16:31 / 20.09.2023
29038

«Яна 3-4 кун» – масъуллар ун нархи тез орада пастлашини айтиб, маҳсулотни керагидан ортиқ сотиб олмасликка чақирди

Ун нархининг кескин кўтарилиши масаласи бир неча кундан буён Ўзбекистонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 

Бунда нарх кўтарилиши биринчи навбатда Қозоғистондан импорт қилинадиган ун нархида сезилди. Жумладан, кузатувларимизга кўра, қозоқ унининг бир қопи 250 мингдан сотилган бўлса, бугунги кунда унинг нархи 430-450 минг сўмни ташкил қиляпти. 

Шунингдек, нархнинг кескин кўтарилиши Қозоғистонда етиштирилган ва Ўзбекистонда қайта ишланган ун нархида ҳам кузатилган. Жумладан, шундай уннинг бир қопи бозорда 175 мингдан 250-260 минг сўмгача ошган.

Ўзбекистонликлар дастурхонидаги асосий истеъмол маҳсулоти нонн нархининг қисқа вақт ичида кескин ошиши кўпчиликнинг хавотир ва саволларига сабаб бўларкан, Kun.uz мухбири соҳага масъул бир неча вазирлик ва компания вакилларини интервю столи атрофида тўплади. 

Интервю меҳмонлари – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Зафар Ортиқов, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Абдурашид Исроилов ва “Ўздонмаҳсулот” АК бошқарма бошлиғи Шерали Донаев бўлди.

— Бугун сизлар ун нархининг деярли икки баробар ошиб кетишига тушунтириш, маълум изоҳларни берасизлар, лекин аниқ, конкрет гап шуки, бу нарх ошиши одамларга, истеъмолчиларга катта юк, ташвиш бўлиб тушди.

Ҳа, биз бунга қадар ҳам нарх ошишига расмий, норасмий бўлсин, турли изоҳларни эшитдик. Келинг, бугун шу масалага аниқ ва тўлиқ қилиб жавоб олсакки, ун, дон нархи нега ошди?

Зафар Ортиқов: 

— Ун нархи ошишини жуда бир ваҳимали талқин қилиш нотўғри деб биламан. Биз мустақиллик давридан бошлаб дон мустақиллигига эришганмиз. 

Бугун бир киши учун йилига 154 кг буғдой истеъмоли тўғри келади, деб олсак, бу дегани 36 млн инсонга йилига 5 ярим миллиондан кўпроқ ғалла етиштириш керак. Бизда эса 2023 йилда 8 млн тоннадан ортиқ буғдой етиштирилди.

Ватандошларимиз Қозоғистон унини ўзимизнинг унга аралаштириб нон ёпади. Шунинг учун қўшниларимизнинг унига эҳтиёжимиз бор. Лекин Қозоғистонда бу йил ёғингарчилик туфайли буғдой йиғими қийин бўлди. Бу эса нарх белгиланишини чўзиб юборди. Шунинг учун нарх кўтарилиши юз берди. 

Шерали Донаев:

 — Қозоғистонда ҳар йили нархни озиқ-овқат корпорацияси белгилайди. Ва ўша нархдан келиб чиқиб тадбиркорлар томонидан таклиф, нархлар шакллантирилади. Бу йилги ҳосил йиғимлари қийин бўлгани учун нарх белгиланиши орқага сурилди. Шунинг учун тадбиркорлар таклиф нархларни шакллантиролмай, сотув тўхтаб қоляпти, бу эса биздаги нархлар ошишига сабаб бўлмоқда. Ҳозирги нархлар ўтиш давридаги барқарор бўлмаган нарх. Қозоғистонда нарх белгиланиши билан сотув йўлга тушади. 

— Нарх ошиши ўзбек уни нархида ҳам сезилди. Ўзбекистонда 8 млн тоннадан ортиқ буғдой етиштирилган, захиралар тўла дейилаётган пайтда буни қандай тушуниш мумкин? 

Шерали Донаев: 

— Бизда дон маҳсулотларида эркин бозор механизми йўлга қўйилган. Буғдой ва ун маҳсулотлари биржа орқали сотиляпти, у ҳукумат томонидан белгиланмайди. Ўтган 3-4 кунда ҳам биржада маҳсулот ҳажми ўзгаргани йўқ. Лекин Қозоғистон буғдойи нархи ошгани учун сунъий нарх ошириш пайдо бўляпти. Яъни бошланғич биржа нархлари деярли ошмаяпти, ошган бўлса, 4 фоиз ошган. 

Абдурашид Исроилов: 

— Ўзбекистон буғдойида кескин ўзгариш сезилгани йўқ. Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси қошида махсус фонд ташкил этилган. Бу фонд давлат захираси учун 1,2 млн тонна буғдой сотиб олган. 2022 йил ҳосилидан биржада ҳам сотдик. Бугунги кунда умумий 2,1 млн тонна захирамиз бор. Ҳозирги вазиятда Қозоғистон томонидан нарх белгиланмагани учун шундай бўляпти. 

Давлат захирасидаги буғдойни биржага чиқариб нархга таъсир қилиб бўлмайди бу ҳолатда, чунки олувчи йўқ, ўша-ўша ҳажмда сотув бўляпти. Биржага кунига 60-70 минг тонна буғдой қўйиляпти ва шундан фақат 20-22 минг тонна дон сотиляпти. Бу ерда нарх ошишига сабаб уни ўртадаги баъзи тадбиркорлар ёлғон хавотирлар уйғотиш орқали сунъий оширмоқда. Бизда буғдой етарли, захира ҳам бор, нарх оширилишига сабаб йўқ умуман. 

— Айтишларингиз бўйича, нархни манфаатдор бўлган номаълум тадбиркорлар амалга ошираётган экан, уни қандай тушириш мумкин?

Одамлар ҳозир нима қилиши кераклигини аниқ ва содда қилиб тушунтириб берсангиз. Хўш, улар нима қилсин, бир ҳафта нон емасинми, диета қилсинми?

Шерали Донаев: 

— Халқимиз нарх ошаркан деса, битта оладиган нарсани иккита олади. Бозорда маҳсулот тўла, шунинг учун фақат бугунги эҳтиёж учун харид қилишсин. Шунда талаб кўп бўлмайди ва нархлар жойига тушади. Бошқа бир давлатдаги ишни деб ўзимиздаги нархларни бундай ошириш керакмас. Халқимизга тўғри етказа олишимиз лозим, бизда маҳсулот етарли. Шунинг учун фақат ўзига етарлисини олсин одамлар.

Абдурашид Исроилов: 

— Ростдан бизда захиралар етарли даражада. Одамлар эртанги кунга деб қўшимча олишларига ҳожат йўқ. Бозордаги фейк хабарларга қарши тўғри маълумот билан курашиш керак. Баъзи тадбиркорларнинг фойдаси кўпайгани қолади, ваҳима қилмаслик керак шунинг учун. Биржадаги буғдой ҳам, унлар ҳам етарли. Бир неча кун ортиқча сотиб олишни тўхтатса одамлар, нархлар жойига тушади. Бозорда турган маҳсулотлар етарли, фақат Қозоғистондаги нарх важи билан кўтариб олишяпти бизникилар ҳам. 

• Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов,
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top