РФ президенти Владимир Путиннинг атрофидаги одамлар ҳисоблашича, Украинанинг «Крокус Сити Ҳолл» концерт залидаги терактга алоқадорлиги борасида ҳеч қандай далил йўқ. Бу ҳақда Bloomberg Кремлга алоқадор бўлган тўрт манбасига асосланиб хабар берган.

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Путин амалдорлар террорчиларнинг Украина билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ деган хулосага келган йиғилишида қатнашган. Аммо РФ президенти ҳамон «фожиадан россияликларни Украина билан уруш масаласида бирлаштиришда фойдаланиш ниятида», дея ёзади Bloomberg.

Агентлик манбалари тасдиқлашича, Кремлдаги расмийлар Россия махсус хизматлари 143 киши ўлими ва 300 дан ортиқ киши жароҳатланишига олиб келган терактнинг олдини ола олмаганидан «шок ҳолатига тушган».

Журналистларнинг суҳбатдошлари Россия сиёсий ва ишбилармонлар элитасида деярли ҳеч ким ҳужум ортида Украина турганига ишонмаслигини айтишган.

«Крокус»даги теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг «Хуросон вилояти» бўлими ўз зиммасига олган. Террорчилар баёноти ҳақиқийлигини америкалик расмийлар ОАВга тасдиқлаган.

Аммо Владимир Путин икки марта терактни Украина билан боғлашга ҳаракат қилди. У «Крокус»га 22 март куни кечқурун қилинган ҳужумдан қарийб 20 соат вақт ўтганидан кейин берган илк баёнотида теракт ижрочилари Украинага кетиш йўлида қўлга олингани, Украина томони гўёки чегарада улар ўтиши учун «дарча» тайёрлагани ҳақида айтганди.

Кейин эса «террорчилар жиноят содир этганидан кейин нима учун айнан ўзларини кутиб туришган Украинага йўл олишгани» ҳақидаги саволга жавоб топиш лозимлигини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, теракт «радикал исломчилар қўли билан содир этилгани»га қарамай, АҚШ бошқа мамлакатларни «Москва терактида Киев изи йўқлигига, қонли теракт ислом динига эътиқод қилувчилар томонидан содир этилганига ишонтирмоқчи».

26 март куни РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва ФХХ директори Александр Бортников ҳам «Крокус»даги терактга Украина алоқадорлиги ҳақида гапирди