10:16 / 10.06.2021
11262

«Биз процессуал ҳуқуқларимизга кўра прокурорлар билан деярли тенгмиз, амалда эса...» — адвокат билан суҳбат

Адвокатура ривожланиши учун аввало судлар чинакам мустақил бўлиши керак, дейди тажрибали адвокат Раззоқ Алтиев. Унинг фикрича, тергов органи биносига киришдаги тартиб адвокатларни обрўсизлантиряпти, уларни ҳимоялаш учун Адвокатлар палатасида ваколатлар етарли эмас. Алтиев Kun.uz билан суҳбатда соҳага оид фикрлари билан ўртоқлашди.

Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси, «Biznes lawyers group» адвокатлик фирмаси раҳбари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Раззоқ Алтиев Kun.uz'га берган интервюсида адвокатура муаммолари ва соҳани ривожлантириш истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтди.

«ИИВ ва ДХХдан кўра, прокуратурага ижобий баҳо берган бўлардим»

— Ўзбекистондаги тергов органлари – ички ишлар, ДХХ ва прокуратура фаолиятига қанчалик баҳо берасиз? Улардан қайси бири демократик фуқаролик жамиятига энг фаол ва тез мослашяпти?

— Бугунги жамиятнинг ривожланиш тенденциясига мослашув тергов органларининг ҳар бирида қисман бўлса ҳам бор. Лекин қайсидир ҳолатларга кўра, прокуратура органларини ижобий баҳолаган бўлардим. Сабаби, улар илтимоснома киритилса ёки тергов органлари билан бўладиган жараёнларда адвокатлар ҳуқуқларининг таъминлаб берилиши, адвокатга халақит қилмаслик жиҳатлари бўйича бошқа органларга нисбатан ўзининг анча намунали позициясини кўрсатиб келади.

Бошқа тергов органларида ҳам муаммоли жиҳатлар жуда кўп деёлмайман, лекин айрим истисноли ҳолатлар бўлиб туради. Бу баъзи ҳолатларда тушунмовчилик натижасида, баъзида терговчининг савияси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

«Тергов органи биносига киришдаги тартиб адвокатни обрўсизлантиради»

— Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари, яъни адвокатларнинг ўзларининг ҳуқуқлари қанчалик таъминланган?

— Ўзбекистонда адвокатлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича муаммолар мавжуд. Буни инкор қилиб бўлмайди. Айниқса, бу жараён тергов органлари биноларига кириш жараёнларида жуда сезилади. Тўғри, бугунги кунда суд биноларига мобил телефонлар ёки компютерлар билан кириш чекловлари олиб ташланган, бу борада биз суд органларига эркин кириб чиқамиз. Лекин тергов органларига кириб чиқишда бу борада муаммолар кузатилади.

Яқинда шундай ҳолат бўлди: бир чет эллик инвесторни терговга олиб кириш жараёнида «мобил қурилмаларингни топшир», деган талаб бўлди ва махсус воситалар орқали бизнинг чўнтакларимизни текширишди. У чет эллик фуқаро, бунга тушунмади ва ҳайрон бўлиб сўради. Биз эса унга бу одатий тартиб эканини тушунтирдик. У «Нима учун сенинг қурилмаларингни олиб қўйишяпти?» деб сўради. Мен эса ичкарида овоз ва видео ёзиб олиш мумкинмаслигини айтдим. У эса «Ёзиб олишдан нега қўрқишади? Ҳозир ичкарида бирор ноқонуний ҳаракат бўладими?» деб яна ҳайрон бўлди.

Албатта, бу бизнинг имижимизга ҳам таъсир қилади.

Бундан ташқари, бугунги кунда судда ва тергов органларида тенглик принципи мавжуд эмас. Баъзи ҳолатларда ҳимоямиз остидаги шахс билан судга кирамиз. Бу айниқса иқтисодий судларда тез учраб турадиган ҳолат. Судя илтимос қилади: «Тарафлар, чиқиб туринглар, биз маслаҳат қилиб оламиз» деб. Шундан сўнг, судя ва прокурор маслаҳат қилиб олиб, ана ундан сўнг яна тарафларни процессга чақиради. Шундан сўнг, тарафларда табиий савол туғилади: судя ва прокурор тарафлардан холи тарзда алоҳида хонада маслаҳат қилишини қандай тушуниш мумкин?

Чунки прокурор ҳам тараф ҳисобланади, биз адвокатлар процессуал ҳуқуқларимизга кўра улар билан тенгмиз. Бу жараён қайсидир вилоятдамас, Тошкент шаҳрида бўляпти. Бундай жараёнлар адвокатлар ҳуқуқларига тўғридан тўғри таъсир қилади.

«Адвокатларни ҳимоялаш учун Адвокатлар палатасининг ваколатлари етарли эмас»

— Адвокатлар палатаси адвокатлар фаолиятини яхшилашга қаратилган, соҳани олдинга силжитадиган ҳаракатлар қиляптими?

