Жаҳон | 22:24 / 02.06.2023
36894
2 дақиқада ўқилади

Ерда янги «қалбаки» Ой пайдо бўлди 

У 3700 йилгача 14 миллион километр узоқликда Ерга «ҳамроҳлик» қилади. 

Фото: Addy Graham/University of Arizona

Қўшма Штатларнинг Ҳавайи оролидаги Pan-STARRS обсерваторияси астрономлари Ерга яқин бўлган янги 2023 FW13 объектини топдилар. Дастлаб унга орбитасининг барқарорлиги туфайли эътибор берилган эди. 

Маълум бўлишича, бу яна бир квази (қалбаки) табиий йўлдош. Яъни, у Ер билан орбитал резонансда ва кўп йиллар давомида унинг атрофида қолади. Ҳатто Қуёш атрофида ҳам бир хил вақтда тўлиқ айланади. 

Ой билан таққослаганда объект жуда кичкина - беш қаватли бинонинг ўлчамида (тахминан 15 метр). Ва у анча узоқда, 14 миллион километр масофадан ўтади. 

Олимларнинг фикрича, бу Ернинг энг қадимги квази табиий йўлдоши. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, у милоддан аввалги 100 йилларда Ерга «қўшни» бўлган. Ва тахминан 3700 йилгача шундай бўлиб қолади. 

2023 FW13 Ерга яқин объект ҳисобланишига қарамай, биз учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Агар унинг траекторияси ўзгарса, биз бу ҳақда эҳтимолий тўқнашувдан бир неча ўн йиллар олдин билиб оламиз, деб хулоса қилди астрономлар. 

Мавзуга оид