11:13 / 10.11.2015
3653

“Ўзбекэнерго”: IХ Халқаро саноат ярмаркасида 523,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди

2015 йилнинг 26 октябридан 5 ноябригача «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма марказида ўтказилган IХ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржаси доирасида корхона вакиллари ва ҳамкорлар ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар натижасида 2016 йилда Ўзбекистон энергетика тизими эҳтиёжлари учун юртимизда ишлаб чиқарилаётган ускуналар, бутловчи материаллар ҳамда корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш йўналишида тайёрланган хомашё ва материаллар ҳамда моддий–техник ресурсларни етказиб бериш бўйича 523,5 млрд сўмдан зиёд 1030 та шартнома имзоланди.

“Ўзбекенерго” акциядорлик компанияси маҳсулотларини соҳанинг қуйидаги акциядорлик жамиятлари: “Электрқишлоққурилиш”, “Электртармоққурилиш”, “Ўзбеккўмир”, “Савдоэнерго” ҳамда “Электроизолит”, “Нанотеч индустриэс”, “Эгл-нур”, “Электрон ҳисоблагич”, “Қуёш иссиқлик энергияси”, “Электр қувват қурилмалари” ва “Арматура-изолятор заводи” МЧЖ ҚК ўз стендлари орқали намойиш этдилар. Бу ерда замонавий электр техникаси жиҳозлари – иссиқлик изоляция материаллари, изолятор ва барча турдаги линияни боғловчи арматуралар, ўлчов трансформаторлари, электрон электр ҳисоблагичлар, ички ва ташқи ёритиш учун энергия самарадорлиги юқори бўлган светодиодли ёритиш ускуналари (лампалар), қуёш сув иситгичлари ва бошқалар намойиш қилинди.

Шунингдек, ярмаркада “Ўзбекенерго” АЖ таркибига кирувчи корхоналар электр энергетикаси соҳасида қурилиш-монтаж, ишга тушириш–созлаш ишлари, энергетик ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш каби бир қатор хизматларни таклиф этди.

Top