20:54 / 23.01.2024
10135

“Орқасида амалдорлар турган бўлади” — Кушербаев табиатни пуллаётган тадбиркорлар ҳақида 

Ўзбекистоннинг айрим дарёлари бизнес учун текин ресурсга айланиб қолган. Ўзанлар бетартиб ковлаб ташланган, жойларда сув сатҳи даҳшатли даражада камайиб кетган. Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг айтишича, агар бу жараён тўхтатилмаса, баъзи шаҳарлар аҳолиси ичимлик сувсиз қолиши мумкин. 

Дарё ўзанларида ноқонуний қазилма ишлари олиб борилгани, жойлардаги бетартиб тозаланишлар сабаб табиатга 61,5 млрд сўм зарар етказилди. Ҳолатлар ортидан жами 58 та жиноят иши очилди. Ачинарлиси, жойлардаги бу дарёлар нафақат қишлоқ хўжалиги, балки одамларни ичимлик сув билан таъминловчи асосий манбалардан ҳисобланади.  

Хусусан, Чирчиқ дарёси ўзанида юзага келган танг экологик аҳвол туфайли ҳозирда шаҳар аҳолисининг ичимлик сувсиз қолиш хавфи ҳам бор. 1 майдан айрим дарё ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинадиган бўлди. Бу куни кеча қабул қилинган президентнинг тегишли фармони билан мустаҳкамланди. Лекин кўп вазиятларда мораторийга ҳам қараб ўтирмасдан ҳуқуқбузарликлар содир бўлаётганини ҳам кўряпмиз.

Хўш, эндиликда аллақачон йирик мафияларнинг қўлига ўтиб бўлган қум-шағал қазиб олиниши қандай назорат қилинади? Фармон билан яна нималар амалга оширилиши кутилмоқда? Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев шу саволларимизга жавоб берди. 

“Чирчиқ дарёси бизнес объекти сифатида кўрилди” 

Дунёнинг кўпгина мамлакатлари, асосий шаҳарларида кўпгина норуда материаллари, қурилишда ишлатиладиган ресурсларни дарёдан олмайди, тоғ-тошлардан майдалаб олишади. Лекин бизнинг Ўзбекистон шароитида осонгина йўли, дарёнинг шағалини олиб сотиш билан шуғулланилган. Бунинг асосий ниқоби сифатида дарё суви юрадиган йўлларни очиш деган баҳона бўлган, лекин амалиёт кўрсатдики, бу ўзини оқламади. Бу ерни бизнес объекти сифатида кўриш бўлди. 

Дарёнинг ҳар тарафлари бетартиб ковлаб ташланиши оқибатида дарё ўзанлари ўзгариб кетди, сув сатҳи пасайиб кетган. Бу биринчидан пойтахт ва Тошкент вилояти аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш масаласини хавф остига қўяди. Иккинчидан, бу атрофдаги флора-фауна йўқолиб кетишига сабаб бўлди. Бундай ҳолат Самарқанддаги Зарафшон дарёси билан ҳам содир бўлган. Дарё сатҳи бир неча метрга, айрим вақтларда 7 метргача тушиб кетган. Дарёнинг атрофидаги табиий ўрмонзорлар қуришни бошлаган. Бу ҳам аҳолининг ичимлик сувсиз қолишига олиб келади. 

Ўтган йилдан [2023 йилдан] бошлаб вазирликнинг ишчи гуруҳи томонидан мана шу дарёлар ўрганилди. Ва биринчи навбатда бу ердан қум-шағал олиб чиқиб кетиш, қазиб олиш амалиётини тўхтатишимиз керак деган қарорга келдик. Очиғи, бу ҳужжатни бошқа вазирлик, идоралардан ўтказиш осон бўлмади. Тўғрисини айтганда, бугунги кунда қум-шағал соҳаси, бу билан шуғулланадиган тадбиркорлик шунақанги чуқур илдиз олиб кетганки, бунга қарши курашиш, [табиатни] улардан асраб қолиш масаласи ҳам қийин бўлади, босимлар бўлади. Лекин қувонарли томони давлатимиз раҳбари буни тўғри тушуниб етди ва мораторий эълон қилиш ҳақида фармонни эълон қилди. 

