Армия ўйинлари ғолиблари пул мукофоти ҳамда муддатидан олдин ҳарбий унвонлар билан тақдирланди
17 сентябрь куни “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “АрМИ-2022” ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ҳарбий хизматчиларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг Kun.uz’га маълум қилишича, тадбирда йўналишлар бўйича ҳарбий жамоаларнинг ҳар бир аъзоси лавозим маошларига мос равишда ўн, олти ва уч баравари миқдорида пул мукофоти ҳамда бир поғона юқори малака тоифалари билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, армия ўйинларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга муддатидан олдин навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.
Жорий йилнинг 15-27 август кунлари бўлиб ўтган нуфузли ҳарбий мусобақа - “АрМИ–2022” Халқаро армия ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбийлар 7 та олтин, 10 та кумуш, 5 та бронза медалларини қўлга киритган эди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги жамоаси 22 та шахсий ва жамоавий рекорд натижалар қайд этиб, 37 та давлат ичида умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган.