21:46 / 17.08.2019
35985

Мутахассис: электр ҳисоблагичлар кўп ҳисоблагани аниқланса, харажатлар қоплаб берилади

17 август куни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Миробод туман электр таъминоти корхонасида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимининг жорий этилиши бўйича ОАВ вакиллари иштирокида пресс-тур ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги  «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2020 йил якунигача республика бўйлаб 7 миллиондан ортиқ истеъмолчининг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши мўлжалланган.

Тошкент шаҳар Электр тармоқлари корхонаси молия ва иқтисод масалалари бўйича директори Даврбек Имомовнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, жорий йил якунига қадар пойтахтда электр ҳисоблагичлар тўлиқ алмаштирилиши керак ва ҳозиргача 240 мингга яқин электр ҳисоблагич алмаштириб бўлинган.

Тадбирда замонавий электрон ҳисоблагичлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан бепул ўрнатилаётгани ва ҳар бир ҳисоблагич корхона учун 770 минг сўмга тушаётгани айтилди. Шунингдек, ушбу қурилманинг қатор афзалликлари маълум қилинди.

— Мазкур янги ҳисоблагичлар қабул қилиш билан бирга узатиш хусусиятига ҳам эга. Яъни келажакда муқобил энергия манбаи ҳисобланган қуёш панеллари орқали олинган электр энергиясини давлатга сотиши ҳам мумкин бўлади. Бундан ташқари, электрон ҳисоблагичга ташқи таъсирнинг олди олинади. Бу билан инсон омили таъсири камайиб, нореал қарздорлик каби нохуш ҳолатлар йўқотилади, — дейди Даврбек Имомов.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу ҳисоблагичлар ҳар ўн йилда бепул кўрикдан ўтказилади. Агар истеъмолчи қурилмани кўп ҳисоблаяпти деб муддатидан аввал стандартлаштириш кўригидан ўтказса ва унинг даъвоси тўғри чиқса, у ишлатган электр энергияси қайта ҳисоб қилиб берилади. Шунингдек, метролог кўригидан ўтказиш харажатлари электр энергия кўринишида қайтарилади. 

 

Top