Жамият | 18:02 / 17.04.2024
10726
12 дақиқада ўқилади

Хусусий олий таълим: тижорий манфаат ва сифатли таълим мувозанати қандай топилади?

Ўзбекистонда хусусий олийгоҳлар кўпайиб бораркан, уларнинг аксарияти кўпроқ талаба қабул қилиб, даромадни максималлаштириш ва таълим сифатини таъминлаш дилеммаси қаршисида қолмоқда. Хўш, ўз қадриятларига эга илм даргоҳи бўлиш ва тижорий мақсадлар ўртасидаги мувозанатга қандай эришиш мумкин? Сиёсий фанлар доктори Бекзод Зокиров Kun.uz'га тақдим этган мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

Хусусий сармоянинг кириб келиши – олий таълимимиздаги энг катта ютуқларимиздан бири. 2016 йилда бошланган бозор муносабатлари борасидаги ислоҳотлар учун олий таълим қулай соҳа бўлди. Сабаби оддий: йилдан йилга ўсиб борган талабга қарамасдан, давлат университетларида ўрнатилган қабул квотаси жамиятда миллионлаб ўқимаганлар “бозори”ни пайдо қилди. Рақамлар: 2023 йилда давлат университетларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 986 мингдан ошган бўлса-да, уларга ажратилган қабул квотаси 381 мингтани ташкил қилган.

Олий таълим қамровини ошириш учун хусусий университетларга нафақат кундузги, балки сиртқи таълимни ташкил қилишга рухсат берилиши бу бозорни бизнес учун жуда жозибали қилиб юборди. Муқобил таклифи бўлмаган ёшларга билим бериб, жамиятда ижобий ўзгариш қилиш каби хайрли иш асосига бизнес қуриш ва бу орқали даромад топиш ҳар бир тадбиркорнинг орзуси бўлса ажабмас. Шу сабабли ҳам, таклифга мутаносиб равишда хусусий университетлар сони сўнгги 6 йил ичида 85 тадан ошиб кетди.

Хусусий олий таълим бозори

Фикримча, муаммога киришдан олдин олий таълим бозорининг умумий кўриниши ва ундаги иштирокчиларга тўхталиб ўтиш лозим.

Яқин йилларгача Ўзбекистоннинг олий таълими иккита асосий ўйинчининг ҳукмронлиги остида бўлган: давлат университетлари ва кам сонли халқаро университетлар филиаллари. Эски қолипдан эндигина қутулишни бошлаган давлат университетлари йиллар давомида замон талабига мос келмайдиган дарсликлар, малакали мутахассислар тақчиллиги ва эркин тадқиқот қилишга қўйилган тўсиқлар гирдобида қолиб кетгани кўп баҳс қилинган.

Бошқа тарафдан, 2000-йиллар бошларидан бозорга янги кадрлар тайёрлаш зарурати билан халқаро стандартлар асосида таълим берувчи чет эл университетларининг филиаллари кириб кела бошлади. Пойтахтнинг шинам ҳудудларида жойлашган халқаро университетлар замонавий шароит, малакали профессорлар ва инглиз тилидаги таълим билан халқ орасида яхшигина обрўга эришиб, ҳаммани ўзига маҳлиё қилган бўлса-да, грантлар камлиги ва нархнинг қимматлиги бу муассасаларда ўқишни оддий қатлам учун имконсиз қилди.

2018 йилдаги ислоҳотлардан кейин бозорда янги ўйинчи – хусусий университетлар пайдо бўла бошлади ва улар қисқа муддатда бозор динамикасини ўзгартириб юборди. Фикримча, давлат ёки хорижий сармоя аралашган университетларни ҳисобга олмаганда, бугунги кунда олий таълим бозорида пайдо бўлган хусусий университетларни уч турга бўлиб таҳлил қилиш мумкин.

