13:32 / 31.05.2024
3329

Эронда президентлик сайловлари учун номзодлар рўйхатга олинмоқда

28 июн куни Эронда Иброҳим Раисий авиаҳалокатда вафот этгани муносабати билан навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Номзодларни рўйхатга олиш 5 кун давом этади.

Фото: Morteza Nikoubazl/NurPhoto/picture alliance

Эронда 30 май, пайшанба куни президентликка номзодларни расмий рўйхатга олиш бошланди. Ислом Республикаси президенти лавозимида ишлаган Иброҳим Раисий авиаҳалокатда вафот этгани муносабати билан муддатидан олдин сайловлар 28 июн куни бўлиб ўтади. Рўйхатдан ўтиш учун номзодлар кейинги беш кун ичида Эрон Ички ишлар вазирлигига шахсан келиши керак.

Номзодлар рўйхатга олингандан сўнг, 12 аъзодан иборат Конституция муҳофизлари кенгаши президентликка номзодлар мафкуравий жиҳатдан мос келадими ёки йўқми, шу масалани ҳал қилади, дея таъкидлайди dpa агентлиги. Тасдиқланган номзодларнинг якуний рўйхати Кенгаш томонидан 11 июн куни эълон қилинади. Шундан сўнг сиёсатчиларга сайловолди ташвиқоти учун икки ҳафта вақт берилади. Агар сайловнинг биринчи босқичида номзодларнинг ҳеч бири мутлақ кўпчилик овозни ололмаса, 5 июл куни бўлажак президентни аниқлайдиган иккинчи тур ўтказилади.

Президент Эронда иккинчи энг нуфузли расмий шахс бўлиб, у вакиллик функцияларини бажаради ва мамлакат ижроия ҳокимиятини бошқаради. Президент 4 йил муддатга сайланади ва бу лавозимни кетма-кет икки муддатдан кўп эгаллаши мумкин эмас. 

Эрон президенти вертолёт ҳалокатида вафот этди

20 май куни президент Иброҳим Раисй, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, шунингдек, Табриз масжиди имоми Сайид Муҳаммад Али ал-Ҳошим ва Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматий 19 май куни Эрон шимоли-ғарбида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлгани маълум бўлди. Эрон делегацияси Озарбойжондан қайтаётган эди. 

Top