10:12 / 02.10.2018
26893

Самарқандда мухлислар «Динамо» стадионига қўйилмади: яна ички ишлар ходимлари тўсиқ бўлишди

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни футбол бўйича Про-лиганинг навбатдаги тури доирасида Самарқанднинг «Динамо» клуби Андижоннинг «Андижон» футбол клубини қабул қилди. Кимгадир натижа қизиқ бўлса: ўйин 0:0 ҳисобида тугади.

Лекин ҳикоя қилмоқчи бўлаётганимиз ўйин тафсилотлари ҳақида эмас, ўйингача бўлиб ўтган «ўйинлар» ҳақида.

Хуллас, гарчи ўйин соат 17:00да белгиланган бўлса-да, матч расман эълон қилинганидан 9 дақиқа кечикиб бошланди.

Бунга сабаб — ички ишлар органи ходимларининг ўйинга чипта харид қилган юзлаб мухлисларни стадионга киритмасдан тургани бўлди.

Ички ишлар органи ходимларининг ўйинга чипта харид қилган мухлисларни стадионга киритмай турганлигининг сабаби эса «Динамо» футбол клуби стадионда жамоат тинчлигини сақлаш учун ҳар ўйинга 700 минг сўмни ИИБ ҳисоб-рақамига ўтказиб туриш мажбуриятини олгани ва сўнгги уч ўйин учун 2 миллион 100 минг сўм қарздор бўлиб қолганидир. Буни клубда ишловчилар Kun.uz’га маълум қилишди.

Ўйиндан кейин вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Ш.Сайфуллаевдан нима бўлганини сўраганимизда: «Мен ҳеч нарсани билмайман, тепада ўтирувдим, кўрмай қолдим», деб жавоб берди.

Фақатгина «Динамо» футбол клуби ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилда Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида»ги ПҚ–2821-сонли қарори кўрсатилганидан сўнггина мухлисларга стадионга киришга изн берилган.

Президентнинг ПҚ–2821-сонли қарорида белгиланган чора-тадбирлар ичида Олимпия спорт турлари бўйича республика федерациялари ва ассоциацияларининг сўровига асосан олимпия спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ЙҲХДБ томонидан спортчиларнинг кузатилишини ва томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаш беғараз асосда амалга оширилиши белгилаб қўйилган ва ижро учун масъул этиб Ички ишлар вазирлиги белгиланган.

Футбол, эса биламизки, олимпия спорт тури, «Динамо» ФКда эса Ўзбекистон олимпия терма жамоасига кириши мумкин бўлган потенциал номзодлар бор. «Динамо» стадиони ҳам вилоят Ички ишлар бошқармаси тасарруфида.

Президентнинг «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 3 июнда қабул қилинган ПҚ–3031-сонли бошқа бир қарорида Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури келтирилган.

Дастурда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказувчи ташкилотчиларга (ижарага берилаётган спорт иншоотларидан фойдаланишда ва ҳ.к.) имтиёзлар бериш тартибини жорий этиш ҳамда тегишли давлат идоралари хизматидан беғараз фойдаланиш, мусобақаларнинг юқори савияда ўтишида масъул ходимларнинг ҳамкорлигини таъминлаш, жумладан, ўша йилнинг III чорагидан бошлаб доимий асосда Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган.

Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президентларидан бири Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов эканлигидан Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасидаги масъул ходимларнинг хабари бормикан?

Албатта, спортни юртимизда янада оммалаштириш юзасидан қилинаётган президент қарорларидан ички ишлар органларининг масъул ходимлари мутлақо бехабарлигини ҳеч нарса билан изоҳлаб ёки оқлаб бўлмайди. Ўйлаймизки, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ушбу вазиятга йўл қўйган масъулларга тегишли чораларни кўради ва матбуотда расмий билдириш билан чиқиш қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида дамланган 1 тонналик ош пишириш жараёнини суратга олиш учун вилоят ИИБ ходимлари журналистларни жараёнга яқинлаштирмаганликлари ҳақида репортаж эълон қилинган эди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Top