Ҳажм жиҳатидан йирик ҳисобланган биринчи турдаги университетлар ортида одатда собиқ ёки айни пайтдаги амалдорлар туради деб тахмин қилиш мумкин. Нисбатан кичик ва ўрта ҳажмга эга иккинчи турдаги университетлар ортида етарли сармоя орқали мавжуд имкониятдан унумли фойдаланган тадбиркорлар қатлами туради. Бу қатлам йиллар давомида таълим соҳасида фаолият юритиб тажриба ва сармоя тўплаган ёки бошқа бизнеслардан келган сармоясини жозибаси ошиб бораётган таълим соҳасига тикаётган тадбиркорларни ўз ичига олади. Ва ниҳоят, халқаро университет мақомига эришишга даъвогар бўлган учинчи турдаги университетлар ортида катта молиявий қудратга эга йирик бизнес эгалари туради.

Асосий муаммо – бошқарув

Албатта, сон кўп нарсани ҳал қилмайди. Қўшни давлатлар тажрибаси кўрсатди – турли қийинчиликлар билан фаолият бошлаган хусусий университетлар жиддий синовлар қаршисида туради. Ушбу соҳада фаолият юритган мутахассис сифатида шуни айта оламанки, бугунги кунда хусусий университетлар олдида турган энг оғриқли масала – жамиятнинг ишончсизлиги ёки соҳани тартибга солишдаги ноаниқлик эмас, балки университет бошқаруви. Бошқача айтганда, молиявий манфаат ва сифатли таълим ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган бошқарувни жорий қилиш эндиликда хусусий университетлар учун асосий масалага айланади.

Хусусий университетлар турфа хил бўлса-да, уларни даромад топишдан ташқари яна бир вазифа доимо бирлаштириб туради: таълим олиш истагидагиларни маълум мезон бўйича саралаб олиш ва сифатли таълим орқали меҳнат бозорига малакали кадр ва жамиятга манфаат келтирадиган инсон қилиб тарбиялаш. Университетлар олдида турган ушбу олий вазифага элтувчи ягона восита – самарали ва тизимлашган бошқарувни жорий қилиш экани шубҳасиз. Лекин самарали бошқарув тажрибаси кам бўлган мамлакатда бу осон эмас.

Хусусий сармояга асосланган университетлардаги самарали бошқарув учун фундаментал масала – инвесторларнинг даромад топиш хоҳиши билан профессор-ўқитувчиларнинг сифатли таълим бериш борасидаги зиддиятни ечиш ҳисобланади. Буни қисқа қилиб тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Даромад топиш мақсадидаги инвесторлар одатда университет фаолиятига бизнес сифатида қарашади. Шунинг учун улар кўпроқ талаба қабул қилиб, тезроқ молиявий барқарорликка эришиш пайида бўлишади. Бунинг акси ўлароқ, профессор-ўқитувчилардан иборат университетнинг академик жамоаси университетларга эркин илмий муҳит ва мустақилликни таъминлайдиган маскан сифатида қарашади. Асосий мақсади талабаларга сифатли таълим бериш бўлгани учун, академик жамоа сифатни сондан афзал кўради.

Бу икки хил қараш ўртасидаги зиддият университет бошқарувининг турли жабҳаларида намоён бўлади. Зиддият одатда факултетларга бюджет тақсимлаш, талаба қабул қилиш мезони, эркин тарзда профессор-ўқитувчиларни ёллаш ва ўқув дастурлар ишлаб чиқиш каби масалаларда келиб чиқади. Инвесторлар тижорий манфаатларни олдинга суриш мақсадида бутун жараёнга таъсир ўтказадиган бошқарувни маъқул кўришса, профессор-ўқитувчилар жамоаси илмий қадриятлар ва тамойилларни ҳимоя қиладиган шаффоф ва демократик бошқарувни афзал кўришади.

