10:51 / 21.08.2020
3841

Тиббиёт профессори: никотин ва тамаки ёш авлод учун бир хил даражада зарарли

Никотинли воситаларнинг бир туридан иккинчисига ўтиш —  чекувчи учун хаёлий баҳона ва ўзини тинчлантириш. Азалдан исботланган салбий таъсир ўз-ўзидан йўқолмайди.

Тошкент Тиббиёт академиясининг кафедра мудири, Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наргиза Нуриллаева ушбу ҳалокатга олиб келувчи зарарли одатнинг ёш авлод саломатлигига таъсири ҳақида гапирди.

У жуда кўп асоратларни билган ҳолда уларни истеъмол қилиш учун қандай зарурият бор, дея савол беради. Ёшлар ўзларининг соғлиғи учун ҳам жавобгарликларини тушунишлари керак.

«Чекишни ташлаш жараёнида одамлар кўпинча „биз буни аста-секинлик билан амалга оширамизми ёки битта воситадан бошқасига ўтамизми“ деб сўрашади. Биз ҳар доим айтамизки, чекишни ташлаш босқичма-босқич жараён эмас, бу бутунлай воз кечишни англатади», дейди Наргиза Нуриллаева.

Никотин юрак уриши тезлигини оширади, бронхни кенгайтиради ва мушакларнинг кучсизланишига олиб келади. Шу билан бирга, юрак уриш пульси тезлашади, қон томирлари торайиб, қон босими кўтарилади.

«Июль ойида Россия никотин аралашмалари, снюс ва носвой сотишни тақиқлади. Бундай тақиқларнинг асосини никотинли паучлар ва снюс таъсирини Европада, Америкада ва нафақат МДҲда олиб борилган турли эпидемиологик тадқиқотлар ташкил этади», дея изоҳ берди профессор.

Саратон касаллигини ўрганиш бўйича халқаро агентлик мутахассислари тутунсиз тамаки ва никотин аралашмалари одамларга канцероген таъсир қилади деган хулосага келишди. Тадқиқотнинг бошланғич нуқтаси оғиз бўшлиғидир. Никотин аралашмалари муқаррар равишда унинг шиллиқ қаватига таъсир қилади ва бу таъсирнинг даражаси дозага боғлиқ. Америка Қўшма Штатларида оғиз саратони фақат тутунсиз тамаки истеъмол қилган ва спиртли ичимликларни истеъмол қилмаган беморларда ҳам аниқланди. Ҳиндистон, Покистон ва Судандаги тадқиқотлар, шунингдек, оғиз саратони хавфининг сезиларли даражада ошишини тутунсиз тамаки ва никотин билан боғлади. Улар ва ошқозон ости бези саратони ўртасидаги боғлиқлик исботланган. Баъзи маълумотларга кўра, никотинли снюсни чайнаш сигарет чекишнинг ибтидоси бўлиб, ёшларни никотинга мойил қилади.

Аралашманинг яна бир тури - носвой, у тамаки ва оҳакдан иборат. Уни истеъмол қилинганда оғизнинг шиллиқ қаватини қиздиради, бошда оғриқ пайдо бўлади, кейинроқ - бутун вужудда бефарқлик, кўп тупук ажралиш, бош айланиши, ҳолсизлик кузатилади.

Носвой чекувчилар ақлий ривожланишида тўхталишларга дуч келади ва хотира билан боғлиқ муаммолари борлигини яширишмайди. Кўп ўтмай, уларнинг шахсияти ўзгаради: руҳият бузилади, давом этаётган гангираш ҳолати уларни асабийлаштиради. Носвой ичидаги тамаки никотинга қарамликни ривожлантиради, оҳак эса тишлар, буйрак ва ошқозонни жиддий шикастлайди. Шунингдек, у чанг ва оҳак томчиларини ютадиган «ишлаб чиқарувчилар» соғлиғига жиддий зарар етказади. Бу нафас йўлларининг шиллиқ қаватини зарарлайди, кучли жиғилдон қайнаши ва сурункали астма билан таҳдид қилади. Терига тушган оҳак бирикмалари намликни ютади, кейин ёрилиб, майда яралар билан қопланади. Миллий соғлиқни сақлаш институти оҳак жуда заҳарли эканлигини ва турлича таъсир қилиш орқали соғлиқ учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Top