14:17 / 04.01.2024
11815

Эрон Кирмондаги портлашда Исроил ва АҚШни айблади

«Терроризм - Қўшма Штатлар ва Исроил учун шунчаки восита», деди Эрон президентининг маслаҳатчиси. Кирмондаги портлашлар оқибатида юзга яқин киши ҳалок бўлди.

Фото: Tasnim News Agency/AP/picture alliance

Эрон президентининг маслаҳатчиси Муҳаммад Жамшидий Кирмон шаҳрида юзга яқин киши ҳалок бўлган ва икки юздан ортиқ одам жароҳат олган портлашларда Исроил ва АҚШни айблади. «Вашингтон Кирмондаги терактда АҚШ ва Исроил ҳеч қандай рол ўйнамаганини айтди. Наҳотки? Бу жиноят учун жавобгарлик АҚШ ва сионистик режим зиммасига юкланади, терроризм улар учун фақат воситадир», деб ёзди у 3 январ, чоршанба куни кечқурун X платформасидаги микроблогида.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кирмондаги қурбонлар сони тўғрисидаги маълумотни бироз ўзгартирди. Охирги маълумотларга кўра, 84 киши ҳалок бўлган, 284 киши яраланган. Аввалроқ ИРНА ахборот агентлиги 103 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзгаришни баъзи қурбонлар дастлаб икки марта нотўғри ҳисоблангани билан изоҳлади. 

Кирмондаги портлашлар 

Ҳужум Кирмон шаҳридаги масжид яқинида содир бўлди, унга ёндош ҳудудда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) собиқ қўмондони, 2020 йилда АҚШ зарбаси натижасида ўлдирилган генерал Қосим Сулаймоний дафн этилган. Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллиги муносабати билан кўплаб одамлар тўпланган масжид яқинида 15 дақиқалик фарқ билан иккита портлаш содир бўлди. 

Теҳрон раҳбарияти воқеани теракт деб атади. Германия ҳукумати ва Европа ташқи алоқалар хизмати ҳам Кирмондаги ҳужумни қоралаб, уни теракт дея баҳолади. Ҳозирча ҳеч ким портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. АҚШ портлашларга Вашингтон ёки Исроилнинг алоқадор бўлиши мумкинлигига ҳеч қандай асос йўқлигини билдирди. The Wall Street Journal манбаларга таяниб хабар беришича, Исроил ўз иттифоқчиларига разведка хизматлари портлашларга алоқаси йўқлигини таъкидлаган. 

Кирмондаги портлашлар Эронда Ислом Республикаси мавжуд бўлган 45 йилликдаги энг қонли ҳужум бўлди. 

Top