Жамият | 12:36 / 08.11.2022
18406
4 дақиқада ўқилади

Асакада инсон қадри топталмоқда: ногиронлар яшовчи маҳаллада уларни қўланса ҳид қийнаб келмоқда

4 йилча аввал Асака туманидаги «Обод» МФЙ ҳудудидаги коллеж ётоқхонаси реконструкция қилинади ва ногиронларга яшаш учун ажратиб берилган эди. Ўша кундан бери жисмоний имконияти чекланган бу инсонлар муаммоларга дуч кела бошлайди.

Субсидия асосида берилган хонадонларга 23 нафар ногиронлиги бўлган шахслар оиласи билан жойлашади. Бу ерда истиқомат қилувчи одамларнинг бири жойидан қўзғала олмаса, яна бирининг кўзлари ожиз.

Ушбу манзилдаги аҳолини энг кўп қийнаётган муаммо бу — канализация тизими билан боғлиқ.

Хонадонларга яқинлашар экансиз ниҳоятда бадбўй ҳид таъбингизни тирриқ қилади. Канализация тизими ишламаганлиги туфайли нафақат ушбу хонадонлар балки ён-атрофда истиқомат қилаётган бошқа фуқаролар ҳам жабр кўрмоқда.

Умида Ўрмонова

«Кўчиб келганимиздан бери шу муаммо бор. Жуда кўп жойларга мурожаат қилдик. Келишади, канализация сувини тортиб кетишади расмга олиб, муаммо ҳал бўлди, деб муносабат беришади. Аммо муаммо умуман ҳал бўлмайди. Эртаси куни яна боягидек аҳволда тураверади. Бу уйда ногиронлар яшайди. Зах бўлиб кетган уй ичлари. Шу сабабли исита олмаяпмиз. Ёзда бадбўй хидга қийналсак, қишда совуқ ҳам қўшилади бу қийинчилик ёнига», — дейди Умида Ўрмонова.

Ертўлалар сувга тўлиб қолаётгани боис, хоналар зах бўлиб кетган. Кўрпа-тўшаклар нам ҳолатга келиб қолмоқда.

 

Минг таассуфлар бўлсинки, аҳолининг қилган бир нечта мурожаати жавобсиз қолаверган. Қайта-қайта мурожаатлардан сўнг канализация чуқури қурилган бироқ у ҳам талабга жавоб бермайди ва бадбўй ҳиддан қутулиш имконини бермаган.

Озода Абдураҳмонова.

«Ўзим биринчи гуруҳ ногирониман. Кўрпаларим нам бўлиб кетяпти. Ертўламиздаги намгарчилик хонадонларга уряпти. Шу муаммо ортидан жуда қийналяпмиз», деди шу ерда истиқомат қилувчи Озода Абдураҳмонова.

Маҳалла турғунларининг ҳикоя қилиб беришича, канализация сувлари кунда кун ора ёки мурожаат қилишсагина махсус машинада тортиб кетилади. Бироқ зум ўтмасдан яна муаммо қайталанади.

Мутасаддиларга ушбу масалада ечим бериш бўйича қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Қўнғироқларимизга жавоб бермаган ҳокимлик тунда мазкур манзилда бўлган. Муаммога ечим топа олмасдан фуқаролар билан суҳбатлашиб ортига қайтган. Улар канализация қувури тиқилиб қолаётганини рўкач қилишди. Аммо улар «тўғрилаб қўйдик» дейишгандан сўнг ҳам муаммо бартараф бўлмаган.

Фуқароларнинг бир неча маротаба қилган мурожаатларидан сўнг ҳам ечимини топмаётган ушбу муаммонинг бартараф этилиши бўйича масъуллар тайинли бир жавоб бериша олмади. Балким раҳбарларга давлатнинг арзон уйини олган ногиронлар ношукурлик қилаётгандек кўринар. Шу сабабли одамларни 4 йилдан буён қийнаб келаётган муаммони тўла-тўкис ҳал қилмасдан, панжа ортидан қарашаётгандир.

Лекин ногиронлар ҳам одам. Уларнинг мушкулини осон қилиш барчамизнинг, энг аввало туман раҳбарларининг зиммасида. Чунки уларнинг аксарияти ишсиз, кам таъминланган бўлади. Улар бошқалардан кам яшамаслиги учун энг аввало раҳбарлар, маҳалла-кўй масъул.

2022 йил Президентимиз томонидан « Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили», деб эълон қилинган.

Кўриниб турибдики, исми жисмига монанд бўлмаган «Обод» маҳалласи ҳам обод эмас, ҳам мавжуд муаммоларни ҳал қилишда фаол эмас, инсон қадри-ку тамомила топталмоқда. Президент белгилаб берган дастурларга зид ҳаракат қилаётган раҳбарларни нима деб аташ мумкин: ношудларми, хоинларми, саботажчиларми? Қизиқ, уларнинг ўзлари ўзларига қандай баҳо беришаркан?

Кузатамиз, бу абгор манзилда яшаётган имконияти чекланган инсонларнинг муаммоларига тўғри ечим берилишидан умид қиламиз. Инсон қадри улуғланармикан...

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид