Шавкат Мирзиёев: «Уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади»
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга интервью берди.
Давлат раҳбари суҳбат давомида ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатаётганини маълум қилди.
“Тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда. Ҳолбуки, собиқ мустабид тузум даврида “тепа”дан буйруқ бўлмаса, бир қадам босишга ҳам ҳаққимиз йўқ эди. Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.
Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди. Қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳада биз бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усулларини, жумладан, кластер тизимини жорий этдик. Кластерлар ёрдамида гектаридан пахта бўйича – 50 центнер, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпмиз ва бу марраларга албатта эришамиз.
Афсуски, мамлакатимизда тезлик билан ҳал этиш керак бўлган ўткир муаммолар бошқа соҳаларда ҳам йиғилиб қолган эди. Ҳаммаси жойида, деган кайфият билан уларни билиб – билмаганга, кўриб – кўрмаганга олиб, ғафлат уйқусига ботиб юравериш ҳам мумкин эди. Лекин бу ўзимизга, халқимизга, келажакка нисбатан хиёнат бўларди.
Очиқ айтмоқчиман: менинг табиатим бундай сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир. Мен миллионлаб инсонларнинг тақдири учун масъулиятни зиммамга олган эканман, ислоҳотлар борасида бошқача йўл тутишим, ҳаммасини аввалгидек қолдиришим асло мумкин эмас.
Такрор айтаман: олдимизда турган ишларнинг барчасини ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз керак, ҳеч ким четдан келиб биз учун биронта муаммони ҳал қилиб бермайди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024