09:46 / 22.05.2024
941

Ўзбекистонда UNWTO шафелигида Халқаро туризм академияси ташкил этиляпти

Академия Самарқанд шаҳар, Бобурмирзо кўчаси, 3а-уй манзилидаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига тегишли бинога жойлаштирилади.

Фото: Kun.uz

“Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) шафелигидаги Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) билан ҳамкорликда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳузурида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси ташкил этилган ҳамда академияда юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджети ҳисобидан маблағлар ажратиб борилиши белгиланган.

Белгиланишича:

  • академияда таълим дастурларига оид ўқув ва амалий машғулотларни ўтказиш учун зарур хомашёларни харид қилиш учун “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг сўровига кўра ҳар йили давлат бюджетидан тегишли маблағлар ажратилади;
  • Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)га аъзо давлатларнинг фуқароларига академияда жорий этилган ўқув курсларида давлат гранти асосида таълим олиш учун ҳар йили 100 та ўрин ажратилади.

Қуйидагилар академиянинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • республиканинг туризм тармоғини ривожлантиришга зарур бўлган кадрларни малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
  • халқаро эътироф этилган хорижий олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, меҳмондўстлик соҳасида кадрлар, хусусан, бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорликда дастурларни (joint programs) амалга ошириш;
  • аҳолининг туризм соҳасига оид тадбиркорликка қизиқиши бўлган қатламларини ўқитишни ташкил этиш;
  • туризм соҳасида фаолият юритувчи субъектлар ходимлари фаолиятига оид ўқув материалларини (жумладан, электрон шаклда) тайёрлаш;
  • туризм соҳасида амалий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда замонавий талаблар асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.

Академия фаолиятини молиялаштириш:

  • Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
  • давлат илмий дастурларини амалга ошириш учун ажратилган Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари;
  • Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси;
  • илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил ишларини амалга оширишдан, шартнома асосида бажариладиган таълим ва бошқа хизматлардан тушадиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Белгиланишича:

  • академия туризм соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади;
  • академия Самарқанд шаҳар, Бобурмирзо кўчаси, 3а-уй манзилидаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига тегишли бинога жойлаштирилади;
  • академияни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатларини молиялаштириш 2024 йилда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2025 йилдан бошлаб бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;
  • академия “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади;
  • “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети васийлик кенгашига заруратга кўра, академиянинг тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Академия директори белгиланган тартибда Туризм қўмитаси раиси билан келишилган ҳолда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Top