Фан-техника | 11:49 / 29.07.2016
36927
4 дақиқада ўқилади

Хитойлик “муҳандис”ларнинг қўлбола ихтиролари

Сув юзасида сузадиган велосипед, скутерли жомадон, мусиқа чалувчи тароқ — буларнинг бари хитойлик ихтирочилар ишлаб чиққан буюмлар бўлиб, бу каби ғаройиб ишланмалар хитойликларнинг кундалик турмуш тарзига айланиб улгурган. Ушбу ёрқин, инновацион ва бир қарашда ғалати кўринган ихтиролар  — қизиқувчан “муҳандис”лар томонидан яратилган ва бошқаларнинг ҳам эътиборини қозониб улгурган. 

Жомадонли скутер. Ихтирочи Он Лян ўзиюрар жомадонни такомиллаштиришга 10 йил вақтини кетказиб, уни соатига 20 километргача масофани босиб ўтадиган ҳолатга келтирди. Скутер бир марта қувват олгач 50 кмгача масофани босиб ўта олади. 

Уйда ишлаб чиқарилган одамсимон робот. Мустақил ихтирочи Тао Хиангли масофадан бошқарилувчи гуманоид-роботни металлолом бўлаклари ва эски компьютерларнинг симлари ва эҳтиёт қисмларидан ишлаб чиқди. Хиангли роботни эшикдан олиб чиқиш учун жуда катталигини тушунгач, ўзи билан олиб қолишга қарор қилди.

Трактор-мотоцикл. Муҳандис ушбу ваҳимали қурилмани ясаш учун 1300 доллар маблағ сарфлаб, эски трактор ва автомобиллар чиқиндихонасидан келтирилган эҳтиёт қисмлардан фойдаланган. 

Қўлбола сувости кемаси. Хитойлик фермер кемани ясаш учун 5 ойлик умрини кетказди. У, яқинда Хубэй вилоятида муваффақиятли синовдан ўтди.

Моторлаштирилган супурги. Ушбу бирмунча такомиллаштирилган тракторга 12та супурги ўрнатилган бўлиб, Хэйлунцзян вилояти кўчаларини тоза сақлашда ёрдам беради.

Сувда сузувчи велосипед. Пластик қувур ёрдамида сув юзасида тура оладиган ва уланувчи винт кўмагида ҳаракатланадиган сузувчи велосипедни ихтирочи Лю Ваньонг ишлаб чиқди.

Шахсий танк. Фермер ва Хитой ҳарбий денгиз кучларининг собиқ аскари танкнинг қўлбола нусхасини ясашга 6450 доллар пул сарфлади. 

Ёғочдан ясалган электромобиль. Хитойлик яна бир устоз кўрмаган ихтирочи Лю Фулонг мазкур электромобилни ёғоч ва тахтадан ясади. Машина соатига 30 км тезликда ҳаракатлана олади. Бу эса, уй шароитида ясалган техника учун жуда  яхши натижа ҳисобланади. 

Денгиз бодрингларини овлаш учун сувости кемаси. Суратда Чжан Уи ўзи ишлаб чиққан сувости кемасининг сўрувчи қувурлари ёнида. Уи техника ёрдамида денгиз бодрингларини овлаб, Хубэй вилояти Ухань шаҳри бозорида сотади. 

Қутқарув шари. Ихтирочи Ян Зенг Фу ўзи ишлаб чиққан буюмнинг синов жараёнида қатнашмоқда. Олти тонналик шарнинг асосий мақсади ўз ичидаги одамларни ҳар қандай ташқи таъсирдан асраш ҳисобланади. Лойиҳага ҳам «Нуҳ кемаси» номи берилган.

Автоуницикл. Бу ҳаракатланиш воситаси хитойлик ихтирочи Ли Йонгли ишланмасидир. У, ўз ихтироси билан келажагини режалаштирмоқда ва маҳсулотни бутун дунёга етказиб бериш ҳақида ўйлаяпти. 

Самолёт-мотоцикл. Чжан Хуэлин ўзининг қўлбола самолётини мопед негизида ишлаб чиқди. Унинг биринчи синови омадсизликка учраган бўлсада, ихтирочи тушкунликка тушганича йўқ. 

Шахсий вертолёт. Ляонин вилоятида яшовчи 55 ёшли темирчи мотоцикл двигатели ва шишапластик панеллар асосида шахсий вертолётини ишлаб чиқди. Ихтирочининг таъкидлашича, вертолёт бемалол уча оолади. Албатта ҳозирча уни холис кишилар тасдиқлай олмайди. 

Металлолом парчаларидан протез. Хитойлик фермер динамит ёрдамида балиқ овлаш чоғида эҳтиётсизлик туфайли икки қўлидан айрилди. У, жиянлари ёрдамида металл, пластмасса ва резина парчаларидан ўзига “қўл” ясаб олди. Албатта, бунинг учун фермер икки йил вақтини сарфлади. 

Мусиқа чалувчи тароқ. Ҳа, буниси бошқаларига қараганда ҳам ажиброқ. Ўзининг турли хил самарали ихтиролари билан танилган Хана Юдзи ишлаб чиққан тароқда мусиқа чалиш мумкин.