Энди бу дарёларнинг бўйида қум-шағал қазиб олиш, олиб кетиш ишлари тўхтатилади. Шу билан бирга, бу дарёнинг бўйларига қурилиш ёки бошқа турдаги чиқиндиларни ташлаш мумкин эмас. Лекин шу вақтгача кириб-чиқадиган техникаларни тўхтатишнинг имкони бўлмаган. Уларни шағал олиб чиқиб кетиш баҳонасида ҳам кириб, кирганда чиқиндини ташлаб, кетишда шағал олиш билан шуғулланганлари бўлди. Мана энди мана шу фармон билан мораторий баҳонасида умуман юк машиналарининг кириб-чиқиши тўхтатилади. Шу билан бирга, дарё ҳудудларини чиқиндидан муҳофаза қилиш имконияти ҳам бўлади. 

“Экологиянинг олдида масъулиятсизлик масаласи жуда кучли” 

Нима учун Ўзбекистон шароитида денгиз, дарёларнинг бўйларига мана шундай қурилиш чиқиндилари кўп ташланяпти? Чиқиндини олиб келиб ташлаётган одам ташлашга рухсат берган одамга пул тўлайди. Оддий тушунтирганда, мана менга бириктирилган ер деб ҳисоблайдиган бўлсам, аввало уни давлат бошқа мақсадда беряпти, лекин олиб кириб пул ишлашнинг йўлини қилишяпти. Бизда энг ёмони мана шу дарё бўйларидан фойдаланишяпти. Кўряпсизми, ҳамма ёқ чиқинди, энди булар неча йил давомида йиғилган, худо билади. 

Транспорт келган вақтда [чиқиндини] ташлаб кетганига пул тўлайди. Қуруқ ерга чиқинди ташлаш пул ишлашнинг йўли бўлиб қолди. [Жойларга чиқинди ташлаш билан табиатга қанча зарар етказилгани бўйича] унинг аниқ ҳисоб-китобини билмаймиз. Масалан, мен аниқ айтаман. Ўтган йили битта ҳолат ноқонуний шағал ўғирлаганларни ушлаганимизда ўртача табиатга етказган зарари 40 млрд сўм атрофида эди. Бу Тошкент вилоятидаги битта ҳолат эди. Энди бундай ҳолатлар минглаб керак бўлса, чиқади, йиллар давомида кўтарсангиз, жуда катта миқдорда чиқади. Умуман бизда табиатга зарар етказиш орқали пул ишлаш бизнес даражасигача чиқиб кетган. Энг ёмони улар ўз-ўзидан қилмайди буни, юқори мартабали амалдорларнинг ёрдами билан қилади. Яъни экология олдида масъулиятсизлик масаласи жуда кучли. 

Баъзи ҳолатларда бўладики, экологларнинг, назоратчиларнинг ўзидан табиатни ҳимоя қилишга тўғри келади. Мана шу қурувчиларнинг ўзи билан бориб гаплашсангиз, мен фалончиман, фалончи фирма раҳбариман дейди. Лекин тагини суриштирсангиз орқасидан катта амалдор келиб чиқади. 

Дарё бўйлари чиқиндилардан қандай тозаланади? 

Бошқа дарёлардан фарқли равишда Чирчиқ дарёсини 2030 йилгача реабилитация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади ва [Экология] вазирлик бу ишга масъул. Дастурда Чирчиқ дарёсининг бошланишидан то охиригача қисмида қаерда нима қилиш қилиш керак бу масофама-масофа – ҳаммаси кўрсатилади. Қаерни чиқиндидан тозалаш керак, қаерининг қирғоғини мустаҳкамлаш керак, қаерида ўсимлик, фауна дунёсини сақлаб қолиш керак – шунинг ҳаммаси қадамма-қадам битталаб кўрилади. 

