Жаҳон | 10:21 / 01.02.2021
41400
9 дақиқада ўқилади

Мьянмадаги ҳарбий тўнтариш: Аунг Сан Суу Ки ҳибсда, мобил алоқа ва интернет ўчириб қўйилган

Мьянма ҳарбийлари мамлакат пойтахтида назорат ўрнатишди. 1 феврал тонгида Мьянмадаги ҳукмрон «Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси, давлат маслаҳатчиси ва амалдаги давлат раҳбари Аунг Сан Суу Ки, Мьянма президенти Вин Мьин ва бошқа сиёсий етакчилар қўлга олинди.

Фото: Reuters

Мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Биринчи вице-президент Мьинт Шве томонидан имзоланган ва ҳарбийлар тасарруфидаги Myawady TV телеканалида эълон қилинган баёнотга кўра, ҳарбийлар генерал Мин Аунг Ҳлаингни вақтинчалик президент этиб тайинлаган. Собиқ генерал У Мьинт Све эса Демократия учун миллий лига раҳбарлигидаги ҳукуматда Қуролли Кучларга вакиллик қилиш учун ҳарбийлар томонидан вице-президент деб эълон қилинди.

«Мамлакат қонунчилик, маъмурий ва суд ваколатлари 2008 йилги Конституциянинг 418-моддасига мувофиқ Қуролли Кучлар бош қўмондонига ўтказилади, сайловдаги қонун бузилишларига қарши чоралар кўрилмагунича, мамлакат ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланади», дейилади баёнотда.

Аунг Сан Суу Киҳибсга олинишидан олдин ёзган мактубида ўз тарафдорларини бўлаётган ўзгаришларни «қабул қилмаслик»ка ва «давлат тўнтаришига қарши намойиш ўтказиш»га чақирган.

Қўлга олинганлар орасида партия Марказий ижроия қўмитаси аъзолари, депутатлар ва ҳукумат аъзолари бор. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, Аунг Сан Суу Ки уй қамоғида сақланмоқда.

Сўнгги ойларда мамлакат раҳбарияти ва армия раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар ўтган йил ноябр ойида ўтказилган парламент сайловлари натижалари туфайли кескин ёмонлашганди.

Давлат тўнтаришига нима сабаб бўлди?

Ноябрдаги сайловларда Аунг Сан Суу Ки раҳбарлигидаги «Демократия учун миллий лига» партияси парламентдаги ўринларнинг 83 фоизини (476та ўриндан 396таси) қўлга киритиб, ғалаба қозонганди. Бу партияга яна беш йилга ҳукуматни шакллантириш имкониятини берганди. Бу натижани кўпчилик фуқаролик жамиятининг амалда Аунг Сан Суу Ки бошқарувидаги ҳукуматга ишонч (фарзандлари хорижий давлат фуқаролари бўлгани учун унинг ўзи президент лавозимини эгаллай олмайди) сифатида қабул қилишганди.

Бу 2011 йилда мамлакатда ҳарбий диктатурага чек қўйилгач ўтказилган иккинчи умуммиллий сайловлар бўлганди. Ўшанда Мянмада демократик ислоҳотлар бошланганди.

Сайловда ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланадиган Бирдамлик ва иттифоқ тараққиёти партияси эса 33та ўринга эга бўлган. Ҳарбийлар натижаларни сохталаштириш ҳолатларидан шикоят қилди ва Олий судда натижалар юзасидан баҳслашди, Марказий сайлов комиссияси эса фирибгарлик далилларини қайд этмади.

29 январда Irrawaddy нашри ҳукумат ва қуролли кучлар вакилларининг сиёсий инқирозга барҳам беришга қаратилган учрашуви бесамар якунланганини маълум қилган. 

Ўтган ҳафтада Мьянма қуролли кучлари бош қўмондони Мин Аунг Ҳлаинг агар қонунлар ижроси амалга оширилмаса, конституцияни бекор қилиш билан таҳдид қилгач, ҳарбий тўнтариш рўй бериши ҳақида гапира бошлашди. Ўшанда ҳарбийлар бош қўмондон давлат тўнтариши уюштириш билан таҳдид қилаётганини инкор қилишганди. 30 январда Myawady нашрида ҳарбийларнинг қуролли кучлар қўмондонининг давлат тўнтаруви ҳақидаги гаплари нотўғри талқин қилингани ҳақидаги баёноти эълон қилинганди.

Мьянма 2011 йилдаги демократик ислоҳотларга қадар ҳам 1962 йилдан буён ҳарбийлар назоратида эди.

«Ўнлаб йиллар мобайнида Мьянмани бошқарган ҳарбий хунта ҳеч қачон ҳокимиятдан кетмаган. Улар ҳеч қачон фуқаролик ҳукуматига бўйсунмаган, шундай экан, ҳозирда ҳамиша мавжуд бўлган сиёсий реаллик юзага чиқди», дейди Human Rights Watch вакили Жон Сифтон.

«Бутунлай бошқача келажак томон эшиклар очилди. Менда шундай тасаввур ҳосил бўлдики, буёғига воқеалар қандай ривожланишини ҳеч ким назорат қила олмайди. Унутмангки, Мьянма - қуролли можаролар гирдобида қолган, этник ва диний жиҳатдан бўлинган, миллионлаб одамлар зўрға кун кечираётган мамлакатдир», дейди янгонлик тарихчи ва ёзувчи Тан Мьин-У.

