10:58 / 19.05.2021
5774

Ўзбекистон ва Қозоғистон Silk Road Visa’ни ишга туширишга тайёр. Барча техник масалалар келишиб олинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ягона сайёҳлик визасини ишга туширишга тайёр. Бу ҳақда 18 май куни журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди. Ҳукумат вакили қайси мамлакатлар «Осиё Шенгенига» қўшилиши мумкинлигини ошкор қилди.

Нур-Султон ва Тошкент Silk Road Visа кўп марталик сайёҳлик визасини жорий этиш бўйича барча техник масалаларда келишиб олди. Бу ҳақда сешанба куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов айтиб ўтди. 

«Аниқ санани бугун ишлаётган икки томонлама комиссия белгилайди. Биз барча техник муаммоларни ҳал қилдик ёки ҳал этиш арафасидамиз. Давлатларнинг ички тасдиқлаш тартиб-таомилларидан ўтиш қолди», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда «РИА Новости».

Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун чет элликлар ариза юбориши мумкин бўлган портал ишга туширилади. Мурожаатга жавоб 48 соат ичида келади. Бош вазир ўринбосари бошқа давлатлар ҳам ушбу лойиҳага қўшилишни хоҳлаётганини қўшимча қилди. «Қирғизистон жуда фаол қизиқиш билдирмоқда, Озарбойжон Республикаси билан айрим ўзгаришлар мавжуд, эҳтимол Тожикистон, Мўғулистон, шунингдек, бир қатор Кавказорти республикалари ушбу лойиҳага қўшилиши мумкин. Музокаралар олиб борилмоқда», - деди вазир. 

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил январ ойида Абдуҳакимов Ўзбекистон ва Қозоғистон туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириши ҳақида айтганди. Шу билан бирга, у келажакда мамлакатларнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун янги транспорт йўлакларини очиш режалаштирилганини таъкидлаган. Хусусан, Тошкент ва Туркистонни тўғридан тўғри боғлайдиган янги темир йўл линиясини қуриш тўғрисида келишувга эришилган. 

Top