17:48 / 08.05.2016
13864

Самарқанд вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 5 мартдаги қарорига мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилмоқда.

Вилоятдаги 1245 фуқаролар йиғинида ушбу муҳим жараёнга пухта ҳозирлик кўрилди. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари, ишчи гуруҳлар томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Маҳаллада яшовчи фаол ва ташаббускор кишилар орасидан фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатилди. Ҳар бир кўча, қишлоқдан вакиллар йиғилишида иштирок этувчилар рўйхати шакллантирилди.

Жомбой туманидаги "Саричашма" маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлашга бағишланган вакиллар йиғилишида 41 сайловчи иштирок этди. Фуқаролар йиғини раислигига кўрсатилган икки номзодга амалдаги тартиб асосида сўз берилди.

Номзодлар ўз дастур ва мақсадлари билан сайловчиларни таништирди, ободонлаштириш, ҳудудда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритди. Саволларга жавоб қайтарди.

Ёпиқ овоз бериш йўли билан ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Улуғбек Нодиров "Саричашма" маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчилари лавозимларига кўрсатилган 16 номзод орасидан 8 нафари очиқ овоз бериш шаклида маслаҳатчиликка сайланди.

– Маҳалла фуқаролар йиғинида масъул котиб вазифасида 20 йилга яқин фаолият юритдим, – дейди "Саричашма" маҳалла фуқаролар йиғини раиси У.Нодиров. – Маҳалла ҳаёти ва аҳолининг турмуш тарзи билан танишман. Маҳалладошларим мени раисликка муносиб кўрган экан, иш фаолиятимда уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

Вилоятдаги фуқаролар йиғинларида сайлов давом этмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири

Top