17:17 / 29.01.2021
87560

Бизнесда харажатларни қисқартириш: олтин ўрталик қандай топилади?

Бизнес харажатларни қандай қилиб ақл билан, фойдани йўқотмасдан ва оғриқларсиз қирқиш мумкин? «Ислом молияси» канали муаллифи, молиявий эксперт Хондамир Нусратхўжаев шу масалада тавсиялар беради.

Фото: Shutterstock

Айни пайтда бизнес мамлакат ва унинг ташқарисида пандемиянинг иқтисодий вазиятга таъсири оқибатида ликвидлик, талаб ва таклиф камайиши муаммолари ва бошқа ноаниқликларга дучор бўлиб турибди.

Бу – айниқса кичик ва ўрта бизнесга оғриқли оқибатларни келтириб чиқармоқда. Тадбиркорлар бундай вазиятларда ўз харажатларини оптималлаштириш ва қисқартиришга эътибор бермасдан, сотувни кўпайтириш йўлларини ахтаришади. Бунда улар баъзи ҳолатларни назардан қочиришади – айрим харажатларни қирқишдан кўра, сотувни кўпайтириш қийинроқ, сотувларнинг кўпайиши ҳамма вақт ҳам соф фойда ошишига хизмат қилмайди.

Харажатларни оқилона қисқартириш рентабеллик ошиши ва бизнеснинг умумий самарадорлиги кўпайишига олиб келиши мумкин. Аммо буни қандай қилиб ақлли, фойдали ва оғриқларсиз амалга ошириш мумкин? Бугун шулар ҳақида гаплашамиз.

Жуда кўплаб компанияларда ва фирмаларда ҳамон рентабеллилик ва ликвидлилик билан боғлиқ муаммолар сақланиб турибди. Лекин уларнинг бирортаси харажатларни қисқартириш ва оптималлаштириш комплекс дастурига эга эмас. Кўпчилик бир марталик усуллардан фойдаланиб кўрмоқда, бу эса барқарор натижага олиб келмайди.

Харажатларни қисқартириш имкониятлари ҳар қандай компанияда бўлади. Уларни аниқлаш учун сарф-харажатларни қисқартириш дастурини ишлаб чиқиш керак. Бунинг учун компаниянинг барча харажатларининг комплекс таҳлили ўтказилмоғи керак.

Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир сўмни иқтисод қилишга тиришиб, маҳсулот/хизматнинг сифати пасайишига йўл қўйиш ярамайди. Бу – тушум камайиши ёки бизнеснинг йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Харажатларни қисқартириш учун уларни қуйидаги тоифаларга бўлиб оламиз:

  • Маҳсулот таннархини шакллантирувчи харажатлар (хомашё, материаллар ва маош). Буларни иқтисод қилишда жонбозлик кўрсатмаслик керак, чунки хомашё ва маошни қисқартириш билан кўп нарса иқтисод қилиб бўлмайди.
  • Маркетинг харажатлари ва маҳсулотни бозорда илгари суриш учун харажатлар. Бу ерда катта қисқартиришлар қилиш, замонавий онлайн ва офлайн усуллардан фойдаланиб, маҳсулотларни илгари суриш самарадорлигига эришиш мумкин. Лекин шунда ҳам харажатларни қисқартириш ва бу чоранинг савдо ҳажмига таъсири ўртасида мувозанатни ушлаш керак.
  • Маҳсулотнинг сифатига боғлиқ бўлмаган харажатлар (маъмурий ва бошқа харажатлар). Уларни қўрқмасдан «чопиш» мумкин.

Қайси харажатларни қисқартириш кераклигини қандай аниқлаш мумкин?

Барча харажатларни инвертаризация қилиш зарур. Масалан, харажат тури —харажат синфи — шартнома рақами — масъул бўлим/ходим, сингари.

Шундан сўнг ҳар бир харажат тури кўриб чиқилади. Бу ишда молиячилар ва харажатларнинг «эга»лари (яъни, харажат учун жавоб берувчи бўлим) иштирок этади.

Қайси харажатларни қисқартириш кераклигини тушуниш учун қуйидаги саволларга жавоб топиш керак бўлади:

– харажатлар катталигига нималар таъсир қилади;

– қисқартиришнинг қандай чоралари мақсадга мувофиқ (маълум бир харажатлардан тўлиқ воз кечиш, уларни меъёрга солиш, етказиб берувчилар билан музокаралар ёрдамида қисқартириш, назоратни кучайтириб, ўғрилик ва фирибгарликка барҳам бериш ва ҳ.к.);

– шартнома шартлари нақадар мақсадга мувофиқ; маълум бир шартномаларни ўз фойдангизга қайта кўриб чиқишдан маъни борми; бошқа етказиб берувчилар қандай шартлар таклиф қилишмоқда, у ёки бу етказиб берувчиларга боғланиб қолишга барҳам бериш, шунингдек, бизнесингизга босим ўтказилишидан халос қилиш учун етказиб берувчиларни қайта кўриб чиқиш зарурияти борми ва ҳ.к;

– таклиф этилган чораларни амалга ошириш учун қанча вақт талаб этилади?