«Хавфли йўл»
BBC корреспонденти Жонатан Ҳеднинг таҳлили
Демак, бу расман: Мянма қуролли кучлари давлат тўнтариши содир этилганини тасдиқлашди - 1962 йилдан буён биринчиси. Шундай қилиб, шанба куни мамлакат конституциясига амал қилишга чақирганларнинг ўзи конституцияни бузишди.

Ҳарбийлар ва фуқаролик ҳукумати ўртасидаги зиддият сабаблари кўпчиликка азалдан маълум. Ҳарбийларни ифода этувчи партия ўтган йил ноябридаги сайловларда жуда ёмон натижа кўрсатди, «Демократия учун миллий лига» эса 2015 йилги муваффақиятидан ҳам юқорироқ натижага эришди.

Давлат тўнтариши учун танланган вақтни ҳам оддий изоҳлаш мумкин. 1 февралда парламентнинг янги таркибининг биринчи йиғилиши ўтиши, шу ҳафта давомида парламент сессияси янги ҳукумат таркибини тасдиқлаши керак эди. Энди бундай бўлмайди.

Ҳарбийларнинг келгуси режаларини эса аниқ айтиш мушкул. Улар ўзлари мамлакатни бошқариш учун ажратган бир йил давомида нима қилишмоқчи? Жамоатчиликнинг бу давлат тўнтаришига муносабати кескин бўлади. Сайловчиларнинг 70 фоизи ноябрдаги сайловларда Covid-19 эпидемиясига қарамасдан Аунг Сан Суу Кини қўллаб-қувватлаш учун сайлов участкаларига келишганди.

Аунг Сан Суу Кининг тарафдорлари қайсар ва ҳатто қурол ўқталганда ҳам ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлишлари даргумон. Унинг иттифоқчиси, Мьянма президенти Вин Мьин фавқулодда ҳолат жорий этиш ва бекор қилишга конституцион ҳуқуқи бўлган ягона одам эди, аммо у Аунг Сан Суу Ки билан бирга қўлга олинди.

Айни вақтда ҳарбийларнинг ҳаракати мулоҳазаси ҳаракатдек кўринмоқда ва Мьянмани жуда хавфли йўл томон олиб кетмоқда.

Мамлакатдаги айни вазият

Айни вақтда йирик шаҳарларда мобил алоқа ва телефон линиялари ишида носозликлар кузатилмоқда. MRTV давлат телеканали ҳам бошқа маҳаллий телекомпаниялар каби техник мураккабликлар туфайли эфирга чиқа олмаяпти.

BBC World News ва бошқа хорижий телеканаллар блоклаб қўйилган.

Мамлакат пойтахти Нейпидодаги вазиятни холис баҳолашнинг имкони йўқ.

Мамлакатнинг энг йирик шаҳри, собиқ пойтахт Янгонда ҳам телефон ва мобил алоқа жиддий даражада чекланган, кўплаб телефон провайдерлари хизмат кўрсатишни тўхтатган.

Янгон аҳолиси тез орада нақд пул тақчиллиги юзага келиши ҳақидаги хабарлар фонида банкоматлар олдида навбатлар ҳосил қилишган. Мьянма банклар ассоциацияси банк вақтинча барча молиявий операцияларни тўхтатганини маълум қилган.

Кўплаб хорижий етакчилар, шу жумладан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Австралия ташқи ишлар вазири Марис Пейн Мьянмадаги вазиятдан хавотир билдириб, ҳарбийларни зудлик билан Аунг Сан Суу Ки ва бошқа юқори лавозимли амалдорларни озод қилишга чақирган. 

«АҚШ Мьянма ҳарбийлари ҳукуматнинг бир нечта етакчиларини, шу жумладан, давлат маслаҳатчиси Аунг Сан Суу Кини қўлга олгани ҳақидаги хабарлар юзасидан жиддий хавотир ва ташвиш билдиради… Биз Мьянма ҳарбий етакчиларини ҳукуматнинг барча расмий шахсларини ва фуқаролик жамияти етакчиларини озод этиб, Мьянма халқининг 8 ноябрдаги демократик сайловларда билдирган хоҳиш-истагини ҳурмат қилишга чақирамиз», дейилади Блинкеннинг Давлат департаменти томонидан тарқатилган баёнотида.

«Биз ҳарбийларни қонун устуворлигини ҳурмат қилишга, баҳсларни қонуний механизмлар орқали ҳал қилишга ҳамда ноқонуний равишда қўлга олинган барча етакчилар ва бошқа шахсларни зудлик билан озод қилишга чақирамиз», деган Пейн. У Австралия «2020 йил ноябридаги умумий сайловлар натижаларига мувофиқ Миллий мажлиснинг тинч чақириғини» қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Аунг Сан Суу Ки 1991 йилда, қамоқдалигида тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланган. У ҳарбий диктатурага қарши чиқиб, демократия учун курашган ва 1988 йилдан бошлаб турли айбловлар бўйича жами 15 йилни қамоқда ўтказган. Уни 2010 йилга келиб озод қилишган. 2020 йил ноябрида унинг партияси парламентдаги 476 ўриндан 396тасига эга чиққан, ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланадиган партия эса 33 ўринни қўлга киритган.

Сўнгги йилларда Аунг Сан Суу Ки ҳарбийлар томонидан мусулмон роҳингяларга қарши уюштирилган қатағонларни қўллаганди. Халқаро ҳамжамият мамлакатдаги бундай ҳаракатларни геноцид деб баҳолаган. Бу эса унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги халқаро мавқейига жиддий путур етказган.

Шу билан биргаликда, асосий қисми буддизмга эътиқод қиладиган мьянмаликлар орасида Аунг Сан Суу Кининг позицияси мамнуният билан қаршиланган.

Мавзуга оид