15:10 / 07.06.2019
10977

Трансферлар қандай амалга оширилади? Асосий тушунчалар

Июнь ойидан бутун Европада навбатдаги трансфер ойнаси очилди ва биз энди салкам уч ой давомида трансферлар ҳақида хабарлар ўқиймиз. Ушбу мавзудаги янгиликларни кузатишда пайдо бўлиши мумкин бўлган саволлардан келиб чиқиб, трансферлар жараёни, нархлар ва келишувларнинг қандай содир бўлиши ва бошқа муҳим жиҳатлар ҳақида ҳикоя қиламиз. Мақолада Independent нашри журналисти Жон Коэннинг материалидан ҳам фойдаланилган.

Нархлар қандай ҳосил бўлади?

Бу футбол мухлислари орасида энг кўп муҳокама бўладиган, шу билан бирга энг кўп тушунмовчиликларга сабаб бўладиган мавзулардан биридир. Сабаби, мисол учун, ушбу ёзда «Боруссия» таркибида атиги бир йил яхши ўйин ўтказган Жейдон Санчо 100 миллион фунтга, «Олтин тўп»нинг охирги эгаси Лука Модрич эса ундан беш баробар арзон нархга сотилиши мумкин. Бу нимаси?

Аммо вазиятга чуқурроқ қаралганда, ҳар қандай трансфер қийматининг мантиқан асосли факторлар эвазига юзага келишини кўрамиз.

Биринчидан, клублар ўз молиявий харажатларини ҳисобга олишда, алоҳида бир даврдаги трансфер қиймати эътиборга олинмайди. Клуб бир ёзда харидлар учун 300 миллион фунт сарфласа, бу ўша клубнинг ўша давр учун шунча пул сарфлаганини англатмайди. УЕФА Fair Play текширувларини амалга оширганда ҳам бу йўлдан бормайди.

Футболчи 50 миллион фунтга сотиб олинди. У билан йилига 5 миллион фунтлик беш йилга шартнома имзоланди. (50+25)/5 = 15. Клуб бу футболчи учун йилига 15 миллион фунт харажат ҳисобланади. Лука Модрич «Реал»да катта маош олади, шунинг учун, мадридликлар уни сотаётганда, айнан ўша миқдорда ёки ундан кўп маош тўлай оладиган клуб билан келишишга мажбур. Ёки Модричнинг ўзи маошининг пасайишига рози бўлиши керак бўлади. Бундан келиб чиқадики, Лука Модричнинг маоши Санчоникидан бир неча баробар кўп. Демак, харажатлар йилларга сочиб юборилганда, аслида Санчо Модричга нисбатан беш баробар қимматга тушмайди.

Иккинчидан, футболчининг ёш экани ҳам муҳим саналади. Чунки Модрич яна узоғи билан 2-3 йил юқори савияда ўйнайди, ундан кейин ё футболни тарк этади ёки арзонроқ нархга сотилиши мумкин. Яъни, хорватиялик футболчи билан қайта шартнома имзолаб, кейин яхши нархга сотиб юбориш орқали, харажатларни қоплаш имконияти йўқ. Санчо ҳолатида аксинча, 18 яшар футболчи 5 йилдан кейин ҳам 23 ёшда бўлади ва уни ҳатто ҳозиргидан кўра қимматроқ нархга сотиб юбориш имконияти бор. Шу орқали, клуб Санчо трансферидан ҳатто фойда қилиши ҳам мумкин.

Учинчидан, нархлар шаклланишида футболчи ва клуб ўртасидаги жорий шартнома муддати ҳам катта аҳамиятга эга. Одатда, клублар футболчининг шартнома муддати бир йил қолганда, «типирчилаб» қолади. Бу даврда керакли футболчи билан қайтадан шартнома тузилиши шарт. Акс ҳолда, у келаси мавсумда эркин агентга айланиши ва текинга кетиб қолиши мумкин. Агар қайтадан шартнома тузиш имкони бўлмаса, клуб имкон қадар у футболчини сотиб юборишга уринади. Ҳеч бўлмаса, қайсидир миқдорда пул олиб, футболчига ўтган даврда қилинган харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун. Бу вазиятни бошқалар ҳам билиб туради. Шунинг учун ҳам шартнома муддати кам қолган футболчининг нархи нисбатан арзон бўлиши турган гап. Айтайлик, Левандовски учун 40, Лукаку учун 80 миллион тўланса, бу бельгиялик футболчининг икки баробар зўр ўйинчи эканини англатмайди.    

Тебас ёки Ал Муборак? Ким ҳақ?

Яқинда Ла Лига президенти Хавьер Тебас ва «Манчестер Сити» директорлар кенгаши раиси Халдун ал Муборак ўртасида даҳанаки жанг бўлиб ўтди. Тебас аввалроқ, «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» каби клублар трансфер бозорига салбий таъсир ўтказаётганини айтиб чиққанди. Ал Муборак эса аслида трансфер рекордларини уришни «Реал» ва «Барселона» бошлаганини рўкач қилди.

Ҳақиқатан ҳам трансфер қийматлари жуда тез суръатларда ошиб бормоқда. Атиги икки йил олдин Антони Марсиялнинг 50 миллион фунтга «Манчестер Юнайтед»га ўтиши қай даражада шов-шувга сабаб бўлган бўлса, ҳозирда Европа футболида умуман номи чиқмаган Жоау Фелиш каби ёш футболчилар учун икки баробар кўп нархлар белгиланяпти. Юқоридаги мутахассисларнинг қайси бири ҳақ?

Менимча, жавоб уларнинг ўртасида ва Жозе Моуриньо бир йил олдин бу мавзу ҳақида тўғри фикр билдирганди.

«Гап Неймар ёки Погбанинг жуда юқори трансфер қийматида эмас. Бундай даражадаги иқтидорли юлдузлар дунёда нари борса, 4-5 нафар холос, уларга ҳар қанча пул тўланиши бозорга таъсир қилмайди. Бундай юлдуз футболчилар маркетинг нуқтаи назаридан ҳам яхши даромад келтирадилар ва айтганимдек, улар кўп эмас. Бутунлай бозорга таъсир қиладиган ҳолат – масалан оддий қанот ҳимоячисини 50 миллионга сотиб олишдир. Ҳа, улар яхши, фойдали ўйинчилар, аммо шунчаки, «Манчестер Сити» бир қанот ҳимоячисига 50 миллион тўлади. Бу дегани, таркибдаги ҳар бир футболчи камида шу нархда бўлиши кераклигини англатади. Бу ҳолат футбол оламида фақат юлдузларни эмас, ҳамманинг нархини оширади. Бозорга таъсир қилади», – деган энди Жозе Моуриньо.

Трансферлар музокаралари қандай ишлайди?

Ҳар қандай трансфер музокараси бир пайтнинг ўзида учта муҳим йўналишда олиб борилади.

1) Сотувчи ва сотиб олувчи клублар ўртасида трансфер нархини келишиш;

2) Сотиб олувчи клуб ва футболчининг агенти ўртасида футболчининг шахсий шартномаси бўйича;

3) Сотиб олувчи клуб ва футболчининг агенти ўртасида, агентга тўланадиган тўловнинг ҳажми бўйича.

Сотаётган клуб аввало, харидор клуб ва футболчи ўртасида музокараларни бошлаш учун рухсат бериши керак бўлади, аммо амалиётда турли «ўртакашлар» ҳам мавжуд бўлиб, улар расмий сўровдан олдин футболчининг фикри билан қизиқадилар ва харидор клубга етказадилар. Бундай ҳолатларда кўпинча, ноқонуний равишда футболчи билан алоқага чиқиш деб тушунилади ва иш айбловларгача етиб бориши мумкин. Масалан, икки йил аввал, ёзда, «Саутҳэмптон» «Ливерпуль»ни Виржийл ван Дейк билан мана шундай музокараларда айблади ва мерсисайдликлар расман узр сўрашди. Натижада, тўрт ой ўтиб, «Ливерпуль» ҳалол йўл билан борди ва нидерландиялик ҳимоячи ўз амплуаси учун рекорд нархда сотиб олинди. Акс ҳолда, клублар футболчи билан келишиб қўйиб, унга таъсир ўтказишлари мумкин. Футболчи кетаман, деб туриб олса, клуб уни арзон қўйиб юборишга мажбур бўлиши мумкин. Бу нотўғри.

«Ливерпуль»нинг ўзи ҳам, икки марта мана шундай вазиятга тушиб қолган. Аммо Коутиньо билан ҳам, Суарес билан ҳам боғлиқ ҳолатларда, клуб ўз позициясида қатъий туришга муваффақ бўлган. Ҳар икки футболчи ҳам клуб истаган пайтда ва клуб истаган нархларда «Барселона»да сотилган.  

Трансфер бўйича музокаралар асосан WhatsApp тармоғи орқали амалга оширилади.

Агентлар ва клуб раҳбарлари асосан мана шу тармоқдан фойдаланишни афзал кўрадилар. Ҳақиқатан ҳам, бу электрон почтасидан кўра осонроқ, ҳамманинг телефони доим ўзи билан, гуруҳ чатларини амалга оширишга қулай, жўнатилган хабарнинг очиб ўқилгани ҳақида ўз вақтида билиш мумкин, дунёнинг исталган нуқтасидан ёзиш ва гаплашиш имкони мавжуд.

Бундан ташқари, клуб ходими ёки раҳбари бошқа мамлакатга кетиши, бошқа клубда иш бошлаши, электрон манзил ёки телефон номерларини ўзгартириши мумкин, аммо WhatsApp манзили ўзгармай қолади. Бу эса, алоқани қайта ўрнатиш, керакли одамнинг контакт маълумотларини излаб топишни осонлаштиради. Хуллас, футбол оламида бу ижтимоий тармоқ жуда кенг қўлланади.

Баъзи келишувлар нега трансфер ойнаси очилмасидан олдин ҳам эълон қилинади?

Масалан, «Манчестер Сити» икки йил олдин Бернардо Силванинг трансферини 26 май куни эълон қилди. Клуб аслида 1 июлгача янги трансферни рўйхатга олиши мумкин эмас, аммо бу клубга футболчи билан келишиш, шартнома имзолашга халақит бермайди. Аксарият клубларда молиявий йил 1 июлдан келаси йилнинг 30 июнигача давом этади, яъни келаси трансфер ойнаси очилгунча - бу трансферларнинг ҳисоб-китоби, йилнинг молиявий баҳоланиши учун қулай.  

Аммо клублар баъзида трансферларни эски йилга ҳисоб-китоб қила оладилар. Мисол учун, «Барселона» Фабрегасни «Челси»га 2014 йилнинг июнида сотди ва ўша трансфердан қилинган даромадни айнан тугаётган йилнинг даромадларига қўшди. Лекин барибир, «Челси» Фабрегасни 1 июлгача рўйхатга ололмасди.

Шу билан бирга, маркетинг нуқтаи назари ҳам бор. Рюдигернинг трансфери кечроқ эълон қилинганини олинг. «Челси»нинг Adidas билан шартномаси 30 июнга қадар бўлиб, 1 июлдан Nike билан шартнома бошланди. «Челси» Nike билан 15 йиллик 900 миллионга шартнома тузган. Ўз-ўзидан лондонликлар июлдан олдин Рюдигер трансферини янги ҳомийга рақобатчи бўлган эски ҳомий - Adidas формасида эълон қилишдан фойда йўқ эди. Ахир янги футболчини янги ҳомий тиккан форма билан таништириш мантиқан тўғри келади.

Бундай ҳолатларда клублар янги ҳомий билан шартнома муддати бошланишини кутадилар. Шунинг учун ҳам, баъзи гўёки аниқ амалга оширилган трансферларнинг ҳам расмий эълон қилиниши чўзилиб кетади.

Нега футболчилар бартери кам амалга оширилади?

Бир қараганда, бундай келишувлар жуда фойдали ва осон кўринади. Аммо баъзи истисноларни (Галлас/Коул, Матич/Луиз, Мхитарян/Санчес) эътиборга олмаса, бундай келишувлар деярли амалга оширилмайди. Юқорида тилга олганимиздек, бир футболчининг бошқа клубга ўтиши уч томонлама келишув билан амалга оширилади. Энди, нариги томонда ҳам футболчи бўлса, икки баробар тасаввур қилаверинг. Бунинг устига ҳар икки футболчи ҳам нариги клубда ўйнашга рози бўлиши керак.

Эсингизда бўлса, «Реал» ва «МЮ» ўртасида мана шундай келишув амалга ошишига яқин турганди. Аслида сўнгги дақиқаларда бир қанча трансферлар амалга ошишини кўрамиз, ўшанда вазиятни чўзиб юборган жиҳат ҳам, ишламай қолган факсдан ташқари, мана шундай олти томонлама келишувлар бўлганди. Сўнгги дақиқаларда Наваснинг «МЮ» билан шартнома шартларида муаммолар пайдо бўлгани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди.

Financial Fair Play трансферлар оёғига болтами?

Қисман олганда, ҳа. Бу қоида футбол клубининг трансфер бозоридаги харажатлари айнан футбол фаолиятидан оладиган даромаддан ошиб кетмаслигини талаб қилади. Бу бадавлат инвесторларнинг катта пулларни бозорга олиб киришларини чеклайди.

Аммо ушбу қоиданинг ишлаш принципини кўпчилик бошқача тушунади. Мисол учун, бир клубнинг маълум бир трансфер бозоридаги сарфларини ҳисоблаб, мазкур қоидага мос келмаётгани ҳақида гапира бошлайдилар. Аслини олганда эса, қоида бироз фарқли ишлайди.

Биринчидан, ҳисоб-китоблар фақат бир ёки трансфер даричаси учун амалга оширилмайди, балки бир неча молиявий йил инобатга олинади.

Эсингизда бўлса, «Интер» июнь ойида қайсидир футболчисини сотишга мажбур экани ҳақида кўп ёзилди ва «МЮ» Иван Перишични сотиб олишга ҳаракат қилди. Сабаби, айнан июнь ойида охирида ниҳоясига етадиган молиявий йилда «Интер» даромадлари олдинги йилларда қилинган трансферларни қоплашга озгина етмаётганди. Кейинчалик, қўшимча ҳомийлик шартномалари орқали «Интер» бу масалани ҳал қилди ва миланликлар Перишични сотиши шарт бўлмай қолди.

Товон пуллари нима?

Баъзида, чигаллик юзага келади, масалан бир клуб футболчи учун белгиланган товон пулини тўлашга рози бўлади, аммо барибир трансфер амалга ошмайди. Гап шундаки, аслида икки хил товон пули мавжуд: ҳақиқий ва «адолатли».

Ҳақиқий товон пуллари - агар харидор клуб белгилаб қўйилган бадал пулини тўлаб берса, клуб футболчини сотишга мажбур бўлиб қолади. Шунинг учун, клублар аввалдан шартнома шартларини оғир қиладилар ва ҳақиқий товон пулларини жуда юқори белгилаб қўядилар. Айниқса, АПЛ клублари бу борада пишиқ ишлашади: футболчи учун белгиланган товон пуллари тизими АПЛнинг бошқа клубларига ўтмайдиган қилиб қўйишади. Португалия клублари одатда, футболчини сотиб олмоқчи бўлган бошқа португал клублари учун товон пулларини 3-4 баробар қиммат қилиб белгилаб қўядилар.

«Адолатли» товон пулларининг унча таъсири йўқ, бу шунчаки, ўша белгиланган суммани таклиф этган харидор клуб билан музокаралар столига ўтиришни талаб қилади, холос. Клуб ўша пулга рози бўлмаслиги, нархни ҳар қанча кўтариши ҳам мумкин.     

Футболка сотиш орқали йирик трансферлар қопланиши мумкинми?

Эсингизда бўлса, ўтган йили Криштиану Роналдунинг трансфери маълум вақт ичида футболкалар савдоси орқали қоплангани айтилганди. Бу нотўғри фикр.

Adidas, Nike каби компаниялар тузиладиган ҳомийлик шартномалари оддий ҳомийлик шартномаларидан фарқ қилади. Мисол учун, Adidas «Ювентус» билан катта миқдорда шартнома туздими, бу компаниянинг ўз маҳсулотларида клуб брендидан фойдаланиш имконини ҳам беради. Ушбу компанияларнинг мана шундай йирик трансферларда бош-қош бўлишлари (Погбанинг «МЮ»га ўтишдаги ҳолатни эсланг) ҳам шундан. Компания ўзи ҳомийлик қилаётган клубларда имкон қадар бренд футболчиларнинг, юлдузларнинг тўп суришини исташади. Бу баъзида жамоанинг футболдаги натижаларидан ҳам каттароқ аҳамият касб этиб юборади. 

Албатта, Роналдунинг трансфери «Ювентус»га маркетинг соҳасида катта даромадларни олиб келиши бор гап. Клуб имижи, дунё бўйлаб эътиборнинг ошиши, трансляциялардаги улуш ўз-ўзидан клубнинг маркетинг бўйича музокараларида қўл келади, келишув суммаларини сезиларли даражада ошириши турган гап. Масалан, Роналдунинг Туринга ўтиши ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлган кундан бошлаб бугунгача, «Ювентус»нинг акциялари 33 фоизга ошган. Аммо юқорида айтилганидек, клубларнинг футболка сотиш орқали трансфер қийматини осонгина қоплашлари тўғри маълумот эмас.

Футболкалар, клуб либосларини ишлаб чиқариш, сотиш ва фойда кўриш билан клуб эмас, айнан Adidas, Nike каби компаниялар шуғулланишади. Клублар фақат аввалдан белгилаб қўйилган йиллик тўловларни ва қўшимча футболкалар сотувидан тушган даромаднинг 10-15 фоизини олади, холос. Мисол учун, Adidas Роналдунинг футболкасидан 55 миллион евро даромад қилган бўлса, «Ювентус»га шундоқ ҳам ҳар йили оладиган суммасига қўшиб, 55 миллионнинг 10-15 фоизи – 5-8 миллион евро бериши мумкин, холос. Яъни, йирик трансфернинг тўлиғича, ҳатто ярми ҳам сотилаётган футболкалар ёрдамида қопланиши деярли имконсиз иш.

Бундан ташқари, янги футболчининг трансфери футболка бозорини ларзага келтира олмайди. Аксарият ҳолларда, шундоқ ҳам ҳар йили футболка сотиб оладиган мухлислар бу сафар янги юлдуз футболчининг либосини сотиб олишга уринишади. Яъни, юлдуз футболчининг футболкаси бошқалардан кўпроқ сотилишининг ортида қайсидир бошқа футболчининг футболкаси сотилмаслиги, савдосининг камайиши ётади.

Тўғри, Криштиану Роналду – истисно, дунё бўйлаб унинг персонал мухлислари миллионлаб топилади. Ёки футболчи туғилиб ўсган юртда савдо сезиларли ошиши (эсингизда бўлса, «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» клублари ўз сафларига хитойлик футболчиларни қўшиб олгандилар) кузатилиши холос. Бошқа жойлардаги «Ювентус» мухлислари эса, шундоғам футболка сотиб олишни режалаштирган бўлишади ва харидни амалга оширганда - шунчаки, янги футболчи исми туширилган футболкани танлашади.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Top