16:26 / 10.10.2019
17
55506

Беҳзод Ҳошимов: «Кейинги 10 йилда ҳам, ҳатто 20 йилда ҳам ўртача даромадга етишимизнинг имкони йўқ»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Қуйида Ҳошимовнинг пости келтирилади.

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасини муҳокамага қўйишибди. Ҳозирча шундай муҳим лойиҳа, афсуски, фақат рус тилида ёзилган. Ўзбекчада таржимасини ҳали қўйишмабди.

Албатта, камида 10 йиллик ривожланиш режаси қизиқ кўриниши мумкин, лекин мен бир нарсани тушунмаяпман, шу ҳам бўлса энг муҳим ҳисоб-китобларни. Ёмон гумон деб атайин шундай рақамлар қўйишган демайман, яхши гумон қиламан, яъни менимча хато холос.

Қаранг, режага кўра, «реал ЯИМнинг 2,1 бараварга ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг 2030 йилга бориб 3 бараварга ёки 2018 йилдаги 1533 доллардан, 4538 долларгача ошириш мақсад сифатида қабул қилинади. Ушбу мақсадларга эришиш учун иқтисодий ўсишнинг ўртача йиллик суръатини камида 6,4% даражасида ушлаб туриш керак.»

Конверт орқасида ҳисоб: агар ялпи ЯИМ 2.1 баробар ўсди дейлик, яъни бугунги кунда 50.5 миллиард доллардан, 2030 йилда 106 миллиард долларга ўсди дейлик.

Шунда йилдан йилга қанча ўсиш бўлган?

Оддий логарифмик тенглама: 50.5*(1+х)^10= 106.06. Шунда х=0.077, яъни ҳар йили камида 7.7 % ўсиш керак, қисқа қилиб айтса 6.4 % эмас.

Энди агар 6.4 % фоиз ўсиш бўлса-чи? ЯИМ қанча бўлади?

ЯИМ: 50.5*(1+0.064)^10=93 миллиард. Бу дегани биз 2.1 баробар эмас, 1.8 баробар ўсамиз.

Лекин, 1991 йилдан умумий ЯИМни ҳисобласак, тахминан 4.7 %га ўсиб келдик. Бу ўсишнинг катта қисми аҳоли сони ўсиши деб ҳам бўлган, яъни шу 27 йилда аҳоли тахминан 50 %га ўсган.

Шунинг учун йилдан йилга киши бошига қанча ўсди десак, ҳисоб китоб қуйидагича:

652*(1+х)^27=1532, шунда х=0.032.

Қисқаси, аҳоли бошига биз мустақилликдан бери ўртача 3.2 %га ўсиб келдик (бу ерда битта соддалаштириш қиляпман, лекин маъно ўзгармайди). Энди, шу нуқтаи назардан 7.7 % ҳам 6.4 %га ўсишни жуда қийин деб ўйлайман. Балки эҳтимоли нолга яқин.

Охирги йилни олайлик, 2018 йилда, киши бошига ўсиш 3.3% (манба: Жаҳон Банки) бўлган, бу ҳамма катта қурилишлар билан биргаликда, туристлар ва савдо кўпайиши билан биргаликда киши бошига ЯИМ атиги 3.3 %га ўсган. Оддий сўз билан айтсак, 2018 йил мисли кўринмаган фискал стимуллар йили эди, шунда ҳам, 3.3 %га ўсиш бўлди. Бу йил ҳам, умумий ЯИМ 5 % камга ўсади, киши бошига ҳисоблаш учун аҳоли ўсиш суратини айириш керак. Хуллас рақамлар тушунарсиз.

Лекин бу рақамларда энг ғалатиси қуйидагича, режага кўра умумий ЯИМ 2.1 баробарга, киши бошига ЯИМ эса 3 баробарга ўсиши керак экан. Бу нарсани математик иложи йўқ. Қаранг, киши бошга ЯИМ дегани умумий ЯИМни аҳоли сонига бўлиш керак дегани:

киши бошига ЯИМ=ЯИМ/аҳоли сони.

Энди суръати 2.1 баробарга ошса, махраж ўзгармаса ҳам киши бошига ЯИМ, атиги 2.1 баробарга ўсади. Яъни, бизда аҳолимиз 2030 йилгача ўсиб келади деб олсак, унда аҳоли бошга ЯИМ 2.1 баробардан албатта кам бўлади дегани. Бу арифметик хато.

Ўзи математикага қизиқмасангиз ҳам, мантиқан фикрлаб кўринг, агар умумхалқ даромади 2.1 баробар ошса, қандай қилиб ҳар биримизнинг даромадимиз 3 баробарга ошади? Мантиқсиз-ку? Ёки аҳоли сони жиддий равишда камайиб кетади дейишмоқчими?

Яъни, ўша ҳужжатдаги энг оптимистик сценарий билан, 2030 йилгача, йилига ҳақиқатдан тарихимизда мисли кўринмаган иқтисодий ўсиш суръатларида ўсиб келсак ҳам, 3 баробарга аҳоли бошига ЯИМ ўса олмайди. Бундан ташқари, келаси ўн йилда ҳар йили деярлик 8 %га ўсишимиз эҳтимоли ҳам ниҳоятда паст, чунки бундай суратда биз ҳеч қачон 3 йил ҳам ўсмаганмиз.

Яна бир янглиш гап, «2030 йилга келиб аҳоли жон бошига ЯИМнинг эришилган қиймати Ўзбекистонни даромади ўртача даражадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришга имкон беради». Бу ҳам, албатта, хато.

Биринчидан, айтганимдек ҳатто уларнинг ҳисоби бўйича ҳам уч баробарга аҳоли жон бошига ЯИМ ўсмайди. Лекин мўъжиза бўлиб, шундай бўлиб қолса ҳам, унда киши бошига ЯИМ улар айтганидек 4538 долларни ташкил этади.

Дунёнинг ўртача аҳоли жон бошига ЯИМ 11928 доллар. Яъни энг нореалистик сценарий да ҳам, яъни ўн йилда, уч баробарга киши бошига ўсиш бўлса, шунда биз ўртача дунё ЯИМидан 2.5 баробар камбағалроқ бўламиз. Бунинг устига дунё иқтисоди ҳам жойида турмайди, яъни 10 йилда, дунёнинг ўртача ЯИМи ҳам анча ўсиб қолади. «Ўртача даромаддан юқори давлатлар» уёқда турсин, ўртачага ҳам чиқишимизга ҳали анча бор.

Мен буни ёзишимдан мақсад, биз режалар ёзганда ёлғондан тийилишимиз мақсадга мувофиқ бўлар эди. Тўғри, бизда шароит зўр эмас, лекин уни ёлғон орқали бўрттириб ёзиш умуман ҳеч кимга ёрдам бермайди. Биз кейинги ўн йилда ҳам, ҳатто йигирма йилда ҳам ўртача даромадга етишимизнинг имкони йўқ. Бу нормал нарса, буни тан олиб иш юритишимиз керак.

Хуллас, Иқтисодиёт вазирлигидан тушунтириш шарҳини кутиб қоламиз».

Тепадаги ҳисоб китобга қўшимча қилиб айтмоқчиман: 

Ўзбекистоннинг сўмдаги реал ЯИМи икки баробарга, долларда аҳоли сонига ЯИМ эса уч баробарга ўсиши арифметик хато деган эдим. 

Берилган лойиҳада шундай рақамлар чиқишининг сабаби, бу доллар сўмга нисбатан тегишли пропорцияда арзонлашади дегани. Яъни, лойиҳанинг ғояси шуки, сўмда ҳисобласак ўсиш ЯИМини икки баробарга оширади, долларда эса уч баробарга.

Оддий қилиб айтсак, тасаввур қилинг, киши бошига бизда ЯИМ 100 сўм ва долларда бу 1 доллар. 

Энди, 10 йилдан кейин реал киши бошига ЯИМ 200 сўм бўлди, лекин ўша пайтда долларда бу 3 доллар бўлиб қолди. Яъни, 1 доллар эндиликда 100 сўм эмас, балки 67 сўм. Бу дегани доллар сўмга нисбатан 33 фоизга арзонлашди. 

Лойиҳа ғояси ҳам худди шундай, сўмда реал ЯИМ 2 баробарга ўсади, долларда ЯИМ эса уч баробарга. 

Бундай ҳолат бўлиши менимча қийин, чунки доллар сўмга нисбатан арзонлашиши, Ўзбекистон иқтисодий тарихида мисли кўрилмаган ҳолат, шунинг учун ҳам шу эҳтимоли кам вариантни умуман кўриб чиқмадим. Лойиҳани ёзган одамлар доллар сўмга нисбатан арзонлашиш механизмларини ёзиб ўтишса бўлар эди. Чунки одатда бу қандайдир қазилма ёки бошқа бир нарсанинг нархи кескин ошиб кетиши билан боғлиқ бўлади. Ривожланаётган лекин ресурслари кам бўлган мамлакат бундай муаммоларга дучор бўлмайди. Чунки ривожланаётган мамлакатлар чет элдан кўп миқдорда ускуна ва бошқа технологиялар импортига муҳтож бўлади, шу сабабдан импорт доимо экспортдан юқори бўлади. Натижада доллар қимматлашади, арзонлашмайди. 

Очиқ иқтисодиётда, экспорт ёки инвестициядан келган пул ҳам долларни арзонлаштириб қўймаслиги керак. Чунки, долларнинг сўмга нисбатан арзонлашиши, импорт кўпайишига ва импорт товарлари рақобатбардошлигига олиб келади. Ундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг товарларини қиммат қилиб қўяди. 

Жаҳон тажрибасида бундай нарса бўлганми? Ҳа, бўлган. Россия Федерацияси (ва бошқа нефтга боғлиқ мамлакатлар) бунга яққол мисол. Нефть қимматлашгани ҳисобига Россиянинг доллардаги ЯИМи рублдаги ЯИМидан кўра тезроқ ўсган ва долларда ўсиш суръати тезроқ бўлган. Адабиётда буни Голланд касаллиги дейишади ва бу одатда ёмон нарса.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top