04:39 / 23.03.2024
47529

Москвадаги теракт: воқеалар хронологияси

22 март куни террорчилар Москва областида жойлашган «Crocus City Hall» мажмуасининг концерт залига ҳужум қилишди. Улар Москва вақти билан соат 20:00 лар атрофида «Пикник» гуруҳининг концертига йиғилган 6 мингдан зиёд томошабин бўлган залга бостириб кириб, ўқотар қуролдан томошабинларга қарата ўт оча бошлашган.

Фото: Сергей Ведяшкин / «Москва» агентлиги

Россиянинг энг йирик савдо ва кўнгилочар марказида рўй берган даҳшатли террорчилик акти хронологияси ва энг асосий хабарлар билан яна бир бор таништириб ўтамиз.

  • Энг камида 5 нафар террорчи бинога икки томондан — автотураргоҳ ва бош кириш эшигидан бостириб киришган. Улар аниқлаштириб ўтирмасдан, «Пикник» гуруҳининг концертига келган томошабинларга қарата ўт очишган.

  • Ўнлаб нуқталарда ўт очилган. Воқеа гувоҳлари камида иккита портлаш овозини эшитишган. Уларнинг сўнггиси Москва вақти билан соат 21:30 атрофида рўй берган.

  • Ҳужум қилган террорчилар нафақат концерт залида, шунингдек фойеда ҳамда унга кириш жойида ҳам ўт очишган. Ҳужум қилганларнинг икки нафарида рюкзак бўлган. Уларда портловчи моддалар бўлгани тахмин қилинмоқда.

  • Дастлабки ҳисобларга кўра, 62 киши ҳалок бўлган. Москва области соғлиқни сақлаш вазирлиги теракт давомида турли даражада тан жароҳати олган 146 нафар жабрланувчининг рўйхатини эълон қилди. Улардан 115 нафари касалхоналарга жойлаштирилган. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалар. 60 нафар ёши катта жабрланувчилар ва бир нафар ёш боланинг аҳволи оғир. Яна тўққиз кишининг аҳволи ўта критик экани маълум қилинди.

  • Одамларнинг катта қисми концерт залини ўзлари қочиб чиқиб тарк этишга муваффақ бўлишган. Улар бинодан чиқиш учун унинг ойнаванд фасади деразаларини ҳам синдиришган. Москва области Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, одамлар бинонинг ертўла қисмидан чиқариб олинган, шунингдек, унинг томидан кранлар ёрдамида туширилган.

  • Жангарилар концерт залига ўт қўйишган. Ёнғин тезда бино бўйлаб тарқала бошлаган. Олов қарийб 13 минг метр квадрат майдонни қоплаб олган. Бинонинг ойнаванд фасади ва томи қулаб тушган. Ёнғинни ўчиришга вертолётлар ҳам жалб қилинган. 5 соатлик уринишлардан сўнг олов қуршаб олинган.

  • «Crocus City Hall»нинг ҳожатхонасида 10 дан зиёд инсоннинг жасади топилган. Отишма чоғида томошабинларнинг бир қисми ҳожатхонага яширинганди. Улар 112 рақамига қўнғироқ қилиб, қутқаришларини сўрашган. Ҳожатхонага ёнғин тутуни кириб, улар нафас олишга қийналиб вафот этишган.

  • Воқеа жойида 50 дан зиёд тиббий тез ёрдам бригадаси ишлаган. 23 март соат 8:30 дан бошлаб жабрланувчилар учун қон ва унинг таркибий қисмлари қабул қилина бошлаши эълон қилинган.

    Фото: Ведомости

Теракт туфайли Москва шаҳар транспорт тизими ва аэропортларида хавфсизлик кучайтирилган. Россия бўйлаб оммавий тадбирлар бекор қилинган.

  • Россия Миллий гвардияси террорчиларни қидириш давом этаётганини билдирди. Террорчилар воқеа жойини оқ тусли «Renault Symbol» седанида тарк этгани гумон қилинмоқда.

  • Москвада «Yandex.Taxi» йўловчиларга «Crocus City Hall» жойлашган ҳудуддаги барча ташувларни текин қилди. Ҳайдовчиларга йўлкира ҳақи тўлиқ компания ҳисобидан тўлаб берилиши, ҳудуддан чиқиб кетиш учун аввал тўланган пуллар ҳам икки кун ичида йўловчиларга тўлиқ қайтариб берилиши эълон қилинди.

  • Москва шаҳри мэри Сергей Собяниннинг қарорига кўра, дам олиш кунлари Москва шаҳрида режалаштирилган барча спорт, маданият ва бошқа оммавий тадбирлар бекор қилинди. Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам шанба ва якшанба кунларига мўлжалланган оммавий тадбирлар ҳам бирин-кетин бекор қилинмоқда.

  • Россия фан ва олий таълим вазирлиги яқин кунлар учун олийгоҳлардаги барча таълим жараёни бекор қилинишини тавсия қилди.

  • Россия рестораторлари ва отелйерлари федерацияси президенти Игор Бухаров умумий овқатланиш жойларида хавфсизлик чоралари кучайтирилишини таъкидлади.

    Фото: Ведомости

Халқаро ҳамжамият «Crocus City Hall»даги терактни кескин қораламоқда. Ҳозирча бирор ташкилот теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Терактни ИШИД уюштирган дейилган хабарлар кейинчалик расмийлар томонидан рад этилган. CNN ва Reuters каби обрўли нашрлар эса ИШИДга алоқадор Amaq агентлигига таяниб, Москвадаги теракт учун айнан ИШИД масъулиятни гарданига олганини ёзди.

  • Кўплаб давлатлар «Crocus City Hall»даги терактни қоралаб, қурбонлар учун ҳамдардлик билдирди. Улар орасида АҚШ, Германия, Австрия, Буюк Британия, Франция, Италия, Полша, Греция, Туркия, Беларус, Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Эрон, Саудия Арабистони, Қатар, Миср, Куба, Фаластин, Венесуэла ва Арманистон каби давлатлар бор.

  • Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фожиа оқибатида ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга таъзия йўллади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги содир этилган терактни кескин қоралади.

  • Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Москва вилоятидаги «Crocus City Hall» концерт залида рўй берган портлаш ва отишмада жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилди.

Мавзу
Москвадаги теракт
Россиянинг Москва вилояти, Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида отишма юз берди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, номаълум шахслар автомат милтиқдан одамларга қарата ўқ узган.
Барчаси
Top