08:42 / 06.10.2022
29495

Референдумлар ва аннексия Россияга нима беради? — сиёсатшунос билан суҳбат

Путин Украинанинг тўртта вилоятини Россия таркибига қўшиб олишга оид қонунларни имзолади. Халқаро ҳамжамиятнинг кескин норозилигига сабаб бўлган бу аннексиянинг қандай ҳуқуқий оқибатлари бор ва Россия учун нималар беради? Kun.uz мухбири шу мавзуда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Дастлаб референдумлар ҳақида. Путин нима мақсадда Украинанинг қисман босиб олинган ҳудудларида шундай референдумлар ўтказди? Бошқа давлат ҳудудига қуролли босқин қилиб кирган ҳукумат учун бундай бюрократия нега керак эди?

— Бу ўринда дастлаб Путин шахсияти ва унинг сиёсий ҳамда ҳуқуқий психологиясини таҳлил қилишимиз керак. Путин бир вақтлар КГБда ишлаган, шунинг учун ички ва ташқи сиёсатни «махсус операция» сифатида кўради. Яна бир томондан у юрист ҳам. Шу соҳа бўйича таълим ҳам олган. Шунинг учун ҳам ҳар бир ишни ҳуқуқий расмийлаштиришга ҳаракат қилади.

Россияга бу тўртта ҳудудни қўшиб олишдан сиёсий бир мақсад мавжуд. Уларнинг фикрича, бундан кейин бу ҳудудлар Украина ҳудуди эмас, уларнинг мақоми аниқ ва Россияга қўшилди. Эътибор берган бўлсангиз, референдумда ҳар бир ҳудуддан 90 фоиздан ортиқ овоз йиғилган ва ҳудуд аҳолиси орасида буни истовчилар кўп деган сиёсий пропаганда ҳам олиб борилди.

Шунга кўра, уни Россия таркибига расман қўшиб олишди. Энди у ҳудудлар Россия ҳимоясида экани, агар бу ҳудудларга таҳдидлар бўлса, Россиянинг ядровий зонти ушбу ҳудудлар устидан ҳам ўрнатилиши айтилди.

— Референдумлар ўтказилиши давомида округларда ҳарбийлар билан юришиб, бланка тарқатилгани кадрлари ҳам тарқалди. Бу ерда қизиқ бир ҳолат: агар референдум натижаларини эълон қилиш рус ҳукумати қўлида бўлса, шунча ресурс сарфлаб, яна аскар етишмаётган вақтда бу ишларни қилишдан қандай наф бор?

— 2014 йилда ҳам Қримда референдум ўтказилган. Унда ҳам ҳарбий хизматчилар иштирок этган. Яъни бундан кўзланган мақсад шуки, бошқа фикрлилар референдумни бузмасин, ҳар қандай муқобил фикрлар эшитилмаслиги учун. Бу референдумларни дунёнинг бирор бир давлати тан олгани йўқ. Тан олмайди ҳам. Жумладан, Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон очиқчасига бу референдумни тан олмаслигини айтди. Ўзбекистон ҳам дипломатик тарзда мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини бузиш тарафдори эмаслигини билдирди.

Айнан ҳарбийлар иштирок этаётганининг сабаби шуки, Украина ҳудудида қарама-қарши фикрлар жуда ҳам кўп. Ана шу фикрларни бостириш ва бошқа сценарийларнинг олдини олиш учун бу амалиётлар ҳаётга татбиқ қилиняпти.

— 30 сентябр куни Кремлда қисман босиб олинган ҳудудларнинг Россияга қўшилиши тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Бу шартномаларни халқаро ҳамжамиятнинг аксарият аъзолари тан олмаслигини билдирган. Лекин бу ҳужжатларнинг Россия учун қандай оқибатлари бор? Бунинг ортидан қандай мақсадларни амалга ошириши кутилмоқда?

— Авваламбор, бу дунёни шокка солди. Чунки Қрим масаласида коллектив ғарб секинлик билан ҳолатни тан олишга бораётган эди. Чунки тарихий жиҳатдан Қримни турк империясидан айнан рус империяси тортиб олган. Бу ҳолатни тарихий тушуниш мавжуд эди. Лекин эндиликда Украинанинг яна тўртта ҳудудини аннексия қилиш, у ерда референдум ўтказиш ва уни Кремлда туриб эълон қилиш Қрим феноменини ҳам қадрсизлантирди.

Россия элитаси тушунадики, Путиннинг сиёсий тизими кўп яшай олмайди ва яшай олиши ҳам мумкин эмас. Албатта, сиёсий лидерларнинг ҳокимиятдан кетиши бу табиий ҳол. Лекин Украинанинг тўртта ҳудудини қўшиб олиш билан биргаликда, Россия келажакда ўз сиёсатида оғир юкни шакллантирди.

Дунё давлатлари Кремлга қарши қўшимча санкциялар жорий қиляпти. Ҳаттоки, Россиянинг иттифоқчиси бўлган Хитой ҳам мана бу тадбирларни қўллаб-қувватламади. Россия учун нейтрал бўлган давлатлар ҳам бу масалага хавотир билан қарашаётганини билдиришди.

— Бу маросимдан кейин ғарб давлатлари уни қоралади, Украина халқаро судга бераман, деди. Нима деб ўйлайсиз, БМТ дохил халқаро ташкилотлар, халқаро ҳуқуқ нормалари реал вазиятларда таъсир кучини нега кўрсата олмаяпти?

— Худди шундай. Халқаро ҳуқуқда бундай механизмлар бор, лекин улар ишлаши керак. Халқаро ташкилотлар Россияга нисбатан бир неча бор иш очди ва уни трибунага таклиф қилди. Лекин Россия у ерга бормади. Бучадаги қирғинлар, бир неча йил олдин Малайзияга учиб кетаётган самолётнинг уриб туширилишини мисол қилишимиз мумкин. Яъни Россияга шундай бир фазага кирдики, у халқаро ҳуқуқни тўлақонли инкор этяпти.

Путиннинг нутқларига эътибор берадиган бўлсак, бошқа қудратли давлатлар халқаро ҳуқуқларни бузган ва нима учун менинг бузишга ҳаққим йўқ, деган аргументни маҳкам ушлаб олди. Бу ерда нима учун АҚШ ядро қуролини ишлатди, мен ишлата олмайманми, деган қараш ҳам бор. Яъни тарихда бошқа бир давлатлар томонидан йўл қўйилган ёки шароитдан келиб чиқиб тутган йўлини Россия бугун ўзи учун легитимлаштирди.

Халқаро қонунчиликка кўра, маълум механизмлар бор. Масалан, Европа Иттифоқи Олий суди, Инсон ҳуқуқлари суди, Ҳаага трибунали бор. Албатта, Путин мана бу ташкилотларнинг сўзини тўлиқ инкор этмоқда. Бу дунё ҳамжамияти учун хавотирли масала. Бошқа ривожланган давлатларда ҳам халқаро ҳуқуқ нормаларини айланиб ўтиш, уларни ратификация қилмаслик ҳолатлари кузатилади. Масалан, Халқаро жиноят судига доир Рим статутини АҚШ ратификация қилмаган.

Бу ерда миллий манфаатлар дейилиши бироз ғалати, сабаби Россияни ҳуқуқий давлат деб оладиган бўлсак, бу унинг миллий манфаатларига тўғри келади. Лекин гап бугун Россиянинг манфаатлари эмас, балки Путин сиёсий режими ҳақида гап кетяпти. Бугун улар иккига ажралган ва улар ўртасида мутлақ зиддият бор.

Тўлиқ интервью билан юқоридаги видеода танишишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top