Ўзбекистон | 12:05 / 29.12.2020
2794
1 дақиқада ўқилади

Келгуси йилда нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади - Президент

Ўзбекистонда келгуси йилда инфляциявий таргетлаш доирасида, нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маълум қилди.

Қайд этилишича, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади.

“Умуман, халқимиз хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилади.

Бунинг учун Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади ҳамда бу масала Президентнинг доимий назоратида бўлади”, - деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, 2021 йилда иқтисодиётни камида 5 фоизга ўсишини, бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиздан ошмаслигини таъминлаш зарур.

Келгуси 2 йилда эса бюджет дефицитини 2 фоиздан оширмаслик бўйича ҳукумат зарур чора-тадбирларни белгилаши лозим. 

Мавзуга оид