Ҳар бир жойнинг хусусиятидан келиб чиқиб, [ишларни амалга оширамиз]. Дастур тўла-тўкис амалда ишлаб кетадиган бўлса, 2030 йилгача Чирчиқ дарёси тўлиқ реабилитация қилинган ҳолда оз бўлса-да, ўзининг илгариги ҳолатига қайтса керак деб умидимиз бор. 

“Бундан буён тозалаш ишларига тадбиркорлар жалб қилинмайди” 

Амалиётда тадбиркорлик субъектларини шу тозалаш ишларига жалб қиламиз деган баҳонада улар тозалаб беради деган нуқтаи назарда қарашади. Лекин улар тозалашдан кўра, кўпроқ қум-шағалларни сотиш билан банд бўлди. Қўпол айтганда, бу кўзбўямачилик бўлади. Лекин “Хавфсиз дарё” ДУК корхонасини уникал ташкилот сифатида бўлиши керак деб ҳисоблайман. Чунки ҳақиқатан баъзи участкаларда дарё йиғилиб қолади, уни тозалайдиган жойлари бўлади. Энди бундан буён “Хавфсиз дарё” тозалаб, ишларни ўша жойнинг ўзида амалга оширади ва қолдиради. Яъни тозалаб олинган шағал, қумлар олиб чиқиб кетилмайди. Ўзининг қирғоқ бўйларини мустаҳкамлашга қолдирилади. Шу амалиётга ўтилмоқчи. 

Лекин қийнаб келган нарса нима эди? Бир вақтнинг ўзида дарёнинг ичидан [материалларни] қазиб олиш билан шуғулланаётганларнинг бир қисми “Хавфсиз дарё” ДУК тайёрлаб берган участкалар бўйича аукциондан ютиб олган тадбиркорлар бор эди, иккинчиси ҳеч қандай аукционсиз, танловсиз тўғридан-тўғри баъзи комиссияларнинг протоколлари асосида участкаларни олган тадбиркорлар бор эди, учинчиси Геология вазирлиги томонидан 5-10 йилга лицензия олган тадбиркорлар бор – мана шу 3 та. Булардан баъзиларининг фаолиятини текширишга ҳозир ҳам бизда ваколат бор, лицензия талаблари доирасидагисини ҳам Геология вазирлиги билан келишган ҳолда ўрганиш мумкин. Энг қийнаётгани тўғридан-тўғри шартнома олиб ишлаётганлари-да. Уларнинг ҳам техник шартлари бор, лекин уни тўғри мақсадда ишлатадиган одам олганми ёки йўқ, бунга аралашолмас эдик. Ана энди айрим ҳолатларда тадбиркорнинг ҳудудига бориб, ноқонуний дарахт кесаётгани, дарё бўйига чиқинди ташлаётгани ёки ортиқча қум-шағал олиб чиқиб кетяптими, [назорат қила оламиз]. Уни [ҳужжатни ишлаб чиқишнинг] тартибларини қилгунча ҳам вақт кетаётганди. Агар тўғри кириб борадиган бўлсангиз, шикоят қилади, тадбиркорман дейди. 

Яхши томони шуки, энди булар [дарё ўзанларида тадбиркорлар фаолияти] тўлиқ тўхтайди, дарё тўлиқ халқнинг, давлатнинг ўзига қайтарилди. Энди бундан кейин тадбиркор ёки бошқа қўлларда қолиб кетмайди. Ва энди экология ходимлари ҳам ҳеч қандай чекловсиз, тўғри бориб, дарёлар муҳофазасини амалга ошираверади. 

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
Тасвирчилар Абдуқодир Тўлқинов, Жавоҳир Ғайратов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Top