— Палата 2009 йилдан бери фаолият юритиб келади. Адвокатларнинг ижтимоий ҳимоясини тўлиқ таъминлаш учун палатада етарли ваколатлар мавжуд эмас. Палатада ишлайдиганларнинг ҳаммаси ўзлари адвокат ҳисобланади. Уларнинг қўшимча ижтимоий ҳимояси таъминланмайди. Уларга катта ваколатлар берилмаган. Уларнинг бизга қилиши мумкин бўлган энг катта ёрдами – бу бизга нисбатан бўлаётган бирор ноқонуний хатти-ҳаракатни бартараф этишни сўраб ваколатли органга хат ёки ариза билан мурожаат қилиш. Бу бизнинг муаммомизни ҳал қилиб қўймайди.

Адвокатга нисбатан жиноят иши юритиладиган бўлса, бундай шароитда Адвокатлар палатасининг ишда алоҳида иштирок этиши процессуал қонунчилик билан мустаҳкамланмаган. Яъни палата ўз адвокатларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун етарли ҳуқуқ ва ваколатларга эга эмас.

«26 ёшимда адвокатлик фаолиятим бошланган»

— Ҳам назариётчи устоз, ҳам амалиётчи сифатида яхши адвокат бўлиш учун қандай маслаҳатлар берасиз? Сизда бу жараён қандай кечган, нега бу соҳани танлагансиз?

— Албатта, яхши адвокат бўлиш бу нисбий тушунча. Бошқа адвокатлардан сўрасангиз ҳам мен энг зўр адвокатман, дея олмайди. Адвокатликнинг ўз паст-баландликлари бор. Мен ўз вақтида энг ёш адвокатлардан бири бўлганман – 12 йил олдин, яъни 26 ёшимдан адвокатликни бошлаганман. Бугунги кунда 30 ёшдан кичик адвокатларнинг сони республика бўйича 62 нафарни ташкил этаркан.

Яхши адвокат бўлиш учун яхши ўқиш керак ва кўпроқ тажрибага эга бўлиш керак. Қолаверса, адвокатликнинг шундай ўзига хос жиҳати борки, у зиммасига мажбурият ола билиш керак. Чунки сиз терговга битта шахс билан бирга кирасиз. Танлаган ҳимоя позициянгиз ўша шахсга нисбатан ҳуқуқий оқибат олиб келади. Иш билан тўла танишмаган, амалий ҳамда назарий тажрибага эга бўлмаган адвокатнинг хатоси бошқа битта шахснинг тақдирига тўғридан тўғри таъсир қилади.

Фаолиятимизни бошлаганда бизда ҳам муаммолар бўлган. Атроф-муҳитнинг таъсири бўлади. Фаолиятини энди бошлаган адвокатга нисбатан ишончсиз назар билан қарашади. Сиз зўр адвокат бўлсангиз-да, сизга қараб қанча ишлаганингиз, қаерда ишлаганингиз, аввал бошқа органларда ишламаганингизни билган мижозда сизга нисбатан ишончсизлик дарров кўзга ташланади. Ёши каттароқ одам мени яхши ҳимоя қила олади, деган қараш бор. Шунинг учун, ёшларимиз мижоз билан ишлашда қийналади.

Яхши адвокат бўлишнинг асосий мезони – бу шахс ўз устида ишлашни тўхтатмаслиги ва амалий тажрибаси кўпроқ бўлиши керак.

Ўзбекистондаги адвокатлар гонорари ҳақида

— Тошкент шаҳрида адвокат битта жиноят ёки фуқаролик ишида қатнашгани учун ўртача қанча гонорар олади?

— Адвокат гонорари масаласи – бу адвокатлик сири предмети ҳисобланади. Лекин шундай ҳолат бор, масалан хизмат ҳақини белгилашда шартномада тарафлар ўзаро келишади. Бу ишнинг оғир-енгиллигига қарайди, давомийлигига қарайди. Масалан, бирор иш 2, 3 ё 6 ой давом этиши мумкин. Бундан ташқари, ишнинг мазмунига қарайди.

Ўртача ҳисобда айтишим мумкинки, адвокатлик тузилмалари минимал миқдорда 1 млн ёки 2 млндан бошлаб юқори нархларда хизмат кўрсатади. Баъзи хизматларимиз бор, жуда кўп вақт талаб қилади.

Меҳнат бозоримизга қарасангиз, юрист оладиган ўртача ойлик 5 млн атрофида. Адвокат 3 ой хизмат кўрсатса-ю, унга етарли маблағ таъминлаб берилмаса, адвокат хизматни самарали олиб бора олмаслиги мумкин. Сабаби, у бошқа ишдан кўпроқ даромад олишга мажбур бўлади.

Шу сабабли, ишнинг тоифасидан келиб чиқиб, енгил ишларга ўртача 1-2 млн атрофида, оғир ишларга ҳақ тўлаш эса келишувга қараб кўтарилиб боради.

