Украинада урушнинг 811-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия мудофаа вазирлиги Белгород узра 25 та реактив снаряд уриб туширилганини маълум қилди. Тинч аҳоли вакилларидан бири жароҳатланган.
  • Россия қўшини Харкивга авиабомба ташлади. Кўп қаватли уй зарбага учраши оқибатида 20 дан ортиқ киши яраланган.
  • Волгоград областида «ташқи аралашув» туфайли юк поезди издан чиққан. Baza маълумотига кўра, унга дрон ҳужум қилган.
  • РФ мудофаа вазирлигининг Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Юрий Кузнецов ўта йирик миқдорда пора олишда гумонланиб ҳибсга олинди.
  • Байден Россия урани импортини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолади.
  • Белгороддаги турар жой подъезди қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди.

Харкив ўққа тутилиши оқибатлари

РФ қўшини 2023 йил охирида Харкивни ўққа тутишни кучайтирганди. Қайриб ярим йилдан буён шаҳар мунтазам зарбалар остида яшамоқда. «Сен доимо ўйлайсан — қаерга? Ва дарҳол учиш траекториясини ҳисоблай бошлайсан… Ракета қаерга ва нима учун учиб келишини билмайсан», — деганди 2024 йил қишида Харкивда яшовчилардан бири BBC рус хизмати билан суҳбатда. Апрел ойи бошига келиб шаҳарда деярли бутун энергетика инфратузилмаси вайрон бўлди, деб хабар қилган Харкив мэри Игор Терехов. Май ойи бошида эса Россия қўшини Харкив областида янги юриш бошлади.

РФ қўшини Харкив бўйлаб зарба беришда давом этмоқда. 14 май куни кун давомида улар олти бор зарба йўллашди, жумладан шаҳарга дронлар билан ҳужум қилиб, УМБП Д-30 русумли янги бомбалар қўллашди, деб хабар берган област маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Шаҳардаги учта районда хусусий ва кўп қаватли уйлар, ўқув бинолари, автомобиллар шикастланган. 22 киши жароҳат олган.

Украина ФВДХ ходимлари 14 май кунги зарбадан кейин чиққан ёнғинни ўчирмоқда
Vlada Liberova / Libkos / Getty Images