Коронавирус: Испанияда илк ўлим, Эронда ўн минглаб маҳбуслар озодликда, АҚШда қатъий чоралар
Испанияда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди, бу маълумотни соғлиқни сақлаш органи расмийси тасдиқлади. Эрон ҳукумати эса ўн минглаб маҳбуслар вақтинчаликка озодликка қўйиб юборилишини маълум қилди, АҚШ Федерал захира тизими (Марказий банки) коронавирус ортидан иқтисодиётга рисклар юзага келаётгани сабабли қайта молиялаш ставкасини 1,5-1,75 фоиздан 1-1,25 фоизлик коридорга пасайтирди.

Фото: AFP
Испания ҳукумати маълумотига кўра, мамлакат шарқидаги Валенсия провинцияси ҳудудида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилган. Шахси маълум қилинмаган эркак 13 февраль куни оламдан кўз юмган. Текширувлар натижалари сешанба куни эълон қилинди - унинг вафотига Covid-19 коронавируси сабаб бўлган.
Айни вақтда мамлакатда 110 кишида вирус аниқланган.
Эрон: 2336 бемор, 92 ўлим
Бу вақтда Эронда 54 мингдан ортиқ маҳбус тўлиб-тошган қамоқхоналарда маҳбуслар орасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун улар вақтинчаликка озодликка қўйиб юборилди.
Эрон суд тизими расмийларидан бирининг маълум қилишича, Covid-19 аниқланмаган ва ўзи учун гаров пули тўлаганларгина қўйиб юборилган.
Хавфли жиноятчилар ва 5 йилдан ортиқ муддат олган маҳбуслар қамоқхонада қолишади.
Келиб чиқишига кўра эронлик бўлган Британия фуқароси - 2016 йилда Эронга қизини кўргани келганида қўлга олиниб, жосусликда гумонланган ҳолда 5 йилга қамалган Назанин Загхари-Рэтклифф ҳам озодликка чиқарилиши мумкин.
Загари-Рэтклиффнинг хайрия ташкилоти ва Британия ҳукумати унга қўйилган айбловларни қатъиян рад этган. Британия парламенти депутати Тулип Сиддиқ твиттердаги саҳифасида Эроннинг Буюк Британиядаги элчисига асосланган ҳолда у озодликка чиқиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Айни вақтда бутун дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланишнинг 93 198 ҳолати қайд этилган, 3215 киши вирус қурбонига айланган - ўлим ҳолатларининг аксари Хитой ҳудудида.
Эронда яна 12 кишининг ўлими тасдиқланди ва бу мамлакатда вирус тарқалгани эълон қилинганидан кейин икки ҳафтага яқин вақт ичида камида 92 киши вафот этган.
Сешанба куни Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Covid-19 билан зарарланишнинг яна 835та янги ҳолати ҳақида маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, қаторасига иккинчи кун касалланганлар сони бир ярим баробарга ошди, айни вақтда мамлакатда вирус юқтирганлар сони 2336 нафарни ташкил қилмоқда.
Эрон ҳукумати вирус аниқланган илк кунданоқ жаҳон ҳамжамиятига барча маълумотларни тўлиқ бериб бораётганини билдирган, аммо мутахассислар Эрондаги ҳақиқий рақамлар бутунлай бошқача бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Душанба куни Теҳрондаги вазиятни баҳолаш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жамоаси етиб келди. Улар келган самолётда тиббий воситалар, ҳимоя либослари ва 15 минг тиббий ходим учун мўлжалланган бошқа жиҳозлар, шунингдек 100 минг кишини коронавирусга тест қилиш учун лаборатория ускуналари ҳам олиб келинган.
Вирус бир неча эронлик амалдорда аниқланган, жумладан Шошилинч тез тиббий ёрдам раҳбари Пирҳусайн Коливандда ҳам.
Шунингдек, мамлакат парламентининг 290 нафар депутатидан 23 нафари вирусга чалинган.
Душанба куни Эрон олий раҳбари Али Хоминаий бошчилигидаги Мувофиқлик Кенгашининг олий аъзоси бўлган 71 ёшли Муҳаммад Мирмуҳаммадий коронавирус туфайли вафот этди.
АҚШ: Федерал захира тизими базавий ставкасини режадан ташқари пасайтирди
АҚШ Федерал захира тизими коронавирус тарқалиши ва бозорлардаги пасайиш муносабати билан фавқулодда чораларни кўришга киришди.
Федерал захира тизими коронавирус ортидан иқтисодиётга рисклар юзага келаётгани сабабли қайта молиялаш ставкасини 0,5 фоиз пунктига пасайтириб, 1,5-1,75 фоиздан 1-1,25 фоизлик коридорга туширди. Ташкилотнинг бу қарори режадан ташқари бўлди. Йиғилиш 17-18 март кунларига белгиланганди.
ФЗХ баёнотида қайд этилишича, АҚШ иқтисодиёти кучлилигича қолмоқда, аммо COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши иқтисодий фаолият учун қўшимча хавф туғдирмоқда.
Сешанба куни тонгида «Катта еттилик» давлатларининг марказий банклари раҳбарлари ва молия вазирлари телефон мулоқоти орқали ўзаро йиғилиш ўтказгани хабар қилинганди. Уларнинг барчаси ўз мамлакатлари иқтисодиётини коронавирус таҳдидидан ҳимоя қилиш ниятини билдирган.
«Вирус ва унинг олдини олишга қаратилган чоралар, албатта, кўплаб давлатларда маълум вақтгача иқтисодий фаолликка таъсир кўрсатади», деган ушбу қарорга изоҳ берар экан АҚШ марказий банки раҳбари Жером Пауэлл.
Пасайтирилган ставкалар молиявий тизимдаги стрессни енгиллаштиришга ва инвесторларнинг кайфиятини яхшилашга ёрдам беради.
«Бизда барча саволларга ҳам жавоб йўқ. Аммо бу чора иқтисодиётни сезиларли даражада жонлантиришига ишонамиз», дея қўшимча қилган у.
АҚШ Марказий банки сўнгги марта 2008 йилдаги молиявий инқироз вақтида фавқулодда йиғилиш якунида таянч фоиз ставкасини пасайтиргани кузатилганди.
АҚШ президенти Дональд Трамп сўнгги вақтларда бир неча марта Пауэллни фоиз ставкасини пасайтиришга чақирганди - лекин одатда президентлар Марказий банк мустақиллигини ҳурмат қилган ҳолда Федерал захира тизими сиёсатига аралашмасди.
Федерал захира тизими қарори эълон қилинганидан кейин Трамп бу етарли эмаслиги ҳақида твит ёзиб қолдирди.
«Ниҳоят ФЗР ташаббус кўрсатадиган вақт келди. Янада кўпроқ юмшатиш ва қисқартириш керак!», деган у микроблогида.
Европадаги вазият
Италия ҳамон Европада вирусдан энг кўп зарарланган давлат бўлиб турибди - 2263 бемор ва 79 қурбон.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок бир неча ҳафтадан кейин мамлакатдаги мактаблар вақтинча ёпилиши мумкинлигини маълум қилган.
Британия ҳукумати сешанба куни коронавирусга қарши кураш режасини эълон қилди. Ҳукумат прогнозига кўра, вирус авж олиши ўз чўққисига чиқса, мамлакатдаги меҳнатга яроқли аҳолининг бешдан бир қисми вирусдан зарарланиши мумкин. Бугунги кунда мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 51 нафарни ташкил этмоқда.
Бош вазир Борис Жонсон режани тақдим этар экан, алоҳида вазиятларда тиббиёт ходимларига ҳарбийлар ҳам ёрдам бериши кўзда тутилгани, кўплаб оммавий тадбирлар, шу жумладан, футбол учрашувларида чекловлар ўрнатилиши мумкинлигини маълум қилди.
Режага кўра, вирус кенг тарқала бошласа полиция фақат энг жиддий қонунбузарлар билан шуғулланади, шифохоналар биринчи навбатда инфекция юқтирганларга эътибор қаратади, ҳукумат қатор тадбирларни чеклаши, мактаблар ёпилиши ва кўплаб компанияларнинг ходимлари уйдан туриб ишлай бошлашига тўғри келади.
Британия ҳукумати фикрича, коронавирус яқин вақтлар ичида янада кенгроқ тарқалиши мумкин, шу туфайли мамлакатда аҳолини вирус тарқалишининг олдини олиш чоралари бўйича кенг кўламли кампания олиб борилади.
Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ҳар бир британиялик вирусдан зарарланмаслик учун қилиши керак бўлган иш - бу «Happy Birthday қўшиғини икки марта куйлаш учун кетадиган вақтга тенг вақт давомида қўлларни иссиқ сувда совун билан ювишдир».
КХДР хорижликларни Владивостокка қўйиб юборди, Жанубий Корея «ҳарбий ҳолат»да
Шимолий Кореяда 1 март куни юзлаб хорижликлар учун 30 кунлик карантин якунланган. NKnews хабарига кўра, карантинга жойлаштирилган хорижликлар орасида дипломатлар ҳам бор.

