15:20 / 31.10.2019
2
11144

«Берк доирадан чиқиб кетолмаяпман» - ҳазорасплик аёл отамерос ер масаласида сарсон бўлмоқда

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи Хосият Маткаримова отасидан қолган меросга эгалик ҳуқуқини ололмай, бир неча йиллардан бери сарсон бўлиб юрибди. Шунингдек, бу жойни ноқонуний эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахслар дастидан азият чекмоқда.

54 ёшли аёл бу муаммо бўйича Kun.uz таҳририятидан ёрдам сўраб, мурожаат қилди.

Хосият Маткаримова турмушидан эрта ажралиб, бир ўғлини ёлғиз тарбиялаб, вояга етказган. Келини Россияда фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмганидан сўнг қарамоғида икки набираси қолган. Ўғли йил бўйи Россияда ишлаяпти. Хосият опа деярли 30 йилдан бери ўқитувчилик қилади. Айни пайтда акасига тегишли бўлган, Питнак қишлоғи, «Саяпир» маҳалласи, Пахтазор кўчасидаги уйда набиралари билан яшаяпти.

2004 йилда Хосият опанинг отаси Бозор Маткаримов вафот этиб, ўзига тегишли бўлган эски уйни унга мерос қилиб қолдирган. Бу ҳақда нотариус томонидан тасдиқланган васиятнома бор. Аммо Хосият Маткаримова бу ҳужжатга асосан уйни ўз номига вақтида расмийлаштириб, эгалик ҳуқуқини олмаган. Бунга ҳуқуқий билимсизлиги сабаб бўлганини, бугунги кунда бу хатоси ўзига панд бераётганини афсусланиб тан олмоқда.

2016 йилда Хосият Маткаримова эски уйни бузиб, ўрнида янгисини қуриш учун Ҳазорасп тумани ҳокимлигидан расмий рухсат олади.

«Эски уйнинг ўрнида янгисини қуриш учун рухсат олдим. Кейин бузиб, ерни текислатдим, янгисини қуриш учун тайёр ҳолатга келтириб қўйдим. Бироқ, йўқлигимдан фойдаланиб, кимдир менга тегишли бўлган ҳудудда қурилиш ишларини бошлаб юборган. Кейин билсам, қўшним Орзигул Исмоилова экан. Ҳокимликка бориб арз қилганимдан сўнг, прокуратура, солиқ идоралари ходимлари келиб, ноқонуний қурилишни тўхтатишни талаб қилишди. Аммо ҳеч ким уларнинг гапига қулоқ солмади, қурилиш ишлари тўхтамади», - дейди Хосият опа.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, Орзигул Исмоилова Ҳазорасп тумани ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, шу жойга эгалик ҳуқуқи ҳақидаги қарорни чиқартириб олишга ҳаракат қилади. Туман архитектура бўлими эса маҳалла фуқаролар йиғини баённомасига асосланиб, бу ҳақда ҳокимликка тақдимнома беради.

2016 йил 11 сентябрь куни ўтказилган маҳалла фуқаролар йиғини мажлиси баённомасига кўра, унда Орзигул Исмоилованинг тоғаси Сапарбой Исмоилов сўзга чиқиб, Орзигулнинг уйи ўша пайтда Бозор Маткаримовнинг уйи билан алмаштирилганини иддао қилгани, унинг гапларга таяниб, йиғилиш Хосият Маткаримовага тегишли бўлган уйни Орзигул Исмоилованики экани ҳақида қарор қабул қилгани ёзилган.

Қизиғи шундаки, бу йиғилишда «сўзлаган» Сапарбой Исмоилов 2011 йилда, мажлис ўтказилишидан 5 йил олдин вафот этган эди. Қандай қилиб марҳум мажлисда иштирок этиб, гапириши мумкин? Буни билмаймиз, аммо бу ҳақдаги баённома қўлимизда бор. Муҳим ҳужжат қалбакилаштирилиши натижасида давлат идорасига нотўғри маълумот берилиб, бошқа бир фуқаронинг манфаатларига зид қарор қабул қилиниши мумкин эди. Аммо бу ўз вақтида аниқланиб, туман ҳокимлиги бундай қарорни чиқармайди.

Шундай бўлса-да, Орзигул Исмоилова қўшнисига тегишли бўлган 238 кв.м. ер майдонида ўзбошимчалик билан уй қуриб олган. Бугунги кунда бу иморатда бошқа бир оила яшамоқда.

2018 йил 24 сентябрда Боғот туманлараро суди бу низо юзасидан Хосият Маткаримованинг даъвосини қаноатлантириб, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш ҳақида қарор чиқаради. Аммо 2018 йил 8 ноябрда Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти апелляция суди Хосият Маткаримовада бу ерга нисбатан эгалик ҳуқуқи йўқлигини аниқлаб, Боғот туманлараро суди қарорини бекор қилади. 2019 йил 22 май куни Олий суд бу қарорни ўзгаришсиз қолдиради.

Шундан сўнг Хосият Маткаримова бу ерга бўлган эгалик ҳуқуқини олиш учун ҳаракат қилаётганини, аммо Ҳазорасп тумани ҳокимлигига қилган мурожаатлари самарасиз бўлаётганидан шикоят қилди.

«Эгалик ҳуқуқини беришларини сўраб Ҳазорасп тумани ҳокимлигига мурожаат қилдим. Аммо бу ҳудудда низоли бино борлигини айтиб, судга мурожаат қилишимни тушунтиришди. Суд эса эгалик ҳуқуқим йўқлиги боис, даъво аризамни қаноатлантирмаяпти. Олдин эгалик ҳуқуқини чиқартириб олишимни талаб қилмоқда. Мана шундай ёпиқ доирадан чиқиб кетолмаяпман», - деди Хосият Маткаримова.

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги юристконсульти Султонбой Жуманиязовдан бу масала бўйича изоҳ олдик.

«Хосият Маткаримова билан боғлиқ бу вазиятдан хабардормиз. Бу низо бўйича бир қанча судлар бўлди, қарорлар чиққан. Унга эгалик ҳуқуқини бериш масаласи? Хосият Маткаримовадан барча ҳужжатларни тақдим қилишни сўраймиз. Сўнгра унга эгалик ҳуқуқини бериш масаласи «Уй-жой, архитектура, шаҳарсозлик қонун нормаларига риоя қилинишини назорат қилиш» комиссиясида кўриб чиқилади. Зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришга тайёрмиз», - деди Султонбой Жуманиязов.

Кўп йиллик можаронинг қисқача баёни шундай. Kun.uz вазиятни кузатиб боради.

Қонунга кўра, фуқарода ер участкасига эгалик ҳуқуқини олиш учун асослантирувчи ҳужжатлар бўлса, у ерда ўзга шахслар томонидан қандай иморат қурилганидан қатъи назар, унга эгалик ҳуқуқи берилмаслигига асос бўлолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасида ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмаслиги, уни тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмаслиги, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Қиссадан ҳисса чиқарадиган бўлсак, ҳамюртларимизга уй-жой, ер участкалари билан боғлиқ масалаларга эътиборсизлик қилмасликни, барча ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириб қўйишни тавсия қилган бўлардик. Бугунги кунда фуқаролик ва маъмурий судларда кўрилаётган ишларнинг аксарият қисми айнан уй-жой ва ер участкалари бўйича келиб чиқаётган низолар билан боғлиқ. Уларнинг ҳал қилиниши бир неча йилга чўзилиши, анча вақт ва маблағ талаб қилиши мумкин.  

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top