «Реал»да яққол устунлик пайдо бўлди: каталонияликларни ҳали олдинда «Атлетико» билан ўйин кутмоқда, бу икки жамоа ҳам «Реал»га қарши ўйинларда ортда қолади.
• Месси ўйинда 7 бор зарба берди, аммо гол уролмади. У класиколарда сўнгги 21 зарбасидан гол уролмаган. Лео «Реал»га қарши сўнгги 7 ўйинни (567 дақиқа) голсиз тарк этмоқда – аргентиналик футболчи «Мадрид»ни Криштиану Роналду тарк этганидан бери класиколарда гол урмай қўйди.
• Месси 45-класикосини ўтказди – у фаолиятида «Реал»га қарши илк ўйинни 2005-ноябрида ўтказганди. Ҳозир Лео класикодаги иштироки сони бўйича – кечаги ўйинни жароҳати туфайли трибунадан кузатган Серхио Рамосга тенглашиб олди.
• «Реал» учун бу қаторасига 13-бор мағлубиятсиз ўйин ўтказиши бўлди: 11 ғалаба ва 2 дуранг. 1:1 ҳисобларидаги дуранглардан олдин ва кейин («Сосьедад» ва «Атлетико»га қарши ўйинлар) кучли ўйинлар ўтказилган, жумладан, ЕЧЛда уч ғалаба. Мадридликларнинг кейинги ўйини – еврокубок доирасида «Ливерпуль»га қарши сафарда кечади.
• Карим Бензема Ла Лигада қаторасига етти ўйинда гол урди – у бу икки ойлик даврда жами 9 голга муаллиф бўлган, «Эльче» ва «Сельта» дарвозаларига дубль қайд этилган. Энди француз тўпурарлар пойгасида Мессининг асосий таъқибчилари қаторида: унинг ҳисобида Суарес ва Мореноники каби 19 гол бор, Лео 23та гол урган.
• Бу класикога қадар Бензема Ла Лига ўйинларида «Барса»га қарши класиколарда тўққиз ўйин давомида гол урмаган – беш йил. Испания Суперкубоги ўйинлари ҳисобга олинса, унинг қуруқ серияси 3,5 йил давом этган. Энди Каримнинг «Барса»га қарши ўйинлардаги голлари сони 10тага етди, шунингдек, 9 ассист (жами 36 ўйинда).
• «Реал» класиколарда жарима нуқтасидан гол урмаганига 20 йилдан ортиқ вақт бўлганди. 2000 йилда Роберто Карлос жарима зарбасини голга айлантирганди.
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
12:23 / 15.12.2024