Хўш, биздаги мавжуд хусусий университетларда аҳвол қандай? Бу саволга бугунги кунда хусусий университетларда пайдо бўлган бошқарув моделини таҳлил қилиш орқали жавоб бериш мумкин. Умумлаштирадиган бўлсак, янги ташкил этилган хусусий университетларнинг кўпчилигида тижорий мақсадларни олға сурувчи бошқарув шаклини кузатамиз. Бундай бошқарувга асосланган университетларда қуйидагилар кузатилади:

  • Университетни кўпроқ таниқли профессор-ўқитувчилар эмас, балки асосчиларга яқин шахслар шакллантирган.
  • Университетнинг муҳим қарорлари жамоавий тарзда эмас, балки сармоя киритган якка шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан қабул қилинади.
  • Сармоядор ёки уларнинг вакиллари университетнинг деярли барча ички ишларига ноўрин ва тез-тез аралашади.
  • Кириш имтиҳонлари, университетга қабул шартлари ва таълим сифати борасидаги қарорлар университетнинг таълим борасидаги принцип ва қардиятларига эмас, балки сотувни оширадиган маркетингга асосан тузилади.
  • Бошқарув ричаглари аслида профессор-ўқитувчилар жамоасига хизмат кўрсатиши лозим бўлган маъмурий бўлимларда тўпланган бўлиб, профессор-ўқитувчилар фақат дарс бериш билан машғул. Яъни профессор-ўқитувчилар жамоасининг университет фаолиятига таъсир қиладиган қарорларда иштироки жуда суст ёки йўқ.

Қисқа қилиб айтганда, ҳозирда кўпчилик хусусий университетлар оддий корхоналарга хос бўлган қўл бошқарувини жорий қилиб, минглаб талабалар орқали даромад топишга асосланган бизнес ҳолига келиб қолган.

Тижорий мақсадлар билан сифатли таълим мувозанатини таъминлайдиган профессор-ўқитувчилар жамоаси эса бошқарув қарорларидан деярли четлаштирилган.

Бу эса университетларнинг том маънода илм ва тадқиқот марказига айланишларига тўсқинлик қиляпти.

Ечим қаерда?

Университетлар эндиликда ҳақиқий илм марказига айланишлари учун якка шахсларга асосланган бошқарувдан тизимлашган, жамоавий бошқарувга ўтиши керак. Хўш, буни қандай амалга ошириш мумкин?

Бунинг учун университетлар оддий корхоналардан фарқ қилишини тушуниш лозим.

Биринчидан, корхоналардан фарқли равишда, университетлар ўз моҳиятига кўра олимлар жамоасидан иборат ташкилот ҳисобланади. Илм масканлари ўлароқ университетлар, академик жамоалар кенг жамоатчиликка хизмат қилиши керак. Шу сабабли университет қарорлари асосий манфаатдор томонларнинг манфаатлари йўлида қабул қилиниши керак.

Иккинчидан, университетлар жамият олдида жавобгар бўлгани учун унинг фаолияти самараси фақатгина даромад билан эмас, балки талабалар муваффақияти, тадқиқотлар ва жамиятга ижобий таъсири билан ўлчаниши керак. Шу ўринда айтиш лозим, даромад манбайи фақат талабаларнинг ўқиш тўловидан иборат бўлган университет молиявий жиҳатдан ўзини оқламайди.

Мисол учун, АҚШдаги кучли университетларнинг деярли барчаси нотижорат ташкилот бўлиб, талабалар ўқиш тўловидан келадиган маблағ университет умумий даромадининг атиги 8-10 фоизини ташкил қилади. Бу – таълим даргоҳларининг тарихий тажрибаси, илмий анъанаси турли академик раҳбарият даврида шаклланганини кўрсатади.

Бу тажрибадан ўрнак олиб, хусусий университетларимиз таълим сифатини кейинги босқичга олиб чиқиш ва янги илмий анъана яратишлари учун бошқарувда қуйидаги ўзгаришларни босқичма-босқич киритишлари лозим.

