16:10 / 30.11.2020
43745

1 декабрдан Тошкентда нафақа тайинлашнинг янги тизими ишга тушади

2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб Тошкент шаҳрида нафақа тайинлаш «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар Чилонзор туман бўлим бошлиғи Гулнора Муродова Kun.uz мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Гулнора Муродова

«Шу йилнинг 4 августидаги президент қарорига асосан, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрининг барча туманларида оилаларга бериладиган 2 ёшгача, 14 ёшгача, онага болани парваришлаш учун ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақалар пенсия жамғармалари томонидан ягона ижтимоий ҳимоя реестри асосида тайинланиши ва тўланиши белгилаб берилди.

Бунга асосан фуқаро ўзининг яшаш жойидаги МФЙга ҳужжатларни тақдим этади. Авваллари бунинг учун фуқародан иш жойидан, оила аъзолари, ойлик иш ҳақи ҳақидаги жами 20та ҳужжат сўралган. Бугунги кунда фақат 4та ҳужжат йиғилади. Яъни ариза берувчининг паспорт нусхаси, болаларининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар, ариза ва никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Маҳалла идоралари ушбу ҳужжатларни пенсия жамғармасига белгиланган реестр асосида тақдим этишади. Пенсия жамғармалари ушбу ҳужжатни махсус электрон дастурга киритади. Фуқарога нафақа тайинлаш ёки уни рад этиш бўйича белгиланган тартибда қарор чиқарилади. Қарорни албатта ўша дастурнинг ўзи чиқаради.

Ҳозирги кунда нафақани тайинлаш 9та идоравий ташкилотлар билан боғланган бўлиб, бунда ўзаро ахборот алмашинуви ишлайди. Дастур фуқаро номида машина борлиги, икки ёки ундан ортиқ уй-жой борлиги ёки оила ойига қанча даромад топаётгани тўғрисида маълумот бериб туради ва мазкур маълумотлар асосида ўша фуқарога нафақа бериш мумкинми ёки йўқлигини компютер базаси аниқлаб беради.   

Ушбу тажриба Сирдарё вилоятида бир йил давомида қўлланди ва ижобий хулосага келинди.

Инсон омили бу ерда умуман аҳамиятга эга бўлмайди. Фақатгина электрон тарзда ва ахборот алмашинуви орқали нафақаларни тайинлаш белгилаб берилади.

Олдин бу маҳалла фуқаролар йиғини зиммасида бўлган. Идоралар даромадига қараб нафақалар тайинланар эди. Бу борада қийинчиликлар бўларди. Фуқаро 20та ҳужжат йиққач, нафақа масаласини комиссия кўриб чиқиши керак бўларди. Комиссия бир неча кишидан иборат ва уларнинг кўп вақти кетарди. Ҳатто ҳужжатларни уйига бориб текширишга тўғри келарди. Бу маҳаллага жудаям оғирлик қиларди. Тўғри нафақа тайинлаш имконияти кам эди.

Мисол келтирсам, бир фуқаро кам таъминланганлик бўйича нафақа олиш учун ҳужжат топширяпти. Эрини номида иккита машина бор. Биз сўраганимизда бу тоғаси ва амакисини машинаси эканини айтиб «бу хўжайинимнинг номида эди» деб турибди. Ваҳоланки, у машиналар қимматбаҳо.

Шундай экан, унда амакилари ёрдам бериши керак уларга. Молиячи сифатида фикрим шундайки, ўша машина унинг номидами, албатта бошқа жойларда даромадлари бор.

Мазкур тизим мана шундай ҳолатларни аниқлашда ва нафақа олувчини тўғри белгилашда муҳим аҳамиятга эга», деди жамғарма ходими.

Маълумот учун, 2020 йил 4 августда «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинган. Ҳужжатда республиканинг барча ҳудудларида ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш жараёнига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.

Top