Иқтисодиёт | 16:00 / 11.04.2024
5513
10 дақиқада ўқилади

Протекционизмдан воз кечиш йўқотилганидан кўра анча кўпроқ иш ўринларини яратади — иқтисодчилар

Очиқ рақобатдан ҳимояланган бирор бир корхонани очиш орқали нечта иш ўрни яратилганини аниқ биламиз, лекин бу ҳолат нечта иш ўринлари яратилишига тўсиқ бўлиб турганини билмаймиз. Агар истеъмолчилар божларга сарфлаётган пулларини ўзлари хоҳлаган бошқа нарсаларга ишлатганида, иқтисодиётда пайдо бўлган бу қўшимча талаб ҳисобига анча кўпроқ иш ўринлари яратилган бўларди.

АҚШда фаолият юритаётган иқтисодчилар – Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ва Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов Kun.uz билан суҳбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш ва импортни чеклашга доир қатор саволларга жавоб берди.

— Ҳукумат у ёки бу соҳани, масалан автомобилсозликни мамлакат саноатини ўстиришнинг стратегик йўналиши деб белгилаб, шу соҳани ривожлантиришни мақсад қилса, буни амалга оширишнинг энг тўғри механизмлари қанақа бўлади?

Ботир Қобилов: Қисқа жавоб бераман, энг тўғри усули – бундан воз кечиш. Ҳукумат қанақадир сабабларга кўра қайсидир соҳаларда чемпион бўламиз деб савдо саноати даражасида қарор қабул қилса, исталган нарсани стратегия сифатида қабул қилса, биринчи ўринда бундан воз кечиш керак. Бундай стратегияни мақсади иқтисодий эмас, кўпроқ сиёсий бўлиши керак. Иқтисодий нуқтайи назардан буни асослаб бериш ўта қийин деб ўйлайман.

Беҳзод Ҳошимов: Қўшиламан. Давлат қайсидир товарларни ишлаб чиқариш билан шуғуллланиши керак бўлмаган ташкилот. Яъни давлатнинг функциялари бор, ижтимоий, оммавий товарларни етказиш: инфратузилма, тоза ҳаво, ижтимоий хизматлар, суд, хавфсизлик каби функциялари бор. Лекин автомобил, самолёт саноатини ривожлантириш каби ихтиёрий шунга ўхшаган нарсалар билан шуғулланиши бизга қимматга тушади. Биз йиллар давомида бунинг учун тўлаб келяпмиз. Чунки буни давлат қилса, самарасиз бўлади, самарали бўлса ҳам ундан келадиган ютуқларимиз камроқ бўлади.

Шунинг учун ўзбекистонликларнинг кўп иқтисодий йўқотишлари нафақат автомобил, балки кундалик товарлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Дейлик, Ўзбекистонда минерал сувга 50 фоиз бож бор. Чет элда 1 доллар турадиган сув, Ўзбекистонда 1,5 доллар. Бу дегани ўзбекистонликлар ҳар бир минерал сув учун 50 фоиз қиммат тўлашга маҳкум. Бу – кўзга кўринмайдиган йўқотиш. Хитойдан импорт қилинадиган автомобилларга неча фоиз ҚҚС, неча фоиз бож борлигини биламиз, лекин шоколад, минерал сув каби нарсаларни миллионлаб инсонлар истеъмол қилади. Машина ҳайдайдиганлар эса 10 фоиз ҳам эмас, лекин сув ичадиганлар ҳамма. Маҳаллий минерал сувчиларни ҳимоя қилиш учун шундай божлар қўйилган.

Муҳим ғоя шундаки, биз ҳозирча автомобиллардан кўра, самолёт импортига кўпроқ пул сарфлаймиз ва хоҳлардимки, менинг гапимдан кейин самолёт заводини қурайлик деб қолишмайди. Кейин Boeing'дан хат келмасин тағин, Ўзбекистон иқлимига тўғри келмайдиган аеробуслар келяпти деб…

Ботир Қобилов: Яна бир қўшимча. Ҳукумат машина ишлаб чиқариш бизнеси ёки айтайлик пайпоқ ишлаб чиқариш бизнесини ўзининг стратегик йўналиши деб қабул қилса, буни энг катта иккиламчи таъсири – ўша соҳага хусусий ўйинчилар кириб келишини тўсади ёки мавжудларини чиқариб ташлайди. Келажакда ўша бозорга ташқаридан инвестиция қилиши мумкин бўлган хусусий капитални йўқ қилади. Ҳукумат бирор соҳани стратегия сифатида қабул қилса, кичкина болани 50 йил давомида парваришлаб, ташқаридаги ҳамма қийинчиликлардан асраб келиши ўша бозорга пул тикаман деган исталган ишлаб чиқарувчининг иштиёқини нолга чиқаради.

