20:27 / 25.02.2023
32035

«Бундай офатга илк бор дуч келдик» — Туркиядан қайтган қутқарувчилар

Туркияга юборилган ўзбекистонлик қутқарувчилар 18 кунлик қутқарув-қидирув операциясини якунлаб, Тошкентга қайтди. Kun.uz вайроналар орасида 2 ҳафта мураккаб қидирувда қатнашган қутқарувчилар билан суҳбатда бўлди.

«Юрагимда қолган ҳодиса — офатдан 10 кун ўтиб ҳам тирик одамларни топдик, бу — мўъжиза-ку?» дейди бир қутқарувчи.

«Мексика, Қирғизистон ва Туркия қутқарув ходимлари билан хизмат олиб бордик. У ерда бир-биримизнинг тилимизни тушунмаймиз. Мақсадимиз битта — жабрланганларни олиб чиқиш бўлгани учун бир-биримизни тушуниб ишладик», — дейди уларнинг яна бири.

Туркиянинг жанубий-шарқий вилоятларида содир бўлган зилзилаларда қутқарув ишларини олиб бориш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 100 нафардан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи табиий офат ҳудудига юборилганди.

Ўзбекистонлик қутқарувчилар Ҳатай вилоятининг маъмурий маркази яқинидаги Овакент ва Жумабозор шаҳарларида қидирув-қутқарув ишларини олиб борди. Икки ҳафталик қутқарув операцияси давомида отрядлар бинолар вайроналари остидан 18 нафар тирик одам ва 190 дан ортиқ жасадни олиб чиқди.

25 феврал куни қутқарув гуруҳи Тошкентга қайтди. Kun.uz билан суҳбатда улар зилзила ҳудудларидаги операция чоғидаги воқеалар ва ўз кечинмаларини гапириб берди.

«Қидирув-қутқарув ишлари жуда мураккаб ва ўзига хос эди. У ердаги ҳар бир бино 90 фоиз авария ҳолатига келган, устунлар емирилган, қулаш эҳтимоли жуда катта биноларда ишладик. Ҳар хил вазиятларда қутқарув ишлари олиб борилди. Махсус техникаларда ва техникалар киролмайдиган жойларда ўзимизнинг қўл асбобларимиз ва махсус агрегатларимиз билан туннел қазиш йўллари билан қидириш-қутқариш ишларини олиб бордик», — дейди гуруҳ командири Айбек Айталиев.

У юзтача бемор ва шифокор қолиб кетган шифохонада қутқарув ишлари олиб борганини шундай эслайди.

«Мексика, Қирғизистон ва Туркия қутқарув ходимлари билан хизмат олиб бордик. У ерда бир-биримизнинг тилимизни тушунмаймиз. Мақсадимиз битта — жабрланганларни олиб чиқиш бўлгани учун бир-биримизни тушуниб ишладик».

Қидирув-қутқарув ишлари давомида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус техникаси ва кинология бригадалари жалб қилинган.

ФВВ кинолог қутқарувчиси Убайдулло Рўзметов 3 ёшли Барон лақабли қутқарувчи ити 3 инсонни вайроналар остидан топгани ҳақида гапирди.

«Бундай талафотни биринчи кўришимиз, биринчи борганимизда вазият оғир эди. Йиқилмаган бинолар деярли йўқ деса ҳам бўлади. Вайронага айланган, ағдарилиб кетган ва уларнинг тагида қолган одамларни кўриб ачиниш ҳиссини туйдим» — дея қўшимча қилди у.

Оддий аскар Темур Ускинбаев 84 ёшли отахоннинг жасадини вайроналар остидан олиб чиққан.

«У 6 ой олдин Умра сафарига бориб келган экан. Уйида, ўз хонасида ётоғининг олдида расмини кўриб қолдим. [Умрага борганини] қариндошлари айтиб қолди. Шу инсонни ўз қўлим билан кўтариб олиб чиқдим», — дейди Темур.

«24 соат давомида тинимсиз иш олиб бордик. Юрагимда қолган ҳодиса — 10 кун ўтиб 2 та одамни тирик олиб чиқдик. Биттаси — 60, яна бири — 62 ёш. 10 кундан кейин вайроналар остида тирик қолган: Худо ризқини тугатмаган эканки, тирик чиқиб келишди. фарзандлари қанчалик хурсанд бўлди, улар яна ҳаётга қайтишди, бу — мўъжиза-ку», — дейди яна бир қутқарувчи аскар Бобур Муҳиддинов. 

Қутқарувчиларнинг айтишича, операция давомида бир нафар тирик одамни олиб чиқишга 12 соат сарфланган.  

Ўзбекистонлик қутқарувчилар ишлаган Хатай вилоятида ҳозир харобаларда қутқариш ишлари тугаган. 

«Олиб чиқиб бўлмайдиган даражадаги жасадларни ҳам олиб чиқдик. Ҳозир у ерда қидирув-қутқарув ишлари тугатилди», — дейди Темур Ускинбаев.

Қутқарувчилар уларни Туркия халқи ўз қаҳрамонларини кузатгандек кузатиб қўйишганини айтишади.

«Шу касбни эгаллаганимдан фахрланаман», — дейди Айбек Айталиев.

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистон халқидан миннатдорлигини айтди. 

«Бугун биз учун жуда аҳамиятли кун — Туркияда қидирув-қутқарув жамоаси ўз ишини якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб келди. Биз уларни миннатдорчилик билан кутиб олдик, чунки ўз жонларини хатарга қўйиб, ёрдам қўлларини чўздилар. Нафақат қидирув-қутқарув жамоаси юборилди, балки гуманитар ёрдам юбориш акцияси ҳам бошлаб юборилган. Бу муҳтарам Президент Мирзиёев топшириғига биноан амалга ошириляпти. Сизга ҳам маълум бўлганидек, ушбу қидирув-қутқарув жамоаси 18 инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиб, вайроналар остидан олиб чиқди. Вайроналар орасида биз билан баробар ишладилар. Ёрдам юборилди, юбориляпти ва юборилади. Бу қардошлигимиз нақадар кучлилигининг кўрсаткичларидан деб ҳисоблайман. 

Чин қардош ҳам яхши, ҳам ёмон кунда ёнингда тургувчидир. Фурсатдан фойдаланиб сизнинг ҳузурингизда Ўзбекистон ҳукумати, муҳтарам президент Мирзиёевга, Ўзбекистон халқига, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирлигига ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Катта раҳмат», — деди элчи.

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар

Маълумот учун, Ўзбекистон табиий офат зонасига 6 партия гуманитар юк ҳам жўнатди — булар дори-дармон, кўрпа-тўшак, чодир ва бошқа зарур маҳсулотлар. 

8 феврал куни Мудофаа вазирлиги ҳарбий шифокорлари махсус борт билан Ҳатай вилоятига жўнатилди, уларнинг вазифаси маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳарбий дала госпиталини жойлаштиришдан иборат эди.

Шунингдек, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзбекистонлик қутқарувчилар жойлашган лагерга борди.

Мадина Очилова,
Абдусалим Абдувоҳидов.
Kun.uz

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top