Сўм қадрсизланишининг асосий сабаби нима?
1930-йилларнинг бошида бутун дунё Буюк тушкунлик таъсиридан азият чекаётган пайтда АҚШнинг 32-президенти сифатида сайланган Франклин Д. Рузвельт биринчи инаугурация нутқида “Биз қўрқишимиз керак бўлган ягона нарса – бу қўрқишнинг ўзидир” деган эди
Буюк тушкунлик пандемия сабабли вужудга келмаган бўлса-да, у даврдаги вазият бугунги кундаги коронавирус инқирозидан ҳам ёмонроқ эди. Шубҳасиз, худди Буюк тушкунлик даврида бўлгани сингари коронавирус пандемияси шароитида жамият ҳаётида ноаниқликлар ошиб бормоқда. Шундай бўлса-да, ҳозирги шароитда биз ишонишимиз керак бўлган ягона нарса – бу ишончнинг ўзидир. Бу Ўзбекистон ҳукуматига ишонч, коронавирус тарқалишини камайтириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ҳимоялаш, инқироздан катта талафотларсиз чиқиш ва инқироздан кейинги даврда иқтисодиётни тезда оёққа турғазиш бўйича амалга оширилаётган чораларга, шу жумладан Марказий банк томонидан олиб борилаётган пул-кредит ва валюта сиёсатига бўлган ишончдир.
2020 йил 14 апрель куни ички валюта бозорида сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 9 793 сўмни ташкил этди. Банк иш куни ёпилиши арафасида Марказий банк томонидан асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражада белгилангани эълон қилинди. Регуляторнинг кутилмаган қароридан кейин куннинг бошида валюта айирбошлаш шохобчалари орқали АҚШ доллари олди-сотдисини 9780-9850 сўм коридорида таклиф этишни бошлаган тижорат банклари кун охирига келиб коридорни 10140-10150 сўмгача кўтаришди. Натижада, интернет нашрлари орқали бир қатор иқтисодчилар, экспертлар миллий валюта қадрсизланиши борасида ўзларининг шахсий фикрларини билдирдилар. Баъзи экспертларнинг 2020 йил охирига сўм алмашув курси бўйича прогнозлари ҳам пайдо бўлди. 15 апрель куни эса Марказий банк валюта курсларини янгилади, сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 10 121 сўмни ташкил қилди.
Ушбу вазиятда сўмнинг қадрсизланишига сабаб бўлаётган асосий омиллар нималар? Нима учун йил бошидан бери АҚШ долларига нисбатан қадрини 9500 сўм атрофида барқарор ушлаб келаётган миллий валюта апрель ойининг дастлабки кунларидан бошлаб яна қадрсизлана бошлади, каби саволлар туғилиши табиий. Қуйида мазкур саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Экспорт ҳажмининг импорт ҳажмига нисбатан кўпроқ камайиши ички валюта бозорида валюта таклифининг камайишига сабаб бўлмоқда
2019 йилнинг 1-чорагида товар ва хизматлар экспортидан тушум 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 20,6 фоизга ошиб, маълум даражада ички валюта бозорида валютага бўлган талабни қондиришга хизмат қилган эди. Жорий йилнинг 1-чорагида эса коронавирус пандемияси сабабли келиб чиққан инқироз туфайли экспорт ҳажми 2019 йилнинг 1-чорагига нисбатан 10,9 фоизгача камайди. Бу эса жорий йилнинг ўтган даврида ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг шунча миқдорга кам бўлганлигини билдиради.
2020 йилнинг бошида Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлган Хитойнинг коронавирус инфекцияси томонидан “қамал” қилиниши ҳамда иқтисодиётининг секинлашиши натижасида жаҳон товарлар бозорида хомашё (нефть, газ, рангли металлар, шу жумладан мис) нархлари кескин тушиб кетди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитаси маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар
Шунингдек, коронавирусга қарши чоралар сабабли Хитойнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларга бўлган талаби миқдори сезиларли даражада камайди. Шу билан бирга, бошқа савдо ҳамкорларимизнинг глобал қиймат занжири орқали Хитойга туташ тармоқларида Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган талаб камайди. Коронавирус эпидемияси пандемияга айланиши ва чегараларнинг ёпилиши билан унинг таъсир доираси янада кенгайди. Натижада, 2020 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистоннинг Хитойга экспорт ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 426 млн АҚШ долларига, Россияга – 106 млн АҚШ долларига, Қозоғистонга – 94,4 млн АҚШ долларига камайди.
Изоҳ: Шарларнинг ҳажми давлатларнинг Ўзбекистоннинг умумий экспортидаги улушини кўрсатади. Қавс ичидаги рақамлар 2020 йил 1-чоракдаги экспорт ҳажмининг 2019 йилнинг мос давридаги экспорт ҳажмига нисбатан ўзгаришини (- камайиш / + ўсиш) кўрсатади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитаси маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар
Бошқа томондан, экспортдан валюта тушумлари камайган бир пайтда импорт товарлар ва хизматларга бўлган талаб бир мунча камайган бўлса-да, лекин юқорилигича сақланиб қолмоқда. Бу эса ички валюта бозорида валюта талаби ва таклифи ўртасида номутаносибликни келтириб чиқариб, алмашув курсига босимни оширмоқда.
Масалан, Ўзбекистон умумий импортининг 70 фоизига эгалик қилувчи еттита асосий савдо ҳамкор давлатлардан импорт қилинган товар ва хизматлар ҳажми 2019 йилнинг 1-чорагидаги кўрсаткичга нисбатан 294 млн АҚШ долларга камайди. 2020 йил 1-чоракда Хитойдан импорт қилинган товар ва хизматлар ҳажми 2019 йилнинг мос даври билан таққослаганда 73,5 млн АҚШ долларга, Жанубий Кореядан – 147,6 млн АҚШ долларга, Қозоғистондан – 13 млн АҚШ долларга, Туркиядан – 66,4 млн АҚШ долларга, АҚШдан – 17,7 млн АҚШ долларга камайди. Мазкур даврда Россиядан импорт ҳажми деярли ўтган йилнинг мос чорагидаги миқдорда қолган бўлса, Германиядан 22,9 млн АҚШ доллар миқдорида кўпроқ товарлар ва хизматлар импорт қилинди.
Изоҳ: Шарларнинг ҳажми давлатларнинг Ўзбекистоннинг умумий импортидаги улушини кўрсатади. Қавс ичидаги рақамлар 2020 йил 1-чоракдаги импорт ҳажмининг 2019 йилнинг мос давридаги импорт ҳажмига нисбатан ўзгаришини (- камайиш / + ўсиш) кўрсатади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитаси маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар
Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари миллий валюталарининг қадрсизланиши сабабли сўм алмашув курсининг мазкур мамлакатлар миллий валюталари алмашув курсига мослашиш жараёни рўй бермоқда
2020 йилнинг январь ойида Хитойда коронавирус эпидемиясининг жиддий тус олиши ва Хитой иқтисодиётининг нефтга бўлган талабининг камайиши жаҳон бозорида нефть нархининг сезиларли даражада тушишига сабаб бўлди. Бундан ташқари, ОПЭК давлатларининг нефть ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича муросага кела олишмагани ва Саудия Арабистони ва Россия ўртасида нарх “уруши”нинг бошланиши нефть нархининг пасайишига янада катта босим ўтказди. Натижада нефть нархи кескин даражада қулади. Нефть нархининг қулаши эса ўз-ўзидан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг алмашув курсида ўз аксини топди.
Манба: Марказий банклар маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар
2020 йил 14 апрель ҳолатига қозоқ тенгеси йил бошига нисбатан 12,1 фоизга ва Россия рубли эса 18,8 фоизга қадрсизланган бўлса, сўмнинг қадрсизланиши 1,95 фоизни ташкил этди.
Тенги ва рубль қадрининг тушиши Қозоғистон ва Россияда ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларни Ўзбекистон учун арзонлашишига сабаб бўлади. Бундай вазиятда мазкур савдо ҳамкорларимиздан импорт қилиш мақсадида ички валюта бозорида валютага бўлган талаб ортади ва сўм қадрсизлана бошлайди. Натижада сўм алмашув курси тенге ва рубль алмашув курсларига мослашади.
Коронавирус инқирози туфайли пул жўнатмаларининг камайиши ички валюта бозорида валюта таклифининг етишмаслигига сабаб бўлмоқда
Ўтган йилларда мамлакатимизга трансчегаравий пул ўтказмалари ички валюта бозорида валютага бўлган талабнинг маълум бир қисмини қондиришга хизмат қилди.
Жорий йилда Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун миграция манзили ҳисобланган давлатлар, хусусан Россия ва Қозоғистон томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишини камайтириш бўйича амалга оширилаётган карантин чоралари сабабли 2020 йилнинг 1-чорагида мамлакатимизга кириб келган пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада камайди. Хусусан, жорий йилнинг март ойида пул ўтказмалари ҳажми февраль ойига нисбатан 23 фоизга камайиб, 296 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Хулоса
Ҳозирги кунда миллий валютамизнинг қадрсизланишига экспортдан валюта тушумлари ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг камайиши, товарлар ва хизматлар импортига талабнинг юқорилигича сақланиб қолаётгани ҳамда асосий савдо ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши таъсир кўрсатмоқда.
Сўм алмашув курсининг асосий савдо ҳамкор давлатларнинг миллий валюталари алмашув курсига мослашиши билан Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларнинг рақобатбардошлиги ошади ва экспортдан валюта тушумлари кўпаяди. Ўз навбатида, миллий валюта девальвацияси импорт товарлари ва хизматларининг маҳаллий товар ва хизматларга нисбатан қимматлашишига сабаб бўлади ҳамда импорт ҳажмининг маълум даражада камайишига туртки бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг молия секторида жозибадор юқори фоиз ставкалари хорижий инвестицияларни мамлакатимизга оқиб келишини рағбатлантиради.
Юқоридаги омиллар ички валюта бозорида валюта талаби ва таклифини мувозанатга келтиришга хизмат қилади.
Халилуллоҳ Ҳамидов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Етакчи илмий ходими
Мавзуга оид
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
13:41 / 16.12.2024
2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 200 млрд долларга етиши мумкин
20:24 / 14.12.2024