13:45 / 21.01.2021
10935

Онлайн касса машинасидан фойдаланиш мажбурий бўлади. Интернети йўқ ҳудудлар аҳолиси нима қилади?

Интернет алоқаси бўлмаган чекка ҳудудлар рўйхати шакллантирилади. Президент фармонига мувофиқ, у ерлар аҳолисига онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланиш мажбурий ҳисобланмайди.

Давлат Солиқ қўмитаси департаменти директори Ҳаётжон Насруллоев 20 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида республикада онлайн назорат касса машиналарини жорий этиш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳақида маълумот берди.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, мазкур ускуналардан фойдаланиш мажбурий бўлади, аммо интернети йўқ ҳудудлар учун алоҳида рўйхат тузилади.

«Ҳаммага яхши маълум, чекка ҳудудларда интернет алоқаси ва электр таъминотидаги узилишлар юзага келиши мумкин. Ушбу ҳолатларда чек берилиши қандай бўлади, деган савол барчани қизиқтиради.

Онлайн назорат касса машиналарини чекка ҳудудларда жорий этиш масаласида президентимизнинг 2019 йил 19 сентябрдаги фармонларида тўртта босқичдан иборат график белгиланган.

Ҳозир биз учинчи босқичдамиз. Биринчи босқичда тизимга алкогол, тамаки маҳсулотлари, газ ва бензин сотувчилари ўтган.

Иккинчи босқичда йиллик савдо айланма маблағлари 5 миллиард сўмдан юқорилар ўтган эди.

Учинчи босқичимизда 2021 йил 1 январдан савдо айланмаси 100 миллион сўмдан юқори бўлган тадбиркорлик субьектлари ўтиши белгиланган. Яъни, улар тизимга 2021 йил давомида ўтишади.  

2022 йилдан бошлаб республиканинг барча пуллик хизмат кўрсатувчи ёки пуллик савдо қилувчи ташкилотлари онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланиш тартибига ўтади.

Агар ўша ҳудудларда интернет алоқаси йўқ бўлса, президент фармонида кўрсатиб ўтилганки, бу ҳудудларнинг рўйхати Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги томонидан тақдим этилади.

Айнан шу вазирлик томонидан тақдим этилган ҳудудларда бундай касса машиналаридан фойдаланиш мажбурий ҳисобланмайди.

Бошқа ҳудудларда интернет алоқаси маълум бир вақтда узилиб қоладиган бўлса ёки электр тармоғида узилишлар бўлса янги касса машиналарида батарея, аккумуляторлар бор. Мазкур ускуналар интернет тармоғи бўлмаган тақдирда ҳам офлайн режимда, яъни алоҳида ўзи мустақил ишлай олади. Чекларни бемалол бера олади.

Интернет тармоғи яна қайта тикланганидан сўнг бу маълумотлар автоматик равишда Давлат Солиқ қўмитаси серверлари билан синхронлашади, яъни маълумотларнинг қўмитага автоматик тарзда узатилиши йўлга қўйилган», – деди қўмита расмийси.

Аввалроқ, Ҳаётжон Насруллоев онлайн назорат касса машиналарини жорий этиш бўйича бажарилаётган ишлар ва тизимдаги қулайликлар юзасидан маълумот берганди.  

Унда мутахассис мазкур замонавий ускуналар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, маълумотлар алмашинуви ҳамда солиқларни ҳисоблаш базасини тўғри аниқлашда ёрдам беришини айтган.

Маълумот учун, тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган 13 турдаги онлайн назорат касса машинаси ва 11 турдаги виртуал касса дастурий маҳсулотларидан ихтиёрий танлов асосида фойдаланишлари мумкин. Жорий йилда савдо айланмаси 100 миллион сўмдан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари ушбу касса машиналаридан фойдаланиши мажбурий бўлади.

Top