— Давлат тарафидан тайинланадиган адвокатларга ҳам бозор муносабатларидан келиб чиқиб ҳақ тайинланадими ёки алоҳида белгиланган ставкалар борми?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб бор. Давлат томонидан юридик ёрдам кўрсатилганда адвокатнинг ишда банд бўлган кунидан келиб чиқиб ҳар бир банд бўлган кунига алоҳида ставка белгиланади ва шу ставка асосида уларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли молия органларига топширилади ва молия органлари уларга пулини тўлаб беради. Улар оладиган тўлови ҳам БҲМдан келиб чиқиб белгиланади.

«Cудларнинг чинакам мустақиллиги таъминланса, шунда адвокатура ҳам ўз-ўзидан ривожланиб кетади»

— Яқинда AҚШ Конгрессига Ўзбекистон бўйича киритилган резолюцияда юртимизда адвокатлар сонининг камлиги (4000 атрофида) алоҳида қайд этилди. Бизда адвокатларнинг камлигининг сабаби нима? Соҳанинг обрўсини ошириш учун нималар қилиш керак?

— 2008 йил ҳолатида Ўзбекистонда адвокатлар сони 4200 атрофида бўлган. Ўша вақтда аҳоли сони 30 млн атрофида бўлган. Бугунги кунда ҳам 4200 атрофида адвокат мавжуд.

2009 йилда адвокатура институтининг ислоҳ қилиниши натижасида адвокат бўлиш учун қўшимча талаблар ўрнатилди. Фаолиятга маълум бир мезонлар белгиланди. Натижада 2008 йилда 4200 атрофида бўлган адвокатлар сони 2009 йилга келиб 2000 нафарга тушиб қолди.

Сўнгги 12 йил давомида биз ўша 2000 нафар адвокат ўрнини энди тўлдирдик.

Бу – жуда қийин кечадиган жараён. Чунки жозибадорлиги йўқ. Масалан, 30 ёшгача бўлган адвокатлар сонига қарайдиган бўлсак, улар 70 нафар ҳам чиқмайди. Бу жуда кам кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, 50 ёшдан катта бўлган адвокатлар сони 2200 атрофида. Бу жами адвокатларнинг 50 фоизи 50 ёшдан кекса дегани. Шу туфайли адвокатлик кўпроқ кексалар касбига айланиб қолган.

Табиийки, бундай шароитда биз соҳа нуфузини ошириш учун алоҳида имтиёз ё рағбатлантиришлар беришимиз керак. Университетда дарс бериш жараёнида кўплаб талабаларда адвокат бўлиб ишлашга иштиёқ кўраман. Қанийди, рухсат берилса-ю, улар тўғри бориб имтиҳон топшириб, лицензия олиб адвокатлик қилишса. Лекин бизда адвокат бўлиш учун қўйиладиган талабларда ҳам маълум чекловлар мавжуд.

Масалан, камида 2 йиллик юридик стажга эга шахс 3 ой давомида адвокат стажери сифатида стажировка ўтагандан сўнг адвокат мақомига талабгор бўлади.

Статистик маълумотларга қарасак, республика бўйича битта адвокат 8600 нафар фуқарога хизмат кўрсатишига тўғри келади. Агар бу маълумотни айрим вилоятлар кесимида кўрсак, бу рақам, масалан, Сурхондарёда 20 минг нафар фуқарога битта адвокатни ташкил этмоқда. Вазият шунчалик даражада аянчли.

Айни вазият адвокатурани ривожлантириш ва адвокатлик касбига жалб қилишнинг жозибали элементларини ишлаб чиқишни тавсия этмоқда. Масалан, 2 йиллик юридик стаж талаби олиб ташланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ёки соҳага ёшларни жалб этиш учун процессда ёш адвокатлар иштирок этганда давлат божидан имтиёзни жорий этиш ҳам мумкин.

Ривожланган давлатларда адвокатура институтига бошқача назар билан қаралади. Яъни, адвокат бўлмаса, судялик лавозимига тавсия этилмайди. Кўряпсизми? Бизда ҳам, масалан, судя бўлиш учун камида 2 йил адвокатлик стажи талабини қўядиган бўлсак, бу ҳам соҳа ривожига ва мавқейига хизмат қиларди.

Шунингдек, судялар ва адвокатларнинг фаолияти ҳам бир-бирига узвий боғлиқлигини ҳам таъкидлаш лозим. Яъни, қачонки судларнинг чинакам мустақиллиги таъминланса, шунда адвокатура ҳам ўз-ўзидан ривожланиб кетган бўларди. Чунки сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда судялар томонидан адолатли қарорлар чиқариш жараёнининг ёритиб борилиши бевосита адвокатуранинг ривожланиши учун ҳам туртки бўлди. Кўпчилик адвокатурага қизиқиб қолди. Ҳозирги ёшларда ҳам қизиқиш ортди.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Top