23:22 / 08.06.2020
23113

Вазир ўринбосари Қозоғистоннинг ун бўйича квотаси, узумзорлари кўпаядиган Фарғона ва совуқ урган экинлар ҳақида

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлиб қайтди.

Кеча, 7 июнь куни шу ташриф якунлари бўйича бир қатор вазирлик ва ташкилот раҳбарлари Пресс-клубнинг навбатдаги сонида чиқиш қилди. Тадбир якунида журналистлар томонидан Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Баҳодир Холиқов интервьюга тортилди. Унда вазир ўринбосари президентнинг вилоятга ташрифи ҳамда соҳага оид бошқа бир нечта саволларга жавоб қайтарди.

– Бир муддат аввал Қозоғистон томони Ўзбекистонга ун етказишга оид квота белгилаган эди. Квота бугунги кунда ҳам амалдами ва бу бизга қандай таъсир қилади?

– Бу ҳали ноаниқ.

– Хўш, унда бизнинг ун захирамиз ҳақида маълумотга эгадирсиз...

– Бу соҳанинг ўз мутахассислари бор. Мен сизга фақат ғалла етиштириш бўйича маълумот бера оламан. Айни кунларда ғалла йиғим-терими жараёни кетяпти. Бу йил апробация қилганмиз. Бу йил суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 60-65 центнердан ҳосил етиштириш имкониятимиз бор. Ҳозир ғалла мустақиллигига кўп эътибор берилмоқда. Бизнинг эндиги вазифамиз ғалланинг сифат кўрсаткичларига эришиш.

Биз ғалла навларини олиб келиш ва экиш бўйича Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қиламиз. Андижонда дон ва дуккакли экинлар етиштириш бўйича илмий тадқиқот институти бор. Бундан ташқари, Қашқадарёда ушбу институтнинг филиали бор. Бу институтларда ғалланинг оқсил ва клековина сифати бўйича ҳам иш олиб бориляпти.

Ҳозирга вақтда Ўзбекистоннинг суғориладиган майдонларида 50 фоиз ўзимизнинг маҳаллий буғдой навлари экилади. Бундан 7-8 йил аввал биздаги ғалла навлари бармоқ билан санарли даражада эди.

Ҳозир ғаллачиликда биргина муаммомиз борки, бу – ғалланинг эртапишар навларини яратиш. Кўряпсиз, иқлим ўзгариб боряпти. Ғалла шундай экин. У биологик жихатдан иссиқда қолиб кетмаслиги керак. Ғалла иссиқда қолса ундаги сифат кўрсаткичи тушиб кетади. Олимларимиз 240-250 кунда пишадиган ғаллани 210 кунда пишириш устида ишлаяпти. Агар бир шу кўрсаткичга эришсак уни июнь ойида эмас, май ойида йиғиб олишимиз мумкин бўлади.

Баҳодир Холиқов

– Президент Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида Фарғонанинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятлари ҳақида гапирди. Вазирлик бу борада қандай лойиҳаларга эга?

Ҳақиқатдан ҳам, давлат раҳбари бу ташрифи давомида вилоятда ғалла етиштириш ва қишлоқ хўжалигидаги очилмаган имкониятлар ҳақида гапирди. 

Фарғона вилоятнинг қишлоқ хўжалиги бўйича очилмаган қирралари жуда кўп. Масалан, ҳозир вилоятда деҳқонлар томонидан 63 минг гектар ерда боғдорчилик, узумчилик, сабзавот, полиз ва картошка маҳсулоти етиштирилади. 2020-21 йиллар мобайнида эса мана вилоят туманларини ихтисослаштириш масаласида вазирлигимиз томонидан бир қанча лойиҳалар таклиф қилинди. Бу нима дегани? – Олтиариқ мисолида сизга тушунтириб бераман. 2020 йилнинг бошигача туманда 1465 гектар токзорлар мавжуд эди. Бу токзорларнинг 90-95 фоизи эса аҳоли томорқаларида етиштирилади. Бизда экспорт маҳсулотлари ичида узум энг талабгир маҳсулот ҳисобланади. Бизда бу бўйича халқ мактаби бор. Бу мактабни ишлаб чиқарувчилар, кластерлар фаолиятига йўналтиришимиз керак. Биз кластер ва фермер хўжаликлари ташкил қилишимиз керак. Вазирлигимиз шу кунга қадар 1350 гектар ерга токзорлар барпо қилди. 177та фермер хўжалиги ташкил қилинди. Бу фермер хўжаликларида эса келажакда 45-50 минг тонна узум етиштирилиши ва 50-55 млн доллар миқдорида экспортни таъминлаш имкониятини яратади.

Бунинг иккинчи босқичида эса 1460 гектар майдонда узумзорлар барпо қилиш мўлжалланяпти. Йил якунига қадар жами янги ташкил қилинадиган узум майдонлари 3 минг гектардан ошади. Етиштириладиган маҳсулот ҳажми эса 170 минг тоннага етади. Бу билан экспорт ҳажми 170-175 млн долларни ташкил қилади.

Бу вазирликнинг фақат узумчилик соҳасидаги режаларидан бири.

– Баҳорнинг ўрталарида республиканинг бир нечта вилоятларида қор ёғиб, совуқ об-ҳаво кузатилди. Бунинг оқибатида кўплаб майдонлардаги экинлар нобуд бўлди.  Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги тизимида ахборот технологияларини жорий қилиш, фермер ва деҳқонларни об-ҳаводаги ўзгаришлардан огоҳлантириш тизими йўқ эканлигини кўрсатиб қўйди...

– Тўғри савол беряпсиз. Бу режа қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича стратегиямизда бор. Биз ҳозир қишлоқ хўжалигида ахборот технологиялари ривожланган давлатлар билан шу соҳада ҳамкорлик қилиш учун алоқа ўрнатишга ҳаракат қиляпмиз. Бу каби технологиялар олиб келинса албатта туманларда ўрнатилади. Ҳозир Гидрометрология хизмати 1 ҳафталик об-ҳаво маълумотларини кўрсатиб бера олади. Ундан кейингилари эса бироз ноаниқ бўлиши мумкин. Бу маълумотлар 10 кун ёки 2 ҳафталик бўлса яна ҳам қулай бўларди. Саволингиз бўйича яқин йилларда албатта ўзгаришлар бўлади.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Top