Иқтисодиёт | 11:27 / 27.06.2021
17932
10 дақиқада ўқилади

Соядаги иқтисодиёт: Одамлар нега солиқдан қочиш ва яширин даромад олишга интилишади?

Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишига салбий ва юқори таъсир кўрсатаётган омиллардан бири – хуфиёна (яширин) иқтисодиётдир. 


2020 йилги маълумотларда у республика ялпи ички маҳсулотининг қарийб 48 фоизини (245 трлн сўм) ташкил этиши келтирилган. Бу ёмон кўрсаткич бўлиб, аввало қонунчилик ва тизимлардаги муаммолар ҳосиласидир.

Солиқлардан қочиш ва яширин даромад олишга интилиш нимани англатади?
Яширин иқтисодиёт маҳсулот ва хизматларни иқтисодиёт субъектлари томонидан яширин тарзда ишлаб чиқариш, солиқлардан қочиш орқали ноқонуний даромад орттиришга асосланади. Унинг юзага келишига давлатнинг иқтисодиётга ортиқча аралашуви, қонунчиликдаги муаммолар, солиқ юки юқорилиги ва бизнес муҳити яхши эмаслиги сабаб бўлади. 

Кўплаб тадбиркорлар яширин (ноқонуний) даромад орттириши оқибатида йиғилган маблағларнинг солиқ учун тўланадиган қисми ҳам солиқлардан қочувчи ноҳалол шахслар чўнтагига тушмоқда.

Қонунда белгиланган тартибда фаолият юритиш, даромадига яраша солиқ тўлаш ҳар бир фуқаронинг мажбурияти бўлса-ю, бу масъулиятни аксарият инсонлар нега ҳис қилишмайди? Улар тўлайдиган солиқлар мамлакат иқтисодиёти учун муҳимлигини нима учун англашмайди? 
Бундаги бош фактор солиқ тизимидаги муаммоларга бориб тақалар, эҳтимол. Одамлар нега солиқ тўлашдан қочишади? Чунки солиқ юки юқори, солиққа тортиш тизими номукаммал, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончи паст даражада. Айримларда «маблағим қанчалигини очиқламасам, тортиб олишга уринишлари мумкин», деган қўрқув ҳам бор ҳаттоки.  

Иккинчи  омил эса инсонларда пул жамғаришга бўлган мойиллик, нима қилиб бўлса-да фаровон яшашга интилиш, камхарж ва оз меҳнат билан кўп даромад олишга эришиш истаги кучлилигида. Шунингдек, ижтимоий табақалашув, аёвсиз рақобат, юқори инфляция ҳам солиқлардан қочишга ва оқибатда яширин иқтисодиёт қарор топишига хизмат қилмоқда.

Яширин иқтисодиёт улуши катта бўлган айрим соҳалар 
Биламизки, мамлакатдаги энг йирик маблағлар савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида айланади. Ўз навбатида, яширин даромадлар ҳам шу соҳаларда шаклланади. Масалан, аҳолининг катта қисмига хизмат қилувчи кичик савдо шохобчаларида харид чеки берилмаслиги ёки мижознинг ўзи уни талаб қилмаслиги кўп учрайди. Мутахассисларга кўра, оддийдек кўринган ушбу ҳолат аслида яширин иқтисодиёт ривожланишига, тадбиркорлик субъектлари орасида носоғлом рақобат муҳити шаклланишига олиб келади.

Агар ҳар бир истеъмолчи томонидан чек талаб қилинса, хуфиёна иқтисодиёт улуши қисқариши баробарида, солиқлардан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам камайиб, бюджет тушумлари ортиши мумкин. Бироқ аҳолига тушунтириш ишлари олиб бориш анча сустлиги сабабли ноҳалол тадбиркорлар умумжамият учун тегишли маблағлар – солиқ тушумларини ҳам ўзлаштиришда давом этмоқда. 

