Ўзбекистон | 12:43 / 04.05.2022
31543
2 дақиқада ўқилади

Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек-афғон чегарасида отишма бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди

ТИВ баёнотига кўра, 4 майга ўтар кечаси Афғонистон билан чегарада гўёки отишма рўй бериб, ДХХ Чегара қўшинлари зобитлари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар “умуман ҳақиқатга тўғри келмайди”. Маълум қилинишича, чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб бориляпти.

Фото: Фаррух Алиев

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон билан чегарада отишма бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Қайд этилишича, айрим ижтимоий тармоқларда Афғонистондаги манбаларга таяниб, гўёки 4 майга ўтар кечаси Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида отишма содир бўлгани, унинг оқибатида ДХХ Чегара қўшинлари зобитлари ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

“Шуни маълум қиламизки, тарқатилган хабарлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб борилаётир.

Афғонистон Муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид ҳам турли интернет нашрларида пайдо бўлган мақолаларни ёлғон ва асоссиз деб атади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларини журналист этикасига қатъий риоя қилишга, ўз манбаларида нотўғри ва текширилмаган маълумотларни жойлаштиришдан сақланишга чорлайди”, – дейилади ТИВ ахборотида.

Аввалроқ, Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонга тегишли учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво маконини бузиб ўтгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган эди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид