Жамият | 20:30 / 13.12.2024
9826
4 дақиқада ўқилади

“Чегирма бор, чипта йўқ” — талабалар поездларга чегирмали чипталар қолмаганидан норози

“Ўзбекистон темирйўллари” талабалар учун маҳаллий йўналишдаги поездлар чипталарига 50 фоизлик чегирма эълон қилган. Чипталар сотиладиган электрон платформада Тошкент–Урганч, Тошкент–Бухоро, Тошкент–Нукус йўналишларида 23–31 декабр саналаридаги барча чипталар аллақачон қолмагани кўринади. Бошқа йўналишларда эса саноқли чипталар қолган. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш ва талабалар фикрини эшитиш учун пойтахтдаги темирйўл кассаларидан бирида бўлди.

“Ўзбекистон темирйўллари” АЖ 10 декабр куни қишки таътил муносабати билан республикадаги олий таълим муассасалари талабалари учун маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездлари чипталарига 50 фоизлик чегирма эълон қилди. Чегирмалар жорий йил 23 декабридан 2025 йилнинг 10 январигача амал қилиши қайд этилди. Kun.uz мухбири ўрганишлари 11 декабр ҳолатида темирйўл чипталари онлайн сотиладиган “eticket.railway.uz” платформасида Тошкент—Урганч, Тошкент—Бухоро, Тошкент—Нукус йўналишларида 23 декабрдан 31 декабрга қадар чипталар қолмаганини кўрсатди. 

Kun.uz билан суҳбатда бўлган талабалар ҳам мазкур саналарда ушбу йўналишларга чипта қолмаганини таъкидлади. Талабаларнинг айримлари эса кетиш учун эмас, балки фақат қайтиш учун чегирмали чипта олишга улгурган холос.

Онлайн кўрдик, чипта йўқлиги учун кассага келишга мажбур бўлдик”, — дейди талабалардан бири. Бошқа талаба эса чегирмали чипта ололмагани ортидан қўшимча вагонлар қўшилиш ёки қўшилмаслигини билиш учун темирйўл кассасига келганини айтди. 

Тошкент—Андижон йўналишида 25 декабрдан 31 декабргача чипталар қолмаган. Аммо Тошкент—Қўқон йўналишида бор экан”, — деди талаба йигитлардан бири.

“Ўзбекистон темирйўллари” АЖ чегирма эълон қилган вақтда талабалар агар чегирмали чипта харид қилмоқчи бўлса, темирйўл кассаларига паспорт билан келишини сўраганди. Kun.uz билан суҳбатлашган талабалар эса паспортдан ташқари ўқиш жойидан ва доимий рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги маълумотномалар ҳам сўралаётганини билдирди. Бошқаси эса талабалик гувоҳномаси етарли эканлигини қайд этди.

Термиз шаҳрига кетмоқчи бўлган бошқа бир талаба 31 декабргача чипталар қолмаганини, фақат 2025 йил январига қайтиш чипталари борлигини билдирди. Бундан ташқари талабалар кассаларда хизмат кўрсатиш сифати бўйича фикрини билдириб, битта чипта сотиб олиш учун ўртача 1 соат вақт кетганини маълум қилди. 

Мен чегирма эълон қилинишидан олдин чипта сотиб олгандим, ҳозир чипта нархи миқдорининг ярмини қайтариб олмоқчи эдим, имкони йўқлигини айтишди”, — деди талабалардан бири.

Kun.uz чегирмали чипталар қолмагани юзасидан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, чипталар қолмагани талабалар сонининг кўплиги билан боғлиқ. Таъкидланишича, қишки таътил кунларида қанча чегирмали чипталар ажратилгани бўйича аниқ маълумот мавжуд эмас. Шунингдек, қўшимча вагонлар ва уларда бўлиши кутилаётган ўринлар сонига бир неча кундан кейин аниқлик киритилиши айтилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон темирйўллари” 2023 йилги қишки таътил вақтида чипталар деярли сотиб бўлингандан кейин талабалар учун чегирма эълон қилганди.

Мавзуга оид