Яширин иқтисодиётнинг яна бир кўриниши нолегал ишчи кучидан фойдаланиш ёки ходимларга тўланаётган ойлик-маошларни камайтириб кўрсатиш орқали солиқлардан қочиш ҳисобланади. Бу ишчининг ижтимоий таъминотида бир қанча муаммоларни юзага келтириш билан бирга, давлат бюджетига тушиши керак бўлган маблағлар мўмай даромад илинжидаги бизнесмен ҳамёнини тўлдиришига олиб келади. Бу муаммони қандай бартараф этиш масаласи эса ҳамон долзарблигича қолмоқда. 

Хуфиёна иқтисодиёт илдиз отишига яна бир сабаб – лицензия ва бошқа бир қанча зарурий ҳужжатларни олишда маъмурий юкнинг юқорилиги. Яъни ҳужжатбозлик ҳамон оғриқли нуқталаримиздан. Баъзи ўринларда ўша ҳужжатни олиш қимматга тушиши туфайли савдогарлар уни олмаслиги мумкин. Мисол учун, дорихона лицензияси муддати тугаган бўлса, уни янгиламай ишлайвериш ҳолатлари кўп кузатилгани маълум. Бу ҳам хуфиёна иқтисодиёт илдиз отишига олиб келадиган омиллардан.

Аниқланишича, Ўзбекистонда такси фаолияти ҳам яширин иқтисодиётнинг энг юқори улушларидан бирини ташкил этади. Негаки, лицензия ва бир қатор ҳужжатлар тайёрлашдаги юқори харажатлар ва оворагарчилик ҳайдовчининг расмиятчиликдан қочишига сабаб бўлади. Тизим нотўғри йўлга қўйилгани оқибатида ноқонуний даромад орттириш мазкур соҳада ҳам ривожланган. 

Лекин айни пайтда президент қарори билан тажриба тариқасида такси ҳайдовчиларига қулайлик яратиш бўйича бир қатор ишлар бошланди. 

Масалан, авваллари такси машинаси номери ТТ ҳарфига ўзгартирилиши, эшиклар ёнига шашка ёпиштириш, рангини сариққа бўяш, фирма билан шартномалар ва бошқа бир қанча харажатлар жамланиб, битта машинага 4-4,5 млн сўм сарфланган. Ҳатто харажатлар олиб ташланса ҳам кўпчилик бу талабларни бажаришга ўйланиб қолган. 

Ҳужжат асосида 2021 йилнинг 15 майидан мазкур талаблар бекор қилинди. Эндиликда исталган ҳайдовчи ЯТТ сифатида такси фаолиятини юритиши мумкин. Мутахассислар бу янги тизим оз бўлса-да яширин иқтисодиётни камайтиришга ижобий таъсир қилишини айтишмоқда. Аммо қай даражада самарага эришиш белгиланган вақт ўтгач маълум бўлади. 

Соядаги иқтисодиёт нега ривожланади ва жамиятга қандай таъсир қилади?
Яширин иқтисодиёт Ўзбекистонда аянчли даражада «гуллаб-яшнагани» унинг ЯИМ ярмига тўғри келаётганидан ҳам маълум. Муаммо шу даражага етганки, унга тўлиқ ечим топишнинг ўзи катта масала дейиш мумкин. Бироқ кучли сиёсий ирода, давлат ва аҳолининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билангина хуфиёна иқтисодиётни қисқартиришга эришиш мумкин. Табиийки, муаммони бартараф этиш учун тизимларда жиддий ўзгаришлар қилиш зарур. Айниқса, солиқ соҳасида. Чунки давлат бюджети асосан солиқлардан шаклланади. Тизимни модернизация қилиш, аҳоли учун енгиллик яратиш ва энг муҳими солиққа оид барча янгиликлар ва маълумотларни аҳолига тўғри ва тўлиқ етказиш, англатиш биринчи рақамли масала. 

Мутахассисларнинг афсус билан айтишларича, аҳолининг кўпчилиги бугунги солиқ турларидан, улар нималар ҳисобига тўланиши, тизимдаги ўзгаришлар ва бошқа зарур маълумотлардан тўлиқ бохабар эмас. Демак, дастлабки масала хабардорликни ошириш керак. 
Сўнгги маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январ-май ойларида давлат бюджетига солиқ тушумлари ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга кўпайди.

Бу ўсиш бевосита солиқ юкининг ортиши натижасида эмас, балки яширин иқтисодиётдан тушган маблағларни легаллаштириш асосида юз берган. Демак, хуфиёна маблағларни қонунийлаштиришга тўлиқ эришилса, бюджет тушумлари мисли кўрилмаган даражада ортиши ойдинлашмоқда. Бунда ўз-ўзидан солиқ тўловчилар сони ҳам кўпайиб бориши табиий.

Яширин иқтисодиётнинг жамиятга салбий таъсирларидан бири шундаки, рақобат муҳити бузилади ва шаффофлик йўқолишига йўл очилади. Шунингдек, бу муаммо маҳсулотлар сифати ва миқдори пасайишига, давлат бюджетига тушадиган солиқ тушумлари камайишига олиб келади. Ижтимоий иқтисодиёт институтларни қўллаб-қувватлаш учун солиқ юки оширилишига сабаб бўлади. Энг ёмони иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда солиқ юки қанча?
Айни пайтда республикада 9та солиқ тури мавжуд. Албатта, уларнинг ўлчови турлича. Мутахассисларнинг айтишича, республикада солиқ юки кўрсаткичи у қадар юқори эмас. Ҳисоб-китобларда унинг умумий миқдори 23-24 фоизни ташкил қилиши аниқланган. Аммо оддий аҳолининг аксарияти мазкур фоизларни кам ёки ўртача дея олмайди. Шунинг учун ҳам яширин даромад олишга уринишлар доимий рефлексга айланган.

Айрим молиячилар орасида «солиқ юки хуфиёна иқтисодиёт юзага келишига сабаб бўлади дейиш нотўғри», деган қарашлар ҳам мавжуд. Аммо солиқлардан қочишга сабаб уларнинг юқорилигида эмасми? 

Солиқлар тўлашдан қочишдаги муаммолардан бири сифатида айрим одамларда солиқ тўлашдаги масъулият пастлиги келтирилади. Бу жараёнда солиқ органларига катта вазифалар юкланади. Яъни улар мажбурловчи эмас, хизмат кўрсатувчи орган сифатида намоён бўлишга интилиши керак. Агар бир фуқаро қайсидир солиқларни тўламаса, солиқчи бориб унга ҳолатни, тизимни тушунтириши лозим. Фуқаро ҳатто у солиқ қаердан келиб чиқишини ҳам билмаслиги мумкин. Лекин мутахассис унга англатиши муҳим аҳамиятга эга.  

Яширин иқтисодиёт – бутун жамият муаммоси
Хуфиёна иқтисодиёт ривожланар экан, легал иқтисодиёт ҳажмига ҳам албатта салбий таъсир ўтказади. Шу сабаб бу улкан муаммони бартараф этиш учун фақатгина давлат имкониятлари билан курашиш етарли бўлмайди. Жамиятдаги бошқа кучлар, биринчи навбатда, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик бу муаммога ўз муаммоси сифатида қарасагина, уни ҳал қилишда сезиларли натижаларга эришиш мумкин. 

Бунинг учун тадбиркорлар билан очиқ мулоқот орқали бугун уларнинг ишига халақит бераётган муаммолар нимадан иборатлигини аниқлаш зарур. Шундагина камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имкони пайдо бўлади. Бу жараёнларда барча, хусусан, сиёсий партиялар, масъул идоралар, бизнес субъектлари ва кенг жамоатчилик ўзаро ишончга асосланган мулоқот майдонларини шакллантиришлари лозим. Ушбу майдон мавзуга доир оғриқли муаммоларни қўрқмасдан кўтариб, уларга мос ечимларни таклиф қила олса, ҳукумат ва халқ ўртасида ҳамкорлик юзага келса, албатта камчиликлар аста-секин бартараф бўлади. Лекин бизда аввало, айнан ўша бирдамликни шакллантириш керак. 

Исломбек Умаралиев

Мавзуга оид