08:29 / 15.12.2018
4756

Ўзбекистон Ростов-Дон, Оқтов, Гуанчжоу ва Ўшда консулхоналар очади

Фото: Wikimedia

Яқин кунларда Ростов-Дон (Россия), Оқтов (Қозоғистон), Гуанчжоу (Хитой) ва Ўш (Қирғизистон) шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси консулхоналари очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Сенатга берган ҳисоботида айтилди.

Қайд этилишича, 2018 йилда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги ваколатхоналар тизимини такомиллаштириш бўйича интенсив ишлар давом эттирилди. Вазирлик таркибида Ташқи иқтисодий ҳамкорлик бош бошқармаси, Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ва аризаларни қабул қилиш бўлими ташкил этилди. 

Ташқи сиёсий фаолиятни янада кучайтириш учун хорижий мамлакатларда бир қанча янги дипломатик миссиялар очилди ва мавжуд бўлганлари кенгайтирилди. Ўзбекистон Республикаси президентининг 23та хориждаги ваколатхона бўйича фармони ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Улар жумласига Марказий Осиё давлатлари, Беларусь, Хитой, Покистон, Россия, Туркия, Франция, Индонезия ва Ҳиндистондаги элчихоналар, МДҲ, ЮНEСКО ва БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси ҳузуридаги доимий ваколатхоналар ва Ўзбекистон Республикасининг янги бош консулликлари киради.

Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон, Владивосток ва Олма-Ота шаҳарларида бош консулхоналар очилди. Яқин кунларда Ростов-Дон (Россия), Оқтов (Қозоғистон), Гуанчжоу (Хитой) ва Ўш (Қирғизистон) шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси консулхоналари очилиши кутилмоқда.

Top