Йирикроқ компанияларга бюджетлаштириш тизимини жорий этиш ва шу йўл билан харажатларни бошқаришни бюджет билан боғлашни таклиф этаман.

Харажатларни инвертаризация қилиш ва уларни қисқартириш чораларини ишлаб чиқишни йилига камида икки бор ўтказиш керак, чунки йил давомида харажатларнинг янги тури ва янги контрагентлар пайдо бўлиши, 2020 йилда бўлганидек, бозордаги вазият тамомила ўзгариб кетиши мумкин.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бизнеснинг рентабеллигига у ёки бу даражада таъсир ўтказадиган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ва маъмурий харажатларни қисқартириш самаралироқ бўлади.

Агар сиз хомашё ва материалларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисқартиришга киришсангиз, бундай қисқартириш маҳсулотингиз сифатига таъсир қилмаслигига амин бўлинг.

Ҳар бир шартномани харид нархлари, ҳажмлар, етказиб бериш шартлари, рақобатчилардаги намуналари, етказиб берувчиларга боғланиб қолганлик, уларни алмаштириш риски ва ҳ.к. бўйича рақобатбардош экани нуқтайи назаридан синчиклаб таҳлил қилиш зарур.

Шунингдек, харид қилинаётган маҳсулот ва хизматларнинг маълум бир тоифасига тендер тизимини ишлаб чиқишни кўриб чиқиш ҳам фойдали. Бу чоралар маҳсулотингиз таннархини сезиларли даражада пасайтиришга хизмат қилади.

Материаллардан кўп фойдаланиладиган ишлаб чиқаришда материалларни ҳисобдан чиқариш меъёрлари, шунингдек, омборларда, ниҳоясига етмаган ишлаб чиқаришда маҳсулот-материал захираларининг қолдиқлари бўйича режа ишлаб чиқилиши лозим. Узоқ муддатли истиқболда ишлаб чиқаришни ўстириш, бракларни (сифатли маҳсулотни брак сифатида ҳисобдан чиқариш) камайтиришга, маҳсулот сифатини оширишга диққат-этиборни жамлаш керак, бу – харажатларни камайтиришга хизмат қилади.

Доимий харажатлар учун чеклов жорий қилиш (ўтган йилги даражадан ва нархларнинг ўсиши таҳлилидан келиб чиқиб), маълум бир хизматларнинг мақсадга мувофиқлиги ва аутсорсингини баҳолаш ўтказилиши мумкин (камида ҳар йили).

Конкрет чоралардан бири сифатида ижарага олинган майдонларни қайта баҳолашни келтириш мумкин. Бунда ортиқча майдонлардан воз кечиш, ижарага берувчи билан ижара баҳосини тушириш борасида келишиш мумкин. Бу айниқса чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар учун долзарб, чунки уларда ижара учун харажатлар асосий харажатлар турига киради.

Шунинглек, маъмурий юклама (ходимларни овқатлантириш, офис харажатлари, интернет, канцелярия моллари ва ҳ.к.) кўрсаткичлари умумий харажатларга ва тушумга ёмон таъсир ўтказмаётгани мунтазам текшириб туриб, маъмурий харажатларни кузатиб бориш лозим. Бу кўрсаткичнинг ўсиши чора кўришни бошлаш учун сигналдир.

Кўплаб тадбиркорлар, айниқса янгилари ўз бизнеси учун оптимал солиқ режими деталларига кўп ҳам эътибор беришмайди. Шу сабабли, солиқ бўйича сифатли консультациялар олиб, бизнесни минимал солиқ юкламалари билан олиб бориш керак бўлади.

Албатта, банкни ҳам тўғри танлай билиш керак, чунки ҳар қандай бизнес кўплаб тўловлар ва бошқа молиявий транзакциялар билан боғланган. Масалан, айрим банклар кичик, ўрта ва йирик бизнес учун махсус пакетлар/имтиёзлар тақдим этиши мумкин. Банкларнинг таклифларини диққат билан таҳлил қилинг, уларнинг афзаллик тарафини таққосланг ва айнан бизнесингиз учун тўғри келадиган банкни танланг.

Шундай қилиб, ҳар бир компания ўз харажатларини оптималлаштириш учун захираларни излаб топиши, маҳсулот сифати устида ишлаши, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ва эгри харажатларни қисқартириши, назорат ҳамда бизнес жараёнларни яхшилаши мумкин.

Буларнинг барчаси бизнес рентабеллиги, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини оширади, компаниянгизга рақобат устунлигини ато этади ва барқарор ривожланиш учун замин яратади.

Хондамир Нусратхўжаев,
молиявий эксперт

Top