20:44 / 07.02.2020
7
16838

Навоий шаҳри марказидаги 7 қаватли элит уйнинг бирорта ҳам лифти ишламайди

Навоий шаҳрининг Маҳмуд Торобий кўчаси 117-«А» уйда яшовчилар «не-не умидлар билан Навоийдаги ягона «элитний» кўпқаватли бинодан уй сотиб олгани-ю, бирорта ҳам лифти ишламаслиги» юзасидан мурожаат қилишди.

Таажжубланарли ҳолат: Қандай қилиб янги уйларда барча лифт ишламаслиги мумкин? Қурувчининг ўзи билан учрашолмадик, бу саволга аҳоли вакиллари жавоб беришди. Маълум қилинишича, янги уйга 1970-йиллардан қолган яроқсиз лифтлар ўрнатилган экан.

Шу уйда яшовчи С.Аслоновнинг маълум қилишича, хонадон соҳиблари уй фойдаланишга топширилган вақт — 2016 йилдан бери соҳага алоқаси бор барча идораларга мурожаат қилиб кўрган. Энг сўнгги мурожаатга жавобан Навоий вилоят монополияга қарши курашиш бошқармаси ходимлари аҳволни ўрганиб, лифтлар аввал бошдан эски ва яроқсиз бўлганини маълум қилган. Мурожаатчилар қурувчилар қаерлардадир вазифасини бажариб бўлган лифтларни янги уйга кўчириб келишганини айтишмоқда.

Салкам тўрт йил давомида айниқса 6-7 қаватларга чиқиб тушиш осон эмас, албатта. Шу сабабдан аҳоли вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва бошқа органларга мурожаат қилиб келган. Уларнинг деярли барчасига бир хил мазмунда, «Ўрганиб чиқилди, ҳақиқатан ҳам лифтлар ишламайди...» қабилида жавоб қайтаверган.

Бу каби масалалар билан шуғулланиши лозим бўлган Навоий вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳам худди шу мазмунида жавоб берган.

Хонадон соҳиблари муаммони ўзлари ҳал қилишга ҳам уриниб кўрган, юқори қаватларда яшовчиларнинг айтишича, улар ўзлари бир неча марта мутахассислар олиб келиб ҳолатни кўрсатишган. Мутахассислар эса лифтнинг яроқсизлиги етмаганидек, унинг шахтаси ҳам нотўғри қурилгани, янги лифт олиб келиб ўрнатган тақдирда ҳам ишлатиб бўлмаслигини айтишган. Бу ҳар ҳолда яшовчиларнинг фикри. Агар рост бўлса, Навоий марказидаги «янги ва шинам» кўп қаватли уйда ҳеч қачон лифт ишламайди. Бу ҳолатни шунча ташкилот, ҳатто прокуратура ҳам ўрганган, аммо ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Аҳолининг сабрига ҳам қойил қолиш керак. Агар соҳага жавобгар юқори лавозимдагилардан бирор киши икки марта 7-қаватга пиёда чиқиб тушса «додлаб» юбориши аниқ. Бу уйдаги 150та хонадоннинг додини эса 2016 йилдан бери биров эшитмайди, эшитса-да...

Аслида бу уйда яна қатор муаммолар бор: Уйнинг том қисмидан ёғингарчилик кунлари сув ўтади. Аммо бу уйга хизмат кўрсатадиган ширкат уни бартараф этолмайди. Чунки уйнинг чордоқ қисми ҳам квартира сифатида сотиб юборилган. Бунинг ҳам ечими осон эмас. Аллақачон йўлаклар ҳам таъмирталаб бўлиб қолган.

Хуллас, муаммо кўп. Уй-жой мулкдорлари ширкати эса, том қисми ва лифт қурилмалари сифатсиз, нотўғри ўрнатилгани сабабли ҳали ҳам ўз балансига қабул қилмаган.

Қурувчи «Навоий олтин воҳа» МЧЖ нима сабабдан янги уйларга эски лифтларни ўрнатган? Қайси асосга кўра, чордоқ қисмини ҳам квартира шаклида сотиб юборган. Энди ширкат қандай қилиб хизмат кўрсатади? Бу саволларга нафақат қурилиш корхонасидан, балки аҳолининг ўнлаб мурожаатларини битта жавоб хати билан «ёпиб юборган» мутасадди ташкилотлардан ҳам жавоб кутамиз албатта.

Ўрганиш якунига етиб, энди қайтар чоғимиз, шу уйдаги хонадонларга кириб юрган ҳамшира опа бизни тўхтатди:

«Шу «подъезд»да юқори қаватдаги икки ёш гўдак беморим бор. Уларга дори, укол эмас, тоза ҳаво, ҳар куни икки маҳал пиёда сайр керак. Ёш она эса уларнинг аравачасини 7-қаватдан кўтариб тушолмайди. Қандай қилсин улар лифтсиз? Умуман зўриқиш мумкин бўлмаган касалликлар бор. Агар бирор кишининг жиддийроқ тоби қочиб қолса нима бўлади? Қачонгача кимнингдир, узрку-я, зиналарда ўлиб кетишини кутиш керак?», — дейди ҳамшира.

Ушбу мақола мақола тайёрлаш жараёнида қурилиш корхонаси – «Навоий олтин воҳа» МЧЖ вакили О.Ғайбуллаев муаммо бўйича изоҳ берди.

«Лифтлар ўрнатиш масаласида корхона Самарқанддаги фирма билан шартнома қилганмиз, улар ўрнатган. Аҳолининг лифтларни 1972 йилда ишлаб чиқарган деганига қўшилмайман, 2011 йил ишлаб чиқарилган. Мазкур лифтлар, ўрнатилган вақтдан бери уч йил ишлади. Охирги бир йилда сертификати бўлмагани учун тўхтатилган. Ҳозир ҳам ишчи ҳолатда турибди. Фақат сертификати бўлмагани учун «Саноатгеоконтехназор» ишлатишга рухсат бермаяпти. Уйнинг чордоқ қисми уй қилиб сотилган, аммо сув ўтиб таъмирталаб бўлиб қолган жойларни ўзимиз таъмирлаб берганмиз. Уй 2012 йил топширилган. Таъмирталаб жойлар шунча вақтда бўлиши мумкин, яшовчилар қоида бўйича ўзлари қилиши керак. Уйни ҳокимлик ва бошқа тегишли ташкилотлар расман қабул қилиб олган. Ҳозирда тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда ва йилнинг биринчи чорагида сертификат олиб лифтларни ишлатамиз», — деди у.

Корхона вакилининг изоҳи мана шу – лифтлар ишчи ҳолатда ва фақат сертификат керак. Аҳоли эса лифтларни яроқсиз деяпти. Ҳокимлик ва тегишли идоралар ҳам лифт ва уйнинг том қисми сифатсиз ўрнатилган, демоқда. Хуллас, маълумотлар бир-бирига тўғри келмайди.

Ким ҳақ, ким ноҳақ? Буни аниқлайдиган идоралар бор. Бизга энг муҳими – 150та хонадоннинг муаммосига ечим топилиши. Кутамиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Ғайрат ЙЎЛДОШ (фото)

Kun.uz мухбирлари.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top