Ўзбекистон | 22:07 / 08.05.2024
13040
2 дақиқада ўқилади

ТИВ Қозоғистонга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига тавсиялар берди

Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россияга киришда ҳам ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозимлиги таъкидланди.

Фото: gov.kz

Қозоғистон Республикасига кириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилгани муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кириш ва чиқишда фуқароларга барча зарур ҳужжатларни олиб юришни тавсия қилди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россияга киришда ҳам ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим. Чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россиянинг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказади.

Агар Россияда бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Шу муносабат билан, Қозоғистонга кириш ва чиқиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмаслиги учун Ўзбекистон фуқароларига Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси веб-сайти «Хизматлар» бўлимида махсус онлайн шаклни тўлдириш орқали Россияга кириш учун тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириш тавсия этилди.

Мавзуга оид