17:20 / 24.06.2024
18526

Армияга қўшилаётган украиналик маҳбуслар ва «жайра»га айланган рус танклари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 851-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • 24 июн куни Украина қуролли кучларининг аннексия қилинган Севастополга ракета зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. 150 дан ортиқ киши яраланган.
  • «Калибр» русумли икки ракета Киев области узра уриб туширилган, икки киши жароҳатланган.
  • Белгород областининг Грайворон шаҳрида камикадзе дрон зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган.
  • Россия Харкивга бошқарилувчи авиабомбалар билан ҳужум қилди, бир киши ҳалок бўлган, яраланганлар ҳам бор.

Севастопол бўйлаб ракета зарбаси

23 июн куни кундузи РФ мудофаа вазирлиги украин қўшини аннексия қилинган Севастополга «Американинг кассетали ўқ-дориларга эга ATACMS ракеталари» билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Ҳарбий идора тарқатган хабарда айтилишича, тўртта ракета уриб туширилган. Яна бир ракета «ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари таъсири оқибатида якуний босқичда парвоз траекториясидан четга оғиб кетган ва шаҳар устида портлаган». Ракета қолдиқлари шаҳарнинг турли қисмларига, жумладан пляжга ҳам тушган, дейилади аннексия қилинган шаҳар маъмурияти хабарида.

24 июн куни тонгидаги маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган, шундан икки нафари болалар, 153 киши жароҳатланган. Аннексия қилинган шаҳар маъмурияти раҳбари Михаил Развожаев ўзига РФ президенти Владимир Путин телефон қилгани, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга барча зарур ёрдамлар кўрсатилишини ваъда қилганини айтган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Путин Севастополга зарба ва Доғистондаги терактлар юзасидан чиқиш қилиши режалаштирилмаган.

Константин Михалчевский / Спутник / imago images / Scanpix / LETA

Харкив бўйлаб авиазарба

Россия қўшини 23 июн куни кундузи Харкив бўйлаб учта бошқарилувчи авиабомба ташлади. Регион раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, 12 киши жароҳатланган, шундан икки нафари вояга етмаган болалар, бир киши — 73 ёшли киши ҳалок бўлган.

Авиазарба Холодногорск районидаги турар жойни вайрон қилган
Anadolu / Getty Images
Харкив шаҳри мэри Игор Терехов хабар беришича, хусусий уйлардан бирида авиазарба оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланган
Anadolu / Getty Images

Уруш давридаги украин маҳбуслари

Май ойида Украина президенти Володимир Зеленский оғир бўлмаган жиноятларда айбланиб қамалганларни ҳарбий хизматга қабул қилишга рухсат берувчи фармонини имзолаганди. Украина ҳукумати маълум қилишича, бир неча минг маҳбус Украина қуролли кучлари сафига қўшилиш истагини билдирган, жазони ўтаётганлардан 2750 нафардан ортиғи эса аллақачон ҳарбий хизматга йўл олган.

Украина ҳукумати қамалганларни ҳарбий хизматга қабул қилиш Россияда тарқалган маҳбусларни ёллаш амалиётидан жиддий фарқ қилишини алоҳида қайд этган. «Бизда ярим ҳарбийлашган гуруҳлар эмас, бизда доимий қуролли кучлар. Бизда яхши ижтимоий ҳимоя тизими йўлга қўйилган, улар — улар Россиядаги каби ярим ҳарбийлашган тузилмалар вакиллари эмас, балки муносиб, классик аскарлар. Қолаверса, бизда кўнгилли схема, бизникиларни ҳеч ким мажбурламайди, Россияда эса мажбур қилишади. Маняклар, серияли қотиллар бунда иштирок этишга қабул қилинмайди, Россияда эса қабул қилинади. Бизникилар ватанпарварлик иштиёқига эга. Фарқ жуда улкан», — деган Украина адлия вазири Денис Малюска. 