Беҳзоднинг мисолига тўхталаман, чет эллик минерал ишлаб чиқарувчи Ўзбекистонга кираман деса-ю, ҳукумат иккита ёки битта минерал сувчини авайлаб асраб келаётган бўлса, табиийки, унга ҳеч ким келмайди, инвестиция қилмайди. Чунки эртага ҳукумат битта қарор билан ўша бозор қоидаларини ўзгартириб қўйиши мумкин.

— Иш ўринлари ҳақида нима дея оласизлар? Айтайлик, ҳукуматнинг қўллови билан бирор йирик корхона ташкил этилса, бу минглаб одамлар ишли бўлади дегани. Агар бу корхона ҳимоя қилинмаса, минглаб ишчи ўринлари хавф остида қолади, деган қараш бор.

Беҳзод Ҳошимов: Яратилган иш ўринлари кўзимизга кўриниши мумкин, лекин яратилмай қолаётган алтернатив иш ўринлари кўринмайди. Масалан, 200 млн долларга Тошкентда “Hyatt Regency” меҳмонхонасини қуриш орқали айтайлик 200та иш ўрни яратилган, бу ҳар бир ишчи ўрни учун 1 млн доллар тўланган дегани. Бир киши 1 млн доллар топиши қийин, бошқа заводлар ҳам бор, уларда ҳам ҳар бир ишчи ўрнининг нархи 1 млн доллар атрофида.

Асосий аргумент, давлат ҳисобидан стратегиялар натижасида яратилган иш ўринларини ҳисоботларда шунча иш ўрин яратдик дейиш мумкин, лекин унинг натижасида яратилмай қолган иш ўринлари кўзимизга кўринмайди, холос. Лекин улар йўқ дегани эмас. Шунинг учун иш ўринлари ҳақидаги муҳокаманинг хатолиги шундаки, ўша инвестиция, пул, маблағлар иқтисодиётнинг самаралироқ соҳаларига сарфланса, кўпроқ иш ўрни яратиларди. 15-16 миллионта меҳнатга лаёқатли халқимиз бор, уларнинг аксари жуда кичкина корхоналарда ишлашади. Давлат ҳисобидан юзлаб миллионлик қарзлар олиниб, ёки субсидиялар берилган корхоналарда кўп бўлса 30 мингта одам ишлайди. Меҳнат бозорига қарасак, бу пичоққа илинадиган рақам ҳам эмас. Бизда ҳар йили юз минглаб одамлар ишини йўқотади ва яна қайтиб ишга жойлашади.

Бу нафақат Ўзбекистонда, балки кўп мамлакатларда кўзбўямачилик учун қилинадиган ишлар, сиёсий сабабларга кўра иш ўринларини рўкач қилишади. АҚШда ҳам қанақадир нарсага бож қўйишади ва ўша божни лобби қилган сенатор “шу бож ҳисобига штатда 50та иш ўрни яратилди” дейди. Одамларнинг даромади камайгани ҳисобига яратилмаган иш ўринлари эса кўринмаяпти.

Масалан, 100 долларлик компютерга 50 фоизлик бож жорий қилсангиз, уни 150 доллардан сотиб олишга тўғри келади. Демак, ҳар бир компютер сотиб оладиган одамда бошқа жойга ишлатиши мумкин бўлган 50 доллар самарасиз кетяпти. Компютернинг ўрнига нимани қўйсангиз қўйинг. Истеъмолчи ўша ишлатмаган 50 долларини бошқа нарсага сарфларди: боласига китоб, қалам олиб берарди, паркка олиб борарди, яъни ишлатмасдан сақлаб ўтирмасди. Қанчадир иш ўрни яратиш учун ниманидир қимматга сотиб олишга мажбур бўляпмизми, ўша фарқдаги пулни ҳеч нарсага ишлатмай ёқиб юбормайди-ку истеъмолчи. Агар биз бир йилда божлар ҳисобига 500 минг доллар кўпроқ тўламай, ўша 500 минг долларни ўзлари танлаган бошқа нарсаларга сарфлаганда, иқтисодиётда юзага келган 500 минг долларлик қўшимча талаб ҳисобига анча кўпроқ иш ўрни яратилган бўларди.

