Ўзбекистон | 09:31 / 13.04.2018
21386
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Сирдарё» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПФ-4516-сонли Фармонига асосан Жиззах вилоятида “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда “Жиззах” ЭИЗ деб аталади) Сирдарё вилояти Сирдарё тумани филиали ташкил этилгани ва унинг чегаралари тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинди. 

Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда “Сирдарё” ЭИЗ деб аталади) “Жиззах” ЭИЗ Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги филиали ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси негизида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди. 

Қуйидагилар “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди: 

Сирдарё вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш; 

мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларни, шунингдек, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш; 

эркин иқтисодий зона корхоналари ўртасида ҳамда бошқа маҳаллий корхоналар билан мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш асосида маҳаллий хом ашё ва материаллардан юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш; 

“Сирдарё” ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, ушбу ҳудудда сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш; 

эркин иқтисодий зоналарнинг соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этишда ва уларнинг эркин иқтисодий зонада жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташида қатнашиш. 

Сирдарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши (Ғ.Ғ.Мирзаев) Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Сирдарё” ЭИЗнинг чегараларига аниқлик киритиш, кейинчалик кенгайтириш бўйича таклифларни икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашига киритилишини таъминлайди. 

Белгилаб қўйилишича:

“Сирдарё” ЭИЗ таркибига киритилган ер майдонлари Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг бевосита тасарруфида бўлади; 

“Сирдарё” ЭИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин; 

“Сирдарё” ЭИЗ фаолият юритадиган муддат давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона тартиблари амал қилади; 

“Сирдарё” ЭИЗ иштирокчиси мақоми Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарори билан берилади;

собиқ Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси иштирокчиларига нисбатан, ушбу мақомни аввал олган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 мартдаги “Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПҚ-2860-сонли қарорида кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлар сақланиб қолинади. 

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ҳамда республика ва ҳудудий даражадаги муҳандислик-коммуникация хизматлари кўрсатувчилар эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг коммуникацияларга, уларни “Сирдарё” ЭИЗнинг ҳудудигача белгиланган тартибда кафолатли уланишини таъминлайди. 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ҳар йили келгуси йиллар учун ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда белгиланган тартибда уларга “Сирдарё” ЭИЗнинг муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар киритилишини назарда тутади. 

“Сирдарё” ЭИЗ фаолиятини оператив бошқарув функцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5032-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган “Сирдарё-фарм” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонасига юклатилсин ва унинг номи “Сирдарё” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонасига ўзгартирилиб, ходимлари сони 3 нафардан 5 нафарга оширилди. 

Белгиланишича, “Жиззах” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонасининг ва “Жиззах” ЭИЗ иштирокчиларининг Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги “Жиззах” ЭИЗнинг филиали бўйича ҳуқуқ ва бурчлари белгиланган тартибда “Сирдарё” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонаси ва “Сирдарё” ЭИЗ иштирокчиларига ўтади. 

Мавзуга оид