DW нашри ёзишича, хизмат қилишга қарор қилганлар орасида харкивлик 36 ёшли бўёқчи Олександр Б. ҳам бор, у сафарбарликдан бош тортгани учун уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Унинг адвокатининг сўзларига кўра, Олександрга хизмат қилишга рухсат беришган, у ҳозирда машғулот марказида тайёргарликдан ўтмоқда.
Oksana Parafeniuk / The Washington Post / Getty Images
Ҳарбий хизматга кириши муносабати билан қамоқхонадан озод этилган ва аллақачон машғулот марказида тайёргарлик кўришни бошлаганлар орасида — 28 ёшли Дмитро ҳам бор. У ўғирлик учун 4,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва ҳарбий хизматга киришга қарор қилган вақтида унинг жазосининг ўталмаган қисми 3 йил-у 1 ойни ташкил этаётганди. Дмитронинг рафиқаси ва икки нафар ёш фарзанди 2022 йил июлида Харкивга россияликлар йўллаган навбатдаги авиазарба оқибатида ҳалок бўлишган.
Oksana Parafeniuk / The Washington Post / Getty Images
Оғир жиноятларда айбланиб қамалганлар, масалан, икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдирганлар, жинсий зўравонлик қилганлар, террорчилик йўналишидаги жиноятларни содир этганлар, Украина хавфсизлиги асосларига қарши жиноят қилганлар, жинсий эркинлик ва жинсий дахлсизликка қарши жиноят қодир этганлар, шунингдек ўта йирик коррупция жиноятларида айбланганлар ҳарбий хизматга қабул қилинмайди. 41 ёшли Сергей Ивашченко, ўзининг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари сафида хизмат қилишни истайди, аммо уни хизматга қабул қилишмаяпти — у интернетда вояга етмаганларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга оширгани учун жазо ўтамоқда
Oksana Parafeniuk / The Washington Post / Getty Images
Украина қуролли кучларига қабул қилиниши мумкин бўлган маҳбусларнинг барчаси ҳам бунга тайёр эмас. Хусусан, черкасслик 21 ёшли археолог талаба, гиёҳванд моддалар тарқатгани учун қамалган Игор Ц., DW журналисти билан суҳбатда унда «муайян хавотирлар» борлигини тан олган. «Қандай шароитлар борлиги ва кейин нима бўлишини яхшироқ билишни истардим. Кўрамиз, биринчи сафарбарлик тўлқини билан нима бўларкин, кейин эса шу тажриба асосида қарор қабул қиламан», — деган у. Игор колонияда мудофаа иншоотлари қуришда ишлатиладиган «аждаҳо тишлари» тайёрлайди ва 2025 йилдаёқ шартли равишда озодликка чиқишидан умид қилмоқда
Oksana Parafeniuk / The Washington Post / Getty Images

Россия танклари дронлардан ҳимояланиши

Россиялик ҳарбийлар ўз зирҳли техникаларни рақиб дронларидан ҳимоялашга уриниб, танклар устига қўлбола конструкциялар ўрнатмоқда. Дронлардан ҳимоя воситалари ўрнатилган Т-80 танкларини россиялик ҳарбийлар «шоҳ мангал» деб аташади, украиналиклар — «зирҳланган сарой». Дронлардан ҳимояловчи темир панжаралар Т-72 танклари устига ҳам ўрнатилмоқда, Россия нашрлари ва ҳарбий мухбирлар уни «жайра» деб аташади.

Россия дронлардан ҳимояланган Т-72 танки Херсон областида
Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia
Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia
Бу Т-72 «Днепр» қўшинлар гуруҳига мансуб
Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia
Россиялик ҳарбийлар дронлардан қўлбола ҳимояни Т-62 танкларига ҳам ўрнатмоқда. Шундай танклардан бири — бортида «Худо биз билан» ёзуви бори — Украина қуролли кучлари томонидан Донецк областида ўлжа қилиб олинган
Alina Smutko / Reuters / Scanpix / LETA
Россиянинг дронлардан ҳимояга эга Т-80 танки Харкив области Купянск шаҳри атрофидаги фронт чизиғи яқинида
Александр Река / ТАСС / Profimedia
Харкив областида РФ қўшини танклардан Вовчанскни штурм қилишда фойдаланмоқда. Аммо, украиналик ҳарбийлар айтганидек, бу шаҳар учун жангларда зирҳли техникаларни қўллаш деярли фойдасиз — уни тезда дронлар йўқ қилади
Александр Река / ТАСС / Profimedia
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top