Биринчи навбатда, бошқарув асосчи-сармоядор, маъмурият ва академик жамоа ўртасидаги ўзаро келишувга асосланиши лозим. Университет маъмурияти ва профессор-ўқитувчилар жамоаси асосчиларнинг университет ташкил қилиш учун қилган саъй-ҳаракатларини олқишлаши лозим. Шу билан бирга, асосчи ва/ёки уларнинг вакиллари ҳам профессор-ўқитувчилар жамоасининг таълим сифатини назорат қилиш борасидаги истакларини тўғри қабул қилиши керак. Асосчилар ўз қадриятига эга мустаҳкам университет пайдо бўлиши учун фикр ҳурлиги, эркин илмий муҳит ва қарорларда жамоавийлик муҳимлигини англаб етишлари лозим.

Машҳур тадбиркорнинг сўзи билан айтганда, университет асосчилари ўз шахсият ва қарашларини профессионал ташкилот сифатида шаклланаётган университетнинг шахсиятидан ажратишлари лозим. Шунинг учун ҳам Ҳарвард ёки MIT каби университетлар ўз асосчилари билан эмас, балки уларни машҳур қилган профессорлари билан мақтанади. Шундан келиб чиқиб, асосчилар аввало қарор қабул қилишда якка шахсларга асосланган бошқарувдан воз кечиб, стратегик қарорларни малакали мутахассислардан ташкил топган васийлик кенгаши орқали жамоавий тарзда қабул қилишга ўтишлари лозим. Васийлик кенгаши эса тижорий манфаатлар ва таълим сифати борасидаги мувозанатни ушлайдиган ректорни тайинлаши лозим.

Тайинланган ректор ички бошқарувда жамоавий қарор қабул қилиш механизмини ишлаб чиққан ҳолда, маъмурий ишларни профессионал жамоага эркин қўйиб бериши лозим. Университетга қабул, дарсликлар ва ўқитиш борасидаги барча илмий масалалар тўлақонли тарзда илмий кенгаш ва мустақил фаолият юритадиган факултет бошқарувига берилиши зарур.

Шуни таъкидлаш керакки, факултетлар ва профессор-ўқитувчилар жамоасига таълим сиёсатини шакллантириш борасида мустақиллик берилмас экан, университетлар том маънода илм даргоҳи сифатида шаклланмайди.

Кучли жамоа нафақат университетлар, балки компаниялар муваффақияти учун ҳам муҳим омил эканини тадқиқотлар ҳам кўрсатади. Жим Коллинз ўзининг “Оддийликдан буюкликкача” номли машҳур китобида буюк компанияларнинг муваффақиятини таҳлил қилар экан, ташкилотларни автобусга, уларнинг стратегиясини эса автобус манзилига ўхшатади. Коллинзга кўра, буюкликка эришадиган компаниялар раҳбарлари “қаер” эмас, балки “ким билан” деган саволни беришади. Бошқача айтганда, муваффақиятли университетлар аввало ўз “автобуси”да малакали профессорлар йиғилганига ишонч ҳосил қилишади, кейин манзилни белгилашади. Шу сабабли ҳам, кучли профессорлар дунёга машҳур университетлар фаолиятининг марказида туриб, уларнинг борлиги талабаларни жалб қилиш учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Хулоса

Ўзбекистоннинг хусусий олий таълим бозорига янги ўйинчилар кириб келди. Ушбу бозорга кириб келган хусусий университетлар молиявий барқарорликка эришиш босқичидан ўтиб, эндиликда тизимли бошқарув орқали таълим сифатини таъминлаш билан боғлиқ муҳим босқич олдида туришибди.

Тижорий мақсад ва сифатли таълим ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган бошқарувни ўрната олган университетларгина қадрият ва анъаналарни шакллантиришлари ва ҳақиқий илм масканига айланишлари мумкин.

Бекзод Зокиров,
сиёсий фанлар доктори,
Токио университети битирувчиси

Мавзуга оид