Ботир Қобилов: Яқинда шу мавзу ҳақида подкастда гаплашган эдик Беҳзод билан. 2023 йилда тадқиқот чиққанди, АҚШ ва Хитой ўртасидаги тарифлар курашида импитив топилмалардан бири шундаки, Трамп админстрацияси темирга божларни қўшимча иш ўринлари яратиш учун қўйганди. Улар Хитойдаги иш ўринларини Америкага олиб келамиз деб ваъда берганди, лекин тақдиқот кўрсатган эди-ки, АҚШда темир ишлаб чиқариш бўйича иш ўринлари яратилмаган. Бунинг асосий фойдаси Трампга овоз берадиган республикачилар яшайдиган туман ва штатларда ўша сиёсатни қўллаб-қувватлайдиганлар сони ошган. Бунинг асосий сабабларидан бири иш ўринлари, протекционизм асосида кўпинча иқтисодий эмас, сиёсий мотив туради.

Ҳукумат иш ўринлари яратиш бизнесида бўлмаслиги керак. Ўзи ҳукумат учун номинал иш ўринлари яратиш қийин иш эмас, қоғозда бир кунда миллионта иш ўрни яратиш мумкин. Қанақадир янги вазирлик тузасиз, мингта штат яратасиз, мингта ҳайдовчи, мингта ёрдамчи ва мингта ёрдамчисининг ёрдамчиси қилсангиз, бир кунда 100 мингта иш ўрни пайдо бўлади. Лекин бу иш ўрни яратиш дегани эмас, бу худди давлат текин нафақа тарқатиши билан тенг.

Агар у ёки бу бозор очилса, ҳимоя қилиб келинган у ёки бу корхона ташқаридан келаётган рақобатга чидай олмаса, бу вазиятда ҳукуматнинг ўрни қандай бўлиши керак деган савол туғилади. 30 мингта одам ишсиз қолиб кетяпти, деган саволни ҳукумат ўзига ўзи беради. Чунки бу 30 мингта одамнинг овози бор, АҚШ контексида гапирсак, касаба уюшмалари бор. Лекин эркин савдо натижасида қайсидир корхона ёпилиб кетиб, одамлар ишсиз қолса, бунда ҳукуматнинг ўрни умуман бошқача бўлиши керак: таълим ва тиббиётга пул тикиш. Самарасиз жойда ишлатилаётган 30 мингта одамни ушлаб туриш эмас, балки эркин бозор натижасида самарали корхоналарни солиққа тортган ҳолда тиббиётга, таълимга йўналтириб, одамлар ўзлари янги тил, билимларни ўзлаштириши, иқтисодий занжирда керакли бўлиш учун имкон яратиши керак. Бу оддий, мактаб, институт, боғча ва ижтимоий соҳалар.

Беҳзод Ҳошимов: Қисқа ҳазил бор. Америкалик иқтисодчи Хитойга борса, канални кетмонда қазишаётганини кўради. Иқтисодчи “нима учун экскаваторларда қазимаяпсизлар, сизларда бу нарса бор-ку?” деса, хитойликлар “сиз тушунмаяпсиз, бизда мақсад иш ўринларини яратиш, бу ерда юз минглаб одамлар ишлаяпти”, дейди. Иқтисодчи “унда чой қошиқ берсанглар бўларкан, янада кўпроқ иш ўрни яратиларди” дейди.

Самарасиз иш ўринларини яратиш чегарасиз, лекин чой қошиқ бериб канал қазиётганларга қачондир: “Бўлди, бу иш тугади” дейилса, биттада 50 мингта иш ўрни йўқолиши мумкин. Лекин бунга аввалбошдан йўл қўйилган хатонинг тузатилиши деб қараш керак. Иккинчидан, божлар йўқ бўлгани натижасида бойлик кўпайиб, у самарали соҳага йўналтирилганда яратиладиган иш ўринлари кўзга кўринмайди.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид