07:37 / 07.11.2020
65431

Трансплантология: инсоннинг қайси ички аъзолари энг кўп кўчирилади?

Замонавий тиббиётнинг бу бўлими шу қадар шиддат билан ривожланмоқдаки, қатор-қатор йирик клиникалар айнан мана шу йўналишда фаолият юритишга ихтисослашмоқдалар. Расман ва тизимли равишда йўлга қўйилганига ҳали бир аср ҳам бўлмаган трансплантация бугунги кунда жуда оғир касалликларда ягона услуб вазифасини ўтаяпти.

Фото: iStock

Трансплантология — тиббиётнинг инсон аъзоларини кўчириб ўтказишга оид муаммоларини ўрганувчи бўлими бўлиб, сунъий органлар яратиш билан ҳам шуғулланади.

Трансплантология ҳам бир неча йўналишларга бўлинади:

  • ксенотрансплантация – органлар ва/ёки тўқималарнинг бошқа турдаги биологик турдан (масалан ҳайвонлардан) трансплантация қилиниши;
  • аллотрансплантация - трансплантациянинг бу турида донор сифатида генетик ва иммунологик жиҳатдан бегона инсон иштирок этади;
  • сунъий органлар – гарчи дастлабки қадамлар энди қўйилаётган бўлса-да, бу йўналиш ҳам энг истиқболли ҳисобланади;
  • ўзак ҳужайралардан турли аъзоларни етиштириш;
  • аутотрансплантация – донор ва реципиент (яъни олувчи ва берувчи) бир инсоннинг ўзи бўлади (масалан, тананинг маълум қисмидаги тери зарур жойга кўчирилади).

Замонавий трансплантология асосчиси Алексис Коррель ҳисобланади ва у бу борадаги тадқиқотлари учун 1912 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган. Айнан Коррель инсон аъзоларини кўчиришнинг асосий принципларини ишлаб чиққан ва амалиётга киритган.

Шундан кейин ички аъзоларни кўчириб ўтказиш қуйидаги даврларни бошдан кечирган:

  • 1954 йилда жарроҳ Жозеф Мюррей бошчилигидаги шифокорлар гуруҳи эгизаклардан биридан иккинчисига буйракни муваффақиятли кўчириб ўтказган. Мюррей кейинчалик тадқиқотларини давом эттириб, бегона организмлардан ҳам трансплантациялар амалга оширган ҳамда органларнинг уйғун фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қатор янгиликлар киритган.
  • 1956 йилда Томас Старзл илк бор жигар кўчириб ўтқазган.
  • 1963 йилга келиб Миссисипи университети клиникаси шифокори Жеймс Харди битта ўпкани кўчириб ўтқазган. Аммо бемор орадан бир неча кун ўтиб вафот этади. Бир ўпканинг муваффақиятли трансплантацияси 1983 йилда жарроҳ Жоель Купер томонидан амалга оширилган. Айнан Купернинг ўзи 1986 йилда икки ўпкани кўчириб ўтказишга ҳам муваффақ бўлган.
  • Трансплантация соҳасида ўзига хос инқилоб сифатида қараладиган юракни кўчириб ўтказиш операцияси ЖАРлик жарроҳ Кристиан Барнард томонидан 1967 йилда амалга оширилган. Барнарднинг бемори 16-куни вафот этган бўлса-да, шифокор шон-шуҳрат билан тиббиёт тарихига кирди.

Маълумот учун: 1967 йилдан буён жаҳон бўйлаб 40 мингдан ортиқ юрак кўчириш операциялари муваффақиятли амалга оширилди.

Савол туғилади – аъзоларни кўчириш бўйича операциялардан сўнг инсон ўртача қанча вақт яшайди? Бу борада ҳам албатта тадқиқотлар олиб борилган. Маълум бўлишича, буйраклар кўчирилганда камида 75 фоиз беморлар, жигарда 75–80 фоиз, юрак кўчирилганда 70 фоиз атрофида 1 йил ва ундан ортиқ умр кўрадилар.

Бир қарашда 1 йил оз муддат туюлиши мумкин. Аммо ўша 1 йил муддат энг мураккаб давр ҳисобланади ва организм янги аъзони қабул қилиб мослашиши учун ўртача зарур даврдир. Қолаверса, трансплантация организм ўлим ёқасида турган беморларга қилиниши ҳисобга олинса, бу муддатнинг аҳамияти дарҳол сезилади.

Бу қизиқ: Тиббиёт тарихида юрак кўчириб ўтказилганидан кейин 30 йил яшаб, саратондан ўлган бемор қайд этилган.

Умумий кўчирилган аъзоларнинг 40 фоиздан ортиқроғи буйраклар ҳиссасига тўғри келади, ундан кейинги ўринларда жигар ва юрак туради. Шунингдек, ўпка, суяклар, ичакларни кўчириш ҳам бугунги кунда анъанавий операциялар қаторидан жой олган.

Ҳозирги даврга келиб олимлар юзни тўлиқ кўчириб ўтказиш устида мунтазам иш олиб бораётган бўлсалар, бошни кўчириш имкониятларини назарий ва амалий жиҳатдан ўрганмоқдалар.

Ҳар соатда 15 та трансплантация ўтказилиши, беморларга қатор умидлар бағишлашига қарамай, бу соҳа ҳам қатор ўзига хос муаммоларга эга:

  1. Трансплантация операцияларига диний қарашлар турлича, ҳамма ҳам тўғри қабул қилавермайди.
  2. Беморга қайсидир аъзони кўчириб ўтказишда жарроҳнинг техник жиҳатдан усталиги кифоя қилса, аъзонинг мослашиб яшаб кетиши шифокордан йиллаб кузатишни ва чуқур малакани талаб қилади.
  3. Зарур аъзоларни қўлга киритиш бўйича ҳам турли давлатлардаги ёндашувлар турлича. Қайсидир давлатларда марҳумлар аъзоларидан кенг фойдаланилса, айрим ҳудудларда бу қабул қилинмайди.
  4. Инсон аъзолари билан савдо қилувчи жиноий гуруҳларнинг қилмишлари ҳам бу соҳага жиддий маънавий зарба бўлган.
  5. Миллионлаб операциялар ўтказилганига қарамай, ҳануз трансплантация жараёни аксарият аҳоли учун қимматлигича қолмоқда.

Kun.uz хайрия акциялари орасида ҳам трансплантацияга муҳтожлар талайгина ва улар асосан нисбатан арзон нархлар таклиф этаётган Ҳиндистонга йўл оладилар. Бу давлатда сўнгги йилларда соҳа ҳақиқий индустрияга айланиб бормоқда.

Аброр Зоҳидов

Top