19:22 / 29.03.2021
48179

Энди педагогикадан бошқа йўналишда ОТМни тугатганлар ҳам мактабда дарс бериши мумкин

Янги ўқув йилидан бошлаб, нопедагогик мутахассисликда ўқиётган юқори курс талабалари махсус педагогик тайёрлов модулларида ўқиб, сертификат олгач, мактабда дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Kun.uz халқ таълими соҳасининг долзарб масалалари юзасидан ўзбекистонлик ва хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда суҳбат ташкил этди.

Унда педагог кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш мавзусида ҳам сўз борди.

Аюбхон Раджиев, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ректори:

— Ўқитувчи билан бирга, таълим жараёнида мактаб директори, методист деган кадрлар ҳам ишлайди. Шунча тоат-ибодатни бир секундда йўқ қилиб юборадиган бошқарув кадрлари бор. Буни очиқ айтиш керак. Агар улар ўқитувчи учун керакли шароитни яратиб бермаса, мактаб жамоаси, ота-оналар билан ишлашни тўғри йўлга қўя олмаса киритган сармояларимиз бир пул бўлади. Бунинг учун аввало уларни тайёрлашни йўлга қўйишимиз керак.

WrCwk1CjBas0f6LZKpvyHURGjdvOD5rh.jpg (1280×720)
Аюбхон Раджиев

Ўқитувчиларга келадиган бўлсак, ҳозир яқинда имзоланган президент фармонига мувофиқ, малака ошириш тизимини хусусий секторга бериш кўзда тутилди.

Мардон Юсупов, математика ўқитувчиси (Англия):

— Англияда ўқитувчи бўламан деган инсон учун 10га яқин йўллар орқали ўқитувчи бўлиб ишлаш имконияти яратилган. Университетлар қошида педагогика факультетлари бор. Ва энг қизиғи, жами ўқитувчиларнинг 15 фоизигина шу факультетларни тугатган.

Бу ерда бир йиллик педагоглар тайёрлов курслари бор. Шу курсни битирганларга сертификат берилади. Исталган бакалавр йўналишини тугатган ва ундан сўнг бир йиллик тайёрлов курсида таҳсил олиб сертификатга эга бўлган шахс мактабда дарс бериши мумкин.

Аюбхон Раджиев:

— 2021 йилнинг 25 январида қабул қилинган қарорга кўра, Ўзбекистонда ҳам бу жараён йўлга қўйилади. Халқ таълими тизимида сифатни ошириш мақсадида хорижий экспертлар иштирокида янги лойиҳа йўлга қўйиляпти. Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудлардаги 14 та филиалларида бир йиллик махсус курслар ташкил қилиняпти.

Янги ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистонда нопедагог мутахассисликда таҳсил олаётган ОТМларнинг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари ана шу махсус педагогик тайёрлов модулларида ўқиб, сертификатга эга бўлгач, мактабга бориб дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўқитувчилик қонида бор одамга бу имкониятни бериш соҳадаги катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

Мардон Юсупов:

hwnC8T_8ZmZ1Brh2VzZerP6bMjD1KpCz.jpg (1280×720)

— Ўқитувчиларни тайёрлаш фақат ОТМга тегишли эмас. Дунёда бошқа касб эгаларини ҳам ўқитувчиликка тайёрлайдиган процесслар бор. Айнан иқтидорли ёшларни бу соҳага жалб қилиш ҳам мумкин. Масалан, катта компанияга ишга киришда маълум муддат энг қийин аҳволдаги таълим муассасаларида ишлаб бериш шарти қўйилади. Бу ўша мактабга ҳам фойда бўлади, чунки иқтидорли ёш кадр ўзи билан янги ташаббусларни олиб келади. Иккинчидан, компания учун ҳам фойдали, чунки ўша қийин шароитда ишлаб чиқа олган кадр янаям профессионал сифатида келади бу ишга.

Англияда директорларни тайёрлаш иш давомида қўшимча равишда олиб борилади. Масалан, директор бўлишни истаган ўринбосар иш фаолияти давомида маълум платформа орқали директорликка ўқийди ва сертификат олади.

Жамила Маҳмудова, ўқитувчи (Швеция):

1UjSvxD_gy-1sTao69jhiLs-H94mXLWm.jpg (1280×720)

— Швецияда директор бўлиш учун 3 йил ўқиш шарт. Бу иш фаолияти давомида бўлиши ҳам мумкин. Ҳафтада маълум кунларда ўқишга бориши, бошқа пайтларда иш жараёнида тажриба орқали ҳам ўша дастурни бажариши лозим бўлади.

Бунда уларга бошқарув жараёни ва ҳужжат ишларидан тортиб, муомала маданиятигача ўргатилади. Директор бутун мактабга жавобгар шахс сифатида тайёрланади.

***

  • Маълумот учун, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда педагог кадрлар тайёрлайдиган ОТМлар ва лицензияга эга хусусий таълим ташкилотларига халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, 2021/22 ўқув йилидан бошлаб, Авлоний номидаги институт ва унинг ҳудудий марказларида ОТМларнинг педагогик бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларида ўқиётган талабалари учун педагогик тайёргарлик модуллари амалиётга киритилади. Бунда:

  • модуллар бўйича бакалавриатнинг сўнгги икки босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишга қабул қилинади;
  • модуллар бўйича ўқитиш талабаларнинг ОТМда таҳсил олишдан бўш вақтида, Халқ таълими вазирлигининг гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Вазирлик гранти эҳтиёж юқори бўлган педагогик мутахассисликлар бўйича ажратилади;
  • модулларни грант асосида ўзлаштирган талабалар ОТМни битирганидан сўнг камида икки йил ишлаб бериш учун вазирлик томонидан давлат умумий ўрта таълим ташкилотларига тақсимланади;
  • модулларни ўзлаштирганлик тўғрисидаги сертификатга эга шахсларга ОТМда ўқишни битирганидан сўнг қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан, мутахассислигига оид фанлардан умумий ўрта ва профессионал таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.
Top