Кетишга рухсат берилган дипломатлар сони очиқланмаган, аммо Япониянинг Киодо цусин агентлиги маълумотларига кўра, КХДРдан кетишни истаганлар Air Koryo авиакомпаниясининг махсус рейси орқали Владивостокка олиб борилади.
КХДР мамлакат ҳудудида коронавирусдан зарарланганлар йўқлигини тасдиқлаган.
Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин мамлакат коронавирусга «уруш эълон қилгани» ҳақида гапирди. Сешанба куни мамлакатда вирусдан зарарланганлар сонида кескин ўсиш кузатилди: 851та янги ҳолат. Мамлакатда жами 5186 кишида вирус аниқланган, бу борада жаҳонда Хитойдан кейинги иккинчи ҳолат.
«Тэгу шаҳри ва Кёнсан-Пукто провинциясидаги вазият ўзининг чўққисига чиқди ва бутун мамлакат юқумли касалликка қарши урушга кирди», деди президент.
Унинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши курашга 30 трлн вон (25 млн доллар) йўналтирилади. Президент шунингдек барчани тиббиёт ниқоблари билан қисқа муддатда таъминлаш имкони йўқлиги учун мамлакат фуқароларидан узр сўраган.
Хитойда ҳам хорижликлар учун карантин жорий этилган. Бу тартиб бир неча шаҳарларга тааллуқли. Пекин, Шанхай ва Гуандун шаҳарларида инфекциянинг йирик ўчоқлари - Жанубий Корея, Япония, Эрон ва Италиядан келувчилар 14 кунлик карантинга жойлаштирилиши маълум қилинган.
Хитой ҳукумати мамлакат бўйлаб ўз фуқаролари ҳаракатланишида қатъий чекловлар ўрнатган, аммо хориждан келувчилар инфекция олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид

11:35
Эрон янги баллистик ракетани синовдан ўтказганини маълум қилди

04:48
Эронда қум бўронлари сабаб 800 дан ортиқ одам шифохоналарга мурожаат қилди

00:12
Испанияда фарзандларини тўрт йил уйдан чиқармаган ота-она ҳибсга олинди

